Искабтопарлар (Пҳлеботомидаэ) - қон сўрувчи икки қанотлиларнинг кенжа оиласи. Танасининг уз. 1,3—3,5 мм; майда туклар билан қопланган; сарғиш, айримлари кулранг; кўзлари йирик, қора; 16 бўғимли узун мўйловлари ва туклари аниқ кўринади. Ҳартуми йирик, санчиб сўрувчи типда, урғочиси қон билан озиқланади; эркаги, асосан, ўсимлик ширасини сўради. Қанотлари ўткир бурчакли, овал ёки чўзиқ овал. Оёқлари узун, бир оз ингичка. Эркаги омбурсимон қўшилиш органининг ту-зилиши систематик аҳамиятга эга. И. иссиқ ўлкаларда кенг тарқалган. 300 га яқин тури аниқланган. Ўзбекистонда 17 тури маълум. Пҳлеботомус папатасии, Пҳ. сергенти, Пҳ. cауcасис ва б. тарқалган. И. чўл, қирлар, дарё водийлари, молхона ва хонадонларда яширин ҳаёт кечиради; тухумини тупроққа қўяди. И. табиатда ёввойи сут эмизувчилар ва қушлар уясида, ғорларда, тошлар ёриғида, қад. қўрғон ҳаробаларида, молхоналар ва б. пана жойларда кўпаяди. Ўзбекистонда бир йилда 2 бўғини (қишловчи ва ёзги) ривожланади. И.нинг Пҳ. папатасии тури қорамол, эчки, ит ва б. ёввойи сут эмизувчилар, калтакесаклар ва одамнинг қонини сўриб, паппатачи иситмаси, қўтир, лейшманиоз ва б. касалликларни қўзғатувчи организмларни тарқатади. [1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил