Ish vaqti
Иш вақти — ходимнинг ижтимоий ташкил этилган меҳнатда иштироки давомийлиги меъёри; ходим бевосита ўз меҳнат вазифаларини бажариши учун лозим бўлган, қонун билан ёки қонун асосида белгиланган вақт.
Табелда белгиланган, яъни иш вақтида иш жойида бўлганликни ҳисобга олиш ҳужжатида қайд қилинган реал вақт иш вақти ҳисобланади. Иш вақти ишлаб чиқариш учун кетган меҳнат сарфи ва меҳнат ҳаражатлари ҳажмини ифодалайди, яъни меҳнатнинг ўлчови ҳисобланади. Иш вақтини ўлчашнинг асосий бирликлари киши-кун, киши-соат, киши-минут (хронометраж, иш вақти фотографияси ва лаҳзавий кузатишлар ўтказиш), киши-ой, киши-чорак, киши-йил кабилардан иборат. Табел ҳисоби киши-кунда ҳисобланадиган иш вақти ҳақидаги маълумотларнинг асосий манбадир.
Ходимлар учун иш вақтининг меъёри муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлмаслиги, 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати — 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида — 8 соатдан ортиб кетмаслиги шарт. Айрим тоифадаги ходимлар учун улар ёши, соғлиғи, меҳнат шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва ўзга ҳолатларни инобатга олиб, меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга, шунингдек, меҳнат шартномаси шартларига биноан меҳнат ҳақини камайтирмасдан, иш вақтининг қисқартирилган муддатлари белгиланади. Мазкур ишларнинг рўйхати ва иш вақтининг аниқ муддати Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан белгиланади. Байрам кунлари арафасида кундалик иш (смена) муддати барча ходимлар учун камида 1 соатга қисқартирилади. Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан, ишга қабул қилиш чоғида ва кейинчалик ҳам тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилаб қўйилиши мумкин. Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътили муддатини, меҳнат стажини ҳисоблаш ва бошқа меҳнатга оид ҳуқуқларни бирон-бир тарзда чеклашга асос бўла олмайди, бунда ишланган вақтга ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.
Корхона ва муассасаларда меҳнат режимларини рационал ўрнатиш, иш графикларини, иш куни давомида ишлаш ва дам олиш режимларини тузиш, асбоб-ускуналар ва ишчиларнинг бекор туриш вақтини ҳамда иш вақтини унумсиз сарфлашини тугатиш тадбирлари ишлаб чиқилади. Меҳнат режими иш бошланиши ва тугаши, овқатланиш учун танаффус вақти ҳамда корхона ходимларининг ўз вазифаларини бажараётган вақтдаги ахлоқ қоидаларини, ҳуқуқ ва бурчларини аниқлашни кўзда тутади. Иш ва дам олиш кунларининг алмашинувини, сменаларнинг давом этиш вақтини, ишчиларини бир сменадан иккинчисига ўтиш тартибларини белгилаш учун иш графиклари тузилади.
Халқаро меҳнат статистикаси 8-конференсияси (1962-йил) ҳужжатларида иш вақтини меъёрдаги иш вақти (қонун ҳамда қоидалар билан ёки уларга мувофиқ, шунингдек, жамоа шартномалари ва арбитраж қарорлари билан белгиланган вақт), ҳақиқий иш вақти (жумладан, меъёрдаги вақт оралиғида ҳақиқий ишланган соатлар, иш ўрнида ишга тайёрланиш учун кетадиган вақт, иш жойида ишсиз ўтказиладиган, аммо меҳнат шартномасида ҳақ тўлаш кафолатлаб қўйилган вақт, иш ўрнида одам олишга сарф бўладиган қисқа вақтлар) ва ҳақ тўланадиган иш вақтига ажратиш тавсия этилади.[1]
Манбалар
Иш вақтининг ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати меҳнат жараёнида соғлиғига физикавий, кимёвий, биологик ва ишлаб чиқаришнинг бошқа зарарли омиллари таъсир этадиган ходимлар учун белгиланади.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |