Iskandar mirzo
Искандар мирзо — (1384-1415) — Ироқ ва Форс ҳокими (1412—14). Темурийлардан. Амир Темурнинг набираси, Умаршайх Мирзонинг ўғли.
Онаси — Милкат Оғо бегим. 1399-йил бобоси сафарга кетаётиб, уни Фарғона ҳокими этиб тайинлаган. Самарқанд тахтида ўтирган муваққат ҳукмдор Муҳаммад Султон И. М.ни бе-бош, ўзбошимча сиёсатидан норози бўлиб уни Самарқандга чақиртирган ҳамда И. М.нинг отабеги ва 26 навкарини қатл эттириб ўзини эса қамоққа олган. 1401-йил И. М. қамоқдан чиқарилиб, унга калтак жазоси берилган. Соҳибқирон 1403-йил И. М.ни Ҳамадон вилоятининг ҳокими этиб тайинлаган. Амир Темур вафотидан сўнг И. М. акалари Пирмуҳаммад Мирзо ва Рустам Мирзолар билан Форс, Ҳузистон, Кермон, Қум вилоятларида ўзаро низолашиб кураш олиб борган. Пирмуҳаммад Мирзо 1410-йил хиёнаткорона ўлдирилгач, И. М. акасининг вориси сифатида Шероз тахтини эгаллайди. И. М. Кермон (1411), Қум (1412) ни эгаллаб, Ироқ ва Форс ҳукмдорига айланади. У Исфаҳонни ўзига пойтахт қилади, ўз номидан пул зарб эттириб, хутбани Шоҳрух номига эмас, ўз номига ўқитади, Ҳуросон худудида босқинлар уюштиради. Шоҳрух қўшини билан бўлган жангда И. М. енгилади, Исфаҳон ш. эгалланади (1414-йил 20 июл). Шоҳрух И. М.ни ва унга тобе ерларни Рустам Мирзога топширади. Рустам Мирзо И. М.нинг кўзларига мил тортиб кўр қилади ва махсус назоратда сақлайди. Бироқ, Шоҳрух бундан хабар топиб И. М.ни укаси Бойқаро Мирзо ҳузурига жўнатади. И. М. укасини салтанатга қарши курашга гижгижлайди. Бойқаро Мирзо акаси сўзига кириб Шерозга қўшин тортади. Рустам Мирзо И. М.ни қўлга олиб яна ҳибсда сақлай бошлайди; 1415-йил 9 июнда Бойқаро Мирзони Шерозга кирганидан хабар топгач, И. М.ни қатл эттиради[1].
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |