Иван Минчов Вазов (1850. 9. 7, Сопот - 1921. 22. 9, София) — болгар ёзувчиси, жамоат арбоби. В.нинг асосий назмий асарларидан бири "Рад этилганлар эпопеяси" (1881—84) ватанпарварлик руҳи билан йўғрилган тарихий мавзудаги лиро-эпик поэмалар туркумидан иборат. "Зулм остида" (1889—90) романи миллий озодлик кураши тўғрисида. Кўпгина Европа тилларига таржима қилинган бу роман жаҳон адабиётининг сара асарларидандир. 90-йиллар бошида В. ижодидаги тарихий-қаҳрамонлик мавзуси ижтимоий фош этувчи мавзу билан алмашади ("Янги ер",1896; "Казалар маликаси" романлари, 1903). У ўрта асрдаги Болгария ҳаётидан тарихий драмалар, шунингдек "Шуҳратга номзодлар" (1901), "Ёғлиқ жой ахтарувчилар" (1903) комедияларини ёзди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил