Istami xoqon
Истами хоқон, Истеми (хитойча Ши-де-ми, юн. — Стемвис, византияча — Дизавул ёхуд Силзибул, араб. — Синджибу) (?—576) — Ғарбий Турк хоқонлигининг асосчиси ва 1-хоқони (553—76).
Бумин хоқоннинг укаси. Акаси вафоти (553) дан сўнг Турк хоқонлигининг ғарбга қилган ҳарбий юришига раҳбарлик қилган. И. х. қўшинининг сони 100 минг киши бўлган. Унинг унвони ябғу-хоқон бўлган. И. х. ғарбни забт этишга жияни Муғон хоқоннинг ябғуси сифатида йўл олган. И. х. қўшини қаттиқ қаршиликка учрамаган.
555 й. улар "Ғарбий денгиз" (Орол денгизи) бўйига етиб борганлар. Фирдавсийнинг ёзишича, И. х. га тобе бўлган мулкларнинг чегараси "Чин" (Хитой)дан Жайхунгача ва Чоч (Тошкент)нинг нариги томонидаги Гулзариюн (Сирдарё) гача чўзилган. Шундай қилиб, туркийлар бир ярим йил ичида бутун Марказий Қозоғистон, Еттисув ва Хоразмни забт этганлар. Бироқ И.х. юриши кейин қийинлашган. Орол денгизининг шим. да унга хуни (хионитлар), вар (ўғур қавми) ва ўғур (угорлар-венгерлар аждоди) лар қаттиқ қаршилик кўрсатганлар. Фақат 558 й. бу қабилалар тор-мор қилинган ва туркийлар Волга бўйларига чиққанлар. И. х. га тобе бўлишдан воз кечган вар ва хуни қабилаларнинг қолган-қутганлари (20 мингга яқин киши) қочиб, кейинчалик ягона халқ — аварларта бирлашган. И. х.: "Аварлар турк қиличидан қочиб қутулиш учун осмонга учадиган қушлар эмас, улар сувга шўнғиб денгиз пўртаналарида ғойиб бўладиган балиқлар эмас, улар ер юзида тентираб юришибди. Эфталийларни енгиб олай, аварларга ҳамла қиламан, шунда улар менинг кучқудратимдан қочиб қутулмайдилар", деган эди. У эфталийларга қарши юришни фақат 561 й. бошлаган, чунки бу даврда Хусрав И Ануширвон Византия императори Юстиниан билан сулҳ тузиб, эътиборини шарққа қаратган эди. И. х. Эрон билан ҳарбий иттифоқ тузиб, уни Эрон шоҳининг қизига уйланиш билан янада мустаҳкамлайди. Сосонийларни Балхга берган зарбасидан фойдаланиб, И. х. қўшини 565 й. Ўрта Осиёга, эфталийлар ҳудудига бостириб кирган. Бухоро яқинидаги 8 кун давом этган жангда эфталийлар подшоси Гатифарнинг қўшини тор-мор қилинган. Ўрта Осиёни тўла забт этиш 571 й. тугалланган.
Туркийларнинг ашаддий душмани бўлган аварлар Савадан Донга қадар чўзилган даштларни эгаллаганлар ва И. х. жан. га қилаётган юришини тўхтатиб, эътиборини ғарбга қаратишга тўғри келган. 567—571 й. ларда туркийлар бутун Шим. Кавказни эгаллашган, улар баланжар ва хазарларни тобе этиб, Дарбандга кадар етиб борганлар ва ис-теҳкомларни кўздан кечириб даштга қайтганлар. Уларнинг ерлари Боспор яқинида Византия империяси ерлари билан туташган. 569 й. И. х. Византия элчиси Земархга қирғиз элатидан бўлган асира қизни инъом қилган. И. х. Сали тоғларидан Кавказ ва Қримгача ёйилган Ғарбий турк хоқонлиги ҳудудида 10 та туркий халқни бирлаштирган ягона иттифоқни барпо этган. И. х. вафот этгач, ўғиллари Қорачуринга Еттисув, Турксанфга эса қуйи Волга ва Урал атрофидаги ерлар мерос қолган.
Манбалар
Адабиёт
- Барманкулов М ., Хрусталная мечта тюрков о квадронации, Алмати, 1999;
- Гумилев Л. Н., Древние тюрки, М., 1967.
- Фахриддин Ҳасанов.[1]
- Кляшторнйй С.Г., Савинов Д.Г. Степнйе империи древней Евразии. СПб.: Филологический факул'тет Санкт Петерсбург, 2005.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |