Иссиқбардош материаллар -юқори температурада пластик (қайтмас) деформацияга қаршилик кўрсата оладиган материаллар. Одатда, температура ошган сари металларнинг мустаҳкамлиги кескин пасая боради. Қотишмаларнинг юқори иссиқбардошлиги икки асосий физикавий омил — қотишмада атомлар орасидаги боғланишнинг мустаҳкамлиги ва унинг структураси билан белгиланади. Зарур юқори мустаҳкамликка эга бўлган структурани олиш учун қотишмага турлича термик ишлов берилади. Кртишмалар эса юқори температурада пластик деформацияга кўпроқ қаршилик кўрсата олиши туфайли мустахкамлигини анча сақлайди. Ишлатиш шароитларига қараб, И. м. ни юқори траларда қисқа вақтли (секунд-соат) механик нагрузкаларга тезтез учрайдиган; юқори траларда нагрузка остида ўнлаб, юзлаб соатлаб бўладиган; юқори нагрузкалар ва юқори траларда ўн минглаб ва юз минглаб соат ишлайдиган қотишмаларга бўлиш мумкин. Шунга қараб қотишма структура-сига талаб ҳам кескин ўзгаради. Қандай температурада ишлатилишига қараб, уларни қуйидагича таснифлаш мумкин: 350° температурада ишлатиладиган углеродли оддий конструксион пўлатлар; 350—500° — кам лигерланган феррит ва перлит пўлатлар ҳамда титан қотишмалари: 500 — 650° — аустенит синфидаги пўлатлар; 650—800° — никел ва кобалт қотишмалар. Хром, молибден, кремний билан легирланган феррит ва перлит синфидаги,пўлатлар буғ қозонларида, нефт сақлаш қурилмаларида, ички ёнув двигателлари клапанларини ясашда ишлатилади. Аустенит синфидаги иссиқбардош пўлатлардан газ турбиналари парраклари, реактив турбиналарнинг деталлари ясалади. Реактив турбиналар парракларини тайёрлашда никел ва кобалт қотишмалари кенг ишлатилади. Баъзан И. м. га қўшимча ишлов берилади. Уларнинг сирти коррозиябардош металл ёки қотишма билан қопланади. Қоплама қатлами жуда паст кучланиш таъсирида ҳам металлнинг синишига олиб келувчи коррозион дарзлар пайдо бўлишига йўл қўймайди. Бундай қопламалар учун кремний, алюминий, хром, титан ишлатилади. И. м. дан металл-керамик қаттиқ қотиш-малар муҳим гуруҳни ташкил этади. Кремний асосли анорганик полимер материаллар ҳам иссиққа чидамли бўлади. Турли саноат тармоқдарида металлмас иссиқбардош материал — иссиқбардош бетон кўплаб ишлатилади. У қуйиш печларининг футеровкаси (қопламаси), буғ қозонларининг устига қоплаш учун ва мартен печларида ишлатилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил