Иссиқлик алмашиниш, иссиқлик узатиш — иссиқроқ жисмдан совуқроқ жисмга иссиқлик узатилиши билан боғлиқ бўлган ўз-ўзидан юз берувчи қайтмас жараён; микрозарраларнинг тартибсиз ҳаракати билан боғлиқ бўлган, энергиясининг бир жисмдан иккинчи жисмга микроскопик иш бажармасдан узатилишига олиб келувчи жараёнлар мажмуи. И. а. иссиқлик ўтказувчанлик, конвексия ва радиация йўли билан содир бўлади. Иситувчи сирт иссиқлик узатувчи сирт деб аталади. И. а. да суюқлик ёки газ (буғ) иш муҳити ҳисобланади. И. а. назарияси энергияни узатиш ҳақидаги таълимотнинг бир қисми бўлиб, техник термодинамика билан бирга иссиқлик техникасининг назарий асосини ташкил қилади. Буғ қозонларида, буғ ва газ турбиналарида, печларда И. а. ҳодисаси рўй беради. Табиатда узлуксиз И. а. юз бериб туради. И. а. нинг назарий ва амалий масалалари иссиқлик техникасида ўрганилади[1].

Иссиқлик асосан 3 хил усулда тарқалади:

  1. Иссиқлик ўтказувчанлик
  2. Конвексия
  3. Иссиқлик нурланиш

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил