Iskandarnoma
Искандарнома – Низомий Ганжавийнинг „Панж Ганж“ асари таркибидаги охирги достон. 593–600 ҳижрий-қамарий/1197–1204 милодий йиллар оралиғида ёзилган. Ҳажман 10500 байтдан иборат. „Искандарнома“ икки қисмдан: „Шарафнома“ ва „Иқболнома“дан таркиб топган. Достонга Шарқ адабиётида кенг тарқалган Искандар Зулқарнайн бош қаҳрамон сифатида олинган.
„Шарафнома“да Искандарнинг ҳарбий юришлари, жаҳонгирлиги тасвирланса, Иқболномада Искандар донишманд ва пайғамбар сифатида намоён бўлади.
Достонда келтирилишича, Искандар отасининг тахтига жуда эрта ўтиради. Кўп жангларда иштирок этиб, моҳир саркарда ва адолатпарвар шоҳ сифатида шуҳрат қозонади. Узоқ-яқиндаги ҳукмдорлар ундан ўз душманларини енгиш учун ёрдам сўрай бошлайди. Искандар тадбиркорлик билан Чин ва Ҳинд мамлакатларини енгади, инсоният осойишталигига хавф етказаётган яъжуж-маъжужлар устидан ғалаба қозонади.
Искандар донишманд шоҳ сифатида ўз даврининг файласуфлари билан доимий мулоқотда бўлади, улар билан оламнинг ибтидоси, интиҳоси, мамлакатни бошқариш қонун-қоидалари, муваффақият ва инқирозга сабаб бўладиган омиллар ҳақида суҳбатлашади, ўзининг хатти-ҳаракатларини сарҳисоб қилади. У қаерга борса, дастлаб давлат бошқарув усули, идора низомларининг адолат талабларига қай даражада мувофиқлигига эътибор қаратади. Шоҳ-у гадонинг сўзларига қулоқ тутади, маслаҳат ва тавсиялар беради.
Умуман олганда, Низомий тасвиридаги Искандарнинг жаҳонгирлиги фақат куч-қудрат эмас, илм-у дониш, ҳикмат ва ақл жаҳонгирлигидир. Достон мутақориб баҳрининг мутақориби мусаммани маҳзуф ёки мақсур вазни (рукнлари ва тақтиъи: фаувлун фаувлун фаувлун фаал ёки фаувл В– – / В– – / В– –/ В– ёки В ~) да ёзилган. Навоий „Садди Искандарий“ достонининг салафларга бағишланган 6-боби ҳамда Искандар тарихи ҳақидаги 15-бобида Низомийнинг „Искандарнома“ достони ҳақида маълумот беради[1].
Манбалар
- ↑ Алишер Навоий. Қомусий луғат. Шарқ НМАК [2016].
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |