Истеъмол фонди — муайян вақт (мас, бир йил) да яратилган маҳсулот ва хизматларнинг аҳоли жорий истеъмолига сарфланадиган қисми; маҳсулот ва хизматлар вазифасига кўра истеъмол буюмлари ва ишлаб чиқариш воситалари (ресурслар) дан иборат бўлади. Биринчи қисм ҳисобидан И. ф. шаклланади. Аммо, унинг пул-қиймат шакли ҳам бўлиб, бу истеъмолга мўлжалланган маҳсулот ва хизматларнинг бозор нархидаги қийматидир. И. ф. ғоят хилма хил ва тенглаштириб бўлмайдиган товарлардан иборат бўлганидан, моддий ўлчамларда эмас, балки қиймат шаклида ҳисобланади. И. ф. ҳажми мамлакатнинг и.ч. қудрати ва ялпи миллий маҳсулотнинг тақсимланишига боғлиқ (мас, 1996-йил АҚСҲ маҳсулоти 7,4 трлн. доллар, Японияники 5,1 трлн. долларга тенг бўлди. Аммо, И. ф. АҚШда шу маҳсулотнинг 7,8%, Японияда эса 65% дан иборат бўлди, чунки бунда инвестиция улуши катта.) И. ф. жон бошига ҳисобланган ҳажми аҳоли фаровонлигининг асосий кўрсаткичи ҳисобланади. Бу кўрсаткич миллий инвестиция ҳажмига боғлиқ. Агар мамлакатга хорижий инвестициялар қанча кўп кириб келса, миллий инвестицияни қисқартириш ҳисобидан И. ф.ни ошириш эҳтимоли шунча катта бўлади. И. ф., қамров даражасига кўра, умуммамлакат даражасидаги И. ф. (давлат бюджети воситасида шаклланади ва ижтимоий фондлар шаклини олади), фирма ва хужаликлар даражасидаги И. ф. (корпоратив гуруҳий фондлар шаклида) ва хонадон даражасидаги И.ф. га (индивидуал фондлар шаклида бўлиб, хонадоннинг истеъмол бюджетида намоён бўлади) ажралади. Оила даромади И.ф. (оила даромадининг эҳтиёжни қондиришга кетган қисми) ва жамғариш фонди (оила даромадининг жамғарма қисми)га бўлинади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил