Исроилиёт (арабча: إسرائیلیات‎‎) — исломнинг кўп қисмларида яҳудийлар ва насронийлардан кириб келган, аввалги уммат ва набийларнинг қиссаларига тегишли ривоятлар[1]. Уларнинг ба’зилари зардуштийликдан олинганлиги ҳақида ҳам тахминлар мавжуд[2].

Таврот ва Инжилдаги хабарлар қисман Қуръонда ҳам келган. Масалан, Одам ато ва унинг ерга тушиши, Мусо пайғамбар ва унинг қавми яҳудийларга тегишли нақллар, Исо ибн Марям ва унинг онаси Марям бинти Имрон ҳақидаги ривойлатлар ва ҳоказо. Буларнинг барчаси Қуръонда ваъз ва ибрат ўлароқ тўлиқ ҳолда баён қилинган. Сўнгра мусулмонлар шу каби хабарларнинг тафсилотларини олдинги умматларнинг ривоятларида кўришган ва уларни ўрганиб, иқтибослар олишган. Қурʻонда Аллоҳ аҳли китобларни ўзларига берилган китобларни ўзгартириб юборганларини бир неча ўринларда билдирган бўлса ҳам мусулмонлар ушбу маълумотларнинг саҳиҳлигига эътибор беришмаган. Ислом пайғамбари аҳли китоблар билан қуйидагича муносабатда бўлиши айтган:

Аҳли китобни тасдиқламанглар, ёнғончи ҳам қилманглар.

Лекин мусулмонлар бунга енгил қараб, маълумотларни олишда эътиборсизлик қилишган. Бунинг натижасида исроилиёт тафсир китобларидан талайгина жой олган. Исроилиётларнинг масдари, асосан Абдуллоҳ ибн Салом, Каъбул Аҳбор (тобеин), Ваҳб ибн Мунаббаҳ (тобеин) ва Абдумалик ибн Абдулазиз ибн Журайж кабиларнинг номи билан боғлиқ[1].

Уламолар исроилиётни 3 қисмга ажратган:

  1. Мақбул хабарлар — уларнинг саҳиҳлиги ҳадислар орқали билинган. Масалан, собиқ китобларда зикр қилинган Ҳазрати Хизрнинг исми Бухорий ривоят қилган ҳадисда ҳам учрайди;
  2. Сукут қилинадиган хабарлар — уларнинг рост ёки ёлғонлиги маълум эмас. Бу турдаги ривоятларни насиҳат ва ибрат учун лойиқ бир суратда ҳикоя қилиш жоиз ҳисобланади;
  3. Инкор этиладиган хабарлар — улар исломга ва соғлом ақлга хилоф ҳисобланади. Масалан, Исо ибн Марямнинг хочга осилгани ҳақидаги ривоят. Бу хабарларни тасдиқлаш, қабул этиш, ривоят қилиш мумкин эмас. Бирон зарурат туфайли нақл этилган тақдирда унга изоҳ беришлик вожиб бўлади. Кўпгина тафсирлар бу носаҳиҳ хабарлар туфайли ишончлилик даражасини йўқотган.

Алломалар ўз асарларида исроилиётни тўла аниқлаб берганлар[1].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 Ислом энсиклопедияси. Зуҳриддин Ҳусниддинов таҳрири остида: . Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2003 — 313-бет. ИСБН 5-89890-078-0. 
  2. ↑ Исабел Ланг Интертехтуалитäт алс ҳерменеутисчер Зуганг зур Ауслегунг дес Коранс: Эине Бетрачтунг ам Беиспиэл дер Верwендунг вон Исраилийят ин дер Резептион дер Давидсерзäҳлунг ин Суре 38: 21-25 Логос Верлаг Берлин ГмбҲ, 31.12.2015 ИСБН 9783832541514 п. 30 (Герман)