Jaʼfar ibn Falloh
Жаъфар ибн Фаллоҳ (арабча: جعفر بن فلاح) ёки ибн Фалоҳ Фотимийлар халифалиги хизматида бўлган Кутама қабиласига мансуб бербер лашкарбошиси[1][2]. Ушбу саркарда 970—971-йилларда Фотимийларнинг Сурияни забт этиш учун дастлабки уринишига бошчилик қилган. Рамла ва Дамашқни қўлга киритган бўлса-да, Византия назоратидаги Антиохияга ҳужуми мувафаққияциз якунланган. 971-йил июн ойида эса босқинчи қарматлар билан бўлган жангда ҳалок бўлган.
Ҳаёти
969-йил ёзида Фотимийлар халифалигининг Жавҳар ас-Сиқиллий қўмондонлигидаги қўшинлар Мисрни ихшидий ҳукмдорлардан тортиб олди. Ягона қаршилик пойтахт Фустат яқинидаги Равза оролида жойлашган Ихшидийлар армия бўлинмаларидан бўлди. Бироқ, Нил дарёсининг суви паст бўлгани сабабли Фотимийларнинг Кутама бербер жангчилари тезда дарёдан кечиб ўтиб, Ихшидий қўшинларини қириб ташладилар[3]. Жаъфар ибн Фаллоҳ бу ғалабага катта ҳисса қўшган. У нафақат дарёдан кечиб ўтган Фотимийлар қўшинларига бошчилик қилган, балки ал-Мақризийнинг таъкидлашича, Қуйи Мисрдан келган ихшидийлар тарафдорларининг кемасидан қайиқларни ҳам эгаллаб олган. Бу қайиқлар ёрдамида Фотимийлар дарёдан ўтишга муваффақ бўлади[4].
Айни вақтда бироз шимолроқда Византия империяси Антиохияни босиб олди. Жиҳод руҳи билан суғорилган ўз ҳукмронлигини қонунийлаштириш мақсадида Фотимийлар Византиянинг Антиохияга юриши ҳамда „кофирлар“ таҳдидини янги забт этилган ҳудудларга қаратилган тарғиботларининг асосига айлантиришади. Булар қаторига адолатли бошқарувни тиклаш ваъдалари ҳам киритилган эди[5]. Шу сабабли, Жавҳар Ихшидийларнинг сўнгги кучлари ҳамон қаршилик қилаётган Фаластинга Жаъфар ибн Фаллоҳни юборди[2][6].
Ибн Фаллоҳ 970-йил 24-майда Ихшидий ҳукмдор ал-Ҳасан ибн Убайдуллоҳ ибн Туғжни мағлуб этиб, асир олди ва Фаластин вилояти маркази Рамлани эгаллади. Кейин ғулом Фатик ва унинг Бану Уқайл бадавий иттифоқчилари эгаллаб турган Тиберияга қарши юриш қилди. Фатик хиёнат туфайли ўлдирилди. Ибн Фаллоҳ эса бошқа бадавий қабилалар, Бану Мурра ва Бану Фазарадан фойдаланиб, Уқайлни шимолга, Ҳомс томонга ҳайдаб юборди. Бу воқеалардан хабар топган Дамашқ ноиби Шамул Фотимийларга таслим бўлди[7][8]. Ибн Фаллоҳнинг Кутама аскарлари нуфузли фуқаролар вакилларини ҳақоратлаб, уларни талаганидан сўнг, Дамашқ аҳолиси қаршилик кўрсатишга қарор қилди. Аббосийлар вакили Ибн Абу Яъло ҳамда Муҳаммад ибн Асуда исмли шахслар ўз ҳукуматини тузишга киришди. Дамашқ лашкари шаҳар деворлари олдига етиб келган Фотимийлар қўшинининг илк бўлинмаларини қувиб юборди. Бироқ, ноябр ойида Ибн Фаллоҳ ўзининг асосий кучлари билан шаҳар остонасига етиб келгач, Дамашқ лашкари шаҳар девори ортига чекинишга мажбур бўлди ва таслим бўлишни таклиф қилди. Жавҳарнинг Фустатга нисбатан марҳаматига бутунлай зид равишда, Ибн Фаллоҳ Дамашққа ҳақоратли шартлар қўйди. Аёллардан ташқарига чиқиб, сочларини тупроққа ботирган ҳолатда ёйиб ўтиришни талаб қилди. Шаҳарни босиб олиш пайтида Кутама қабиласи бозорларни талон-тарож қилиб, уч кун давомида аҳоли билан жанг олиб борди. Шундан сўнг, Ибн Фаллоҳ бир нечта нуфузли фуқароларни қатл эттирди. Бу ҳолат вазиятни вақтинча тинчитди. Ибн Фаллоҳ шаҳар ичида қалъа қуриш орқали Дамашқни мустаҳкамлади. Бироқ, бу шаҳарда Фотимийлар ва уларнинг бербер қўшинларига нисбатан нафрат тўлиқ сақланиб қолди[9][10].
Дамашқ таслим бўлиши билан Ибн Фаллоҳ ўзининг Футуҳ (Ғалабалар) исмли ғуломига византияликларга қарши ваъда қилинган жиҳодни амалга оширишни буюрди[11]. Футуҳ Фаластин ва жанубий Суриядан йиғилган ҳарбий кучлар ҳисобига мустаҳкамланган улкан Кутама қўшинини тўплаб, 970-йилнинг декабр ойида Антиохияни қамал қилишга киришди. Шаҳар қаттиқ қаршилик кўрсатиши натижасида Ибн Фаллоҳнинг қўшимча кучлари билан ҳам уни эгаллай олмадилар. Баҳорда Византия қўшинлари Фотимийларнинг бир бўлинмасини тор-мор қилиб, Фотимийларни қамални тўхтатиб, чекинишга мажбур қилди[12]. Худди шу вақтда Ибн Фаллоҳ қарматлар босқинига қарши курашишга мажбур бўлаётган эди. Дамашқ раҳбари Муҳаммад ибн Асуда ва Уқайлийлар сардори Залим ибн Мавҳуб Сурия саҳроси қарматларидан бошпана сўраб, уларни Фотимийларга ҳужум қилишга ундаган эдилар. Фотимийлар Ихшидийларнинг тинчлик учун йилига 300 000 олтин динор ўлпон тўлаш амалиётини тўхтатиб қўйганлари ҳам қарматларнинг жаҳлини чиқарган эди. Қарматлар минтақадаги кучларнинг йирик коалициясини ўз ичига олган қасос юришини амалга оширдилар. Бу юришда нафақат Сурия қарматларига Баҳрайндаги диндошлари ёрдам берди, балки улар Бағдоднинг бувайҳий ҳукмдори Изз уд-Давла ҳамда Мосул Ҳамдонийларидан ҳам кўмак олдилар. Уларга собиқ ихшидий ғуломлар, Бану Килоб қабиласига мансуб бадавийлар ва Залимнинг Уқайлийлари ҳам қўшилдилар. Ибн Фаллоҳ шошилинч равишда душман билан очиқ саҳрода тўқнашишни танлади. Натижада, 971-йил август ойида содир бўлган жангда мағлуб бўлиб, ўлдирилди. Муҳаммад ибн Асуда Ибн Фаллоҳ қатл этган Дамашқ зодагонлари орасида бўлган акаси учун қасос олиш мақсадида унинг бошини кесди[2][13][14].
Бу мағлубият Фотимийларнинг жанубий Сурия ва Фаластиндаги назоратига деярли тўлиқ чек қўйилишига ҳамда қарматларнинг Мисрга бостириб киришига йўл очди. Фотимийлар Фустат яқинидаги жангда ғалаба қозониб, қарматлари Суриядан қувиб чиқариш ҳамда итоациз вилоят устидан ўз назоратларини қайта тиклашга эришдилар[15][16].
Жаъфарнинг ўғли Сулаймон ҳам 970-йиллар охиридан 990-йиллар охиригача хизмат қилган йирик Фотимий қўмондони бўлди[17]. Яна бир ўғли Иброҳим ҳам шундай хизмат қилган эди[18]. Яна бир ўғли Али ҳам 11-аср бошларида юқори даражали қўмондон бўлиб, Муфарриж ибн Дағфал ибн ал-Жарроҳ ва унинг бадавийларига қарши курашда кўрсатган хизматлари учун Қутб уд-Давла унвони билан шарафланган[19].
Манбалар
- ↑ Бианқуис 1998, с. 138.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 Кеннедй 2004, с. 318.
- ↑ Бретт 2001, сс. 297–304.
- ↑ Лев 1979, с. 319.
- ↑ Бретт 2001, сс. 295–308.
- ↑ Бретт 2001, сс. 311–312.
- ↑ Бретт 2001, с. 312.
- ↑ Гил 1997, сс. 336–337.
- ↑ Бретт 2001, сс. 312–313.
- ↑ Гил 1997, с. 338.
- ↑ Бретт 2001, с. 313.
- ↑ Wалкер 1972, сс. 431–439.
- ↑ Бретт 2001, сс. 313–314.
- ↑ Гил 1997, с. 339.
- ↑ Бретт 2001, сс. 314–315, 346.
- ↑ Гил 1997, сс. 339фф..
- ↑ Кеннедй 2004, сс. 323, 328.
- ↑ Гил 1997, с. 344.
- ↑ Гил 1997, сс. 367, 383–385.
Адабиётлар
- Бианқуис, Тҳиэррй „Аутономоус Эгйпт фром Ибн Ṭūлūн то Кāфūр, 868–969“, . Тҳе Cамбридге Ҳисторй оф Эгйпт, Волуме 1: Исламиc Эгйпт, 640–1517. Cамбридге: Cамбридге Университй Пресс, 1998 — 86–119-бет. ИСБН 0-521-47137-0.
- Бретт, Мичаэл. Тҳе Рисе оф тҳе Фатимидс: Тҳе Wорлд оф тҳе Медитерранеан анд тҳе Миддле Эаст ин тҳе Фоуртҳ Cентурй оф тҳе Ҳижра, Тентҳ Cентурй CЕ, Тҳе Медиэвал Медитерранеан. Леиден: БРИЛЛ, 2001. ИСБН 9004117415.
- Гил, Моше. А Ҳисторй оф Палестине, 634–1099. Cамбридге: Cамбридге Университй Пресс, 1997. ИСБН 0-521-59984-9.
- Кеннедй, Ҳугҳ. Тҳе Пропҳет анд тҳе Аге оф тҳе Cалипҳатес: Тҳе Исламиc Неар Эаст фром тҳе 6тҳ то тҳе 11тҳ Cентурй, Сеcонд, Ҳарлоw: Лонгман, 2004. ИСБН 978-0-582-40525-7.
- Лев, Яаcов (1979). "Тҳе Фāṭимид Cонқуэст оф Эгйпт — Милитарй Политиcал анд Соcиал Аспеcц". Исраэл Ориэнтал Студиэс 9: 315–328. ИССН 0334-4401.
- Wалкер, Паул Э. (1972). "А Бйзантине виcторй овер тҳе Фатимидс ат Алехандретта (971)". Бйзантион: Ревуэ интернатионале дес éтудес бйзантинес (Брусселс) 42: 431–440. ИССН 0378-2506.