Ортиқов Исроил (1907, Қўқон -1938-йил, 10-май, Тошкент) — жамоат арбоби. Отаси дашнаксутюнлар томонидан ўлдирилган (1918). Ёшлар ташкилоти идораларида фаолият кўрсатган (1928-йилдан). Ўзбекистон комсомоли МК 1-котиби (1931—37). Ортиқов ташаббуси билан Тошкентда зарбдор ёшлар кўриги (1931-йил 12-май) бўлиб, унда йигит-қизлар Ўзбекистондаги йирик саноат корхоналарини қуришда фаол иштирок этишга чақирилди. Қувасой семент комбинати, Тошкент тўқимачилик комбинати, Чирчиқ электрокимё комбинати, Бухоро ва Самарқанд ип йигирув фабрикалари, Марғилон шойи тўқиш комбинати ва бошқа иншоотлар қурилишида ёшлар катта хизмат қилган. Ортиқов маориф жабҳасидаги ёшлар фаолиятини ҳам йўналтириб турган. 1937-йил 14-октабрда ҳибсга олинган ва унга Ўзбекистон ёшларини миллатчилик руҳида тарбиялаганлик айби қўйилган. СССР Олий суди ҳарбий коллегиясининг Тошкентдаги сайёр мажлиси қарори билан "халқ душмани" сифатида отишга ҳукм қилинган. О. 1956-йил 12-июнда СССР Олий судининг қарори билан тўла оқланган.

Ад:. Маҳмудов М., Барҳаёт сиймолар, Т., 1981; Усмонов И., Қатағон қурбонлари, Т., 1992[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил