Иштаҳа — организмнинг овқатга бўлган ёқимли эҳтиёж сезгиси, шунингдек, унга кирадиган озиқ моддалар миқдорини белгилайдиган физиологик механизм. И. пайдо бўлиши бош миянинг овқат маркази фаолияти билан узвий боғлиқ. И. нинг очилишида шарциз (мас, овқатнинг ҳидини ва маза-сини сезиш) ва шартли рефлекслар муҳим рол ўйнайди. И. марказий нерв системаси маълум бўлимларининг қўзғалиши натижасида юзага келади ва бунда сўлак, ҳазм шираси ажралади, меъда-ичак йўли перисталтикаси (ҳаракати) кучаяди, натижада ҳазм аъзолари овқат қабул қилишга тайёр туради. Мазали қилиб пиширилган таом, унинг чиройли кўриниши ва хушбўйлиги, дастурхонга безаб тортилиши И. ни очади. Аксинча, таомнинг кўриниши ёки ҳиди хунукроқ бўлса, И. бўғилади.

Овқатни ҳар доим муайян соатларда истеъмол қилиш, унинг сифати ва миқдори И. нормал бўлиши учун аҳамиятли. Овқатланиш режимининг бузилиши И. айнишига олиб келади ва у турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин. И. нинг 3 хил ўзгариши: сусайиши, ҳатто йўқолиши (анорексия), кучайиши (булимия) ва бузилиши (парорексия) кузатилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам врачга мурожаат этиш ва унинг тавсияларига амал қилиш керак.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил