Jadidchilik

Жадидчилик ёки Жадидизм (арабча: جديد; жадīд — янги) — ХИХ аср охири ХХ аср бошида Туркистон, Кавказ, Қрим ва Татаристон зиёлилари ҳаётида муҳим аҳамият касб этган ижтимоий-сиёсий, маърифий ҳаракат[1]. Дастлаб жадидчилик ХИХ асрнинг 80-йилларида Қримда вужудга келди. ХИХ асрнинг 90-йилларидан Ўрта Осиёда тарқалди.
Жадидчилик аввал маданият соҳасидаги ҳаракат сифатида фаолият юритган. Бу оқим вакиллари тараққиёт учун курашиш, туркий тилларни ривожлантириш, шу тиллардаги адабиётни бойитиш, дунёвий илмларни ўрганиш, фан ютуқларидан фойдаланиш ҳамда аёллар ва эркаклар тенглиги учун курашишга чақиришган. Кейинчалик жадидчилар пантуркизм ғояларини тарғиб қилишган[2].
Совет даврида ёзилган адабиётларда жадидчиликка „буржуа-либерал, миллатчилик ҳаракати“ деб таъриф берилган[3]. Бу даврда асосан танқид қилинган жадидчилик намояндалари номи ССР парчаланиб кетганидан кейин қайта тикланди.
Келиб чиқиши

Жадидчилик дастлаб ХИХ асрнинг 80-йилларида Қримда Исмоил Гаспирали раҳбарлигида қрим татарлар ўртасида вужудга келган.
Жадидчилик ҳаракати намояндалари кўпинча ўзларини тараққийпарварлар, кейинчалик жадидлар деб аташган. Ўша даврнинг илғор тараққийпарвар кучлари, биринчи навбатда, зиёлилар маҳаллий аҳолининг умумжаҳон тараққиётидан орқада қолаётганлигини ҳис этиб, жамиятни ислоҳ қилиш заруриятини тушуниб етгандилар. Жадидчилик моҳият эътибори билан аввало сиёсий ҳаракат эди. Унинг шаклланиш ва мағлубиятга учраш даврлари бўлиб, уларни шартли равишда тўртга бўлиш мумкин. Туркистон, Бухоро ва Хива ҳудудида бу даврлар 1895–1905; 1906–1916; 1917–1920; 1921–1929-йилларни ўз ичига олади.
Биринчи даврда Туркистонда подшо Россиясининг мустаҳкам ўрнашиб олиши кузатилади. У ўз сиёсий агентлари (вакиллари) ёрдамида маҳаллий хон ва амир ваколатларини чеклабгина қолмай, уларни қўғирчоққа айлантириб, рус ва ғарб сармоядорларининг ишлаши ва яшаши учун шароит яратади, турли компаниялар, аксиядорлик жамиятлари манфаатини кўзлайди. Айни чоғда маҳаллий аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари назарга олинмай қўйилди, диний эътиқодлари, урф-одатлари билан ҳисоблашмаслик, уларни менсимаслик кучайди. Ҳаётий, илмий савияси юқори бўлган қозилар тажрибасиз кишилар билан алмаштирилди, порахўрлик, ижтимоий-сиёсий адолацизлик авж олди. Мадраса ва мактаблар фаолиятини чеклаш, маҳаллий жой номларини русча атамалар билан алмаштириш, ҳатто маҳкама жараёнида қозилар бўйнига хоч тақтиришгача борилди. Ўша давр аҳволини Муҳаммадали халфа Собир ўғли (Дукчи эшон) халққа қарата ўз „Хитобнома“сида (1898) яхши баён қилган.
Миллат истиқболини ўйловчи тараққийпарвар кучлар халқнинг деярли барча табақалари—ҳунарманд, деҳқон, савдогар, мулкдор, уламолар орасида мавжуд эди. Зиёлилар дастлаб чоризмга қарши курашни халқни асрий қолоқликдан уйғотиш — сиёсий-маърифий жабҳадан бошлашга қарор қилдилар. Жадидчилик ҳаракати ана шундай тарихий бир шароитда Туркистон минтақасида ривожланиш учун ўзига қулай замин топди.
Жадидлар орасидан етук олимлар, саноат ва зироатчилик соҳаларининг замонавий билимдон мутахассислари, маданият арбоблари етишиб чиқиб, юртни обод ва ўз ватанларини мустақил кўришни орзу қилдилар ва шу йўлда курашдилар. Жадидларнинг Туркистон мустақиллиги учун курашида асосан қуйидаги йўналишлар устувор эди:янги усул мактаблари тармоғини кенгайтириш; қобилиятли ёшларни чет элга ўқишга юбориш; турли маърифий жамиятлар ва театр труппалари тузиш; газета ва журналлар чоп қилиш, халқнинг ижтимоий-сиёсий онгини юксалтириш билан Туркистонда миллий демократик давлат қуриш.
Жадид зиёлиларининг кучли партияси ташкил қилинган тақдирдагина бу ишларни амалга ошириш мумкин эди.
Ғоя ва мақсадлари
Жадидчиликнинг асосий ғоя ва мақсадлари қуйидагилар эди:
- Туркистонни ўрта асрларга хос қолоқлик ва диний хурофотдан озод этиш
- шариатни ислоҳ қилиш
- халққа маърифат тарқатиш
- Туркистонда мухторият ҳукуматини барпо этиш учун кураш
- Бухоро ва Хивада конституциявий монархия ва парламент
- кейинчалик демократик республика тузумини ўрнатиш орқали озод ва фаровон жамият қуриш
- барқарор миллий валютани жорий қилиш ва миллий қўшин тузиш.
Тошкент, Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Хивада ҳур фикрли ва тараққийпарвар кишиларнинг айрим гуруҳлари томонидан очилган маданий-маърифий йўналишдаги жамият ва уюшмалардан жадидчилик ҳаракати шаклланди.
Жадидлар
Туркистон минтақасидаги йўналишлари
Туркистон минтақасидаги жадидчилик ҳаракати, тарқалиш жойи ва йўналишига кўра, учга бўлинади:
- Туркистон жадидчилиги
- Бухоро жадидчилиги
- Хива жадидчилиги.
Туркистон жадидчилиги
Туркистон жадидлари билан Бухоро ва Хива жадидлари ўртасида бир мунча тафовут бор. Туркистон ўлкасидаги жадидчиликнинг ижтимоий асосини зиёлилар ташкил қилди. Улар Чор Россияси мустамлакачилигига қарши курашнинг олдинги сафларида туриб, чоризмнинг хомашё манбаига айлантирилган Туркистоннинг дастлаб мухтор, сўнг мустақил давлат бўлишини ёқлаб чиқдилар.
Бухоро жадидчилиги
Бухородаги жадидчилик Туркистондагига нисбатан оғир ижтимоий-сиёсий шароитда юзага келди. Унинг таркиби асосан Бухородаги шаҳар аҳолисининг тараққийпарвар қисми: зиёлилар, муллалар, майда дўкондорлар ва маъмурлар, ҳунармандлар, савдогарлардан иборат эди. Жадидларнинг деҳқонлар ва аскарлар ўртасида нуфузи аввалига паст бўлган. Жадидлар иқтисод ва бошқарув соҳасида бир қатор талаблар, чунончи, солиқларни камайтириш талаби билан чиқишди. Улар дастлаб Бухородаги амирлик тузуми доирасида ислоҳотлар жорий қилмоқчи бўлишди. Бухорода вобкентлик деҳқон Жўрабой илк янги усул мактабини очган эди.
Бухородаги жадидчилик ҳаракатига айрим жоҳил муллалар, ҳар қандай янгилик ва ислоҳотларнинг душмани бўлган қадимчилар оқими қарши чиқди. ХХ аср бошларида Бухоро жамияти 2 гуруҳга: Икром домла раҳбарлигидаги тараққийпарварлар ва Мулла Абдураззоқ бошчилигидаги қадимчиларга бўлинган эди.
1908-йил „Бухорои шариф ширкати“ тузилиб, дарсликлар нашр этиш ва китоб савдоси билан шуғулланди. Ушбу инсонлар ширкатнинг ташкилотчилари эди:
- Аҳмаджон Ҳамдий (Абусаидов)
- Усмонхўжа Пўлатхўжаев (Усмон Хўжа)
- Ҳомидхўжа Меҳрий, Абдулвоҳид Бурҳонов
- Абдулқодир Муҳиддинов, Садриддин Айний
- Абдураҳмон Саъдий.
1909-йил декабрда жадидлар Бухорода „Тарбияи атфол“ („Болалар тарбияси“) махфий жамиятини тузишди (асосчилари: Абдулвоҳид Бурҳонов, Ҳомидхўжа Меҳрий, Аҳмаджон Ҳамдий, Мукаммил Бурҳонов, Ҳожи Рафе). Бу жамият туркистонлик ва бухоролик ёшларни Истанбулдаги „Бухоро таъмими маориф жамияти“ бўлимига ўқишга жўнатди. Хориждаги таълим ёшлар дунёқарашида тубдан бурилиш ясади. Жадидчилик Бухоро ва Туркистонда бир вақтда бошланган бўлса ҳам, амирликдаги оғир муҳит унинг тараққиётини тезлаштирди. 1910-йилдан бошлаб Бухорода жадидчилик ҳаракати ташкилий тус олди ва „Тарбияи атфол“ махфий жамияти асосида партия ташкил топди.
Хива жадидчилиги
ХХ аср бошларида Хивада шаклланган жадидчилик бир қадар бошқачароқ тарихий шарт-шароитда вужудга келди. У бу ерда асосан иккита оқимдан иборат эди. Унинг ўнг оқими хонликда ривожланаётган савдо-саноат корхоналари эгалари ҳамда йирик бойларнинг вакилларини ўзига бирлаштирган эди. Бу оқимга Хива хони Асфандиёрхоннинг бош вазири Исломхўжа бошчилик қилган. Жадидчиликнинг ўнг оқими ўз олдига мамлакатда хон ҳокимиятини сақлаб қолган ҳолда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш орқали эркин бозор муносабатларининг ривожланишига кенг йўл очиб беришни мақсад қилиб қўйган эди.
Хивада жадидчиликнинг сўл оқими эса майда сармоядорлар, ҳунармандлар ва халқнинг турли табақа вакилларини бирлаштирган бўлиб, қозикалон Бобоохун Салимов унинг раҳбари эди. Улар Хива хонлигида янги усул мактаблари ташкил қилиш орқали халқ оммасининг сиёсий фаоллигини ўстириш мақсадини қўйишган эди. 1904-йил „жамияти хайрия“ тузилиб, унинг кўмаги билан Хива шаҳрида дастлабки янги усул мактаби очилди (1904-йил 10-ноябрда). Хива жадидлари маърифий ишлар билан кифояланиб қолмасдан, хон тузумига қарши кураш ҳам олиб бордилар. Биринчи жаҳон урушигача Хива жадидларининг ягона маркази ва дастурий ҳужжатлари бўлмаган. Бироқ жадидчилик ҳаракати Хива хонлигида катта ижтимоий-сиёсий кучга айланиб, 1914-йил августда у партия шаклини олган.
Туркистон минтақасидаги асосчилари
Туркистонда жадидчилик ҳаракатини вужудга келтирувчилар тепасида ушбу инсонлар турарди:
Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдуқодир Шукурий (Шакурий), Ажзий (Самарқанд), Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Мажид Қори Қодирий, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (Убайдулла Хўжаев), Тошпўлатбек Норбўтабеков (Тошкент), Фитрат, Файзулла Хўжаев, Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Абдулвоҳид Бурҳонов, Садриддин Айний, Абдулқодир Муҳиддинов (Бухоро), Обиджон Маҳмудов, Ҳамза, Чўлпон, Исъҳоқхон Ибрат, Муҳаммадшариф Сўфизода (Фарғона водийси), Болтиҳожи Султонов, Раҳмонберди Мадазимов, Фозилбек Қосимбеков (Ўш уезди), Полвонниёз ҳожи Юсупов, Бобоохун Салимов (Хоразм)
Адабиёти ва санъати
1904–1905-йиллардаги рус-япон уруши, 1905–1907-йилларда бўлган 1-рус инқилоби, 1905–1911-йиллардаги Эрон инқилоби, 1908-йил Туркияда бўлган Ёш турклар инқилоби жадидлар дунёқарашига кучли таъсир кўрсатди. Жадидлар ўз газета ва журналлари, янги усул мактаблари, турли кутубхона ва қироатхоналар, ҳаваскор театр труппалари теварагида тўпланишар эди. Уларнинг кўпчилиги шу даврнинг кўзга кўринган ижодкорлари шоир-у ёзувчилар эди. Улар ўз асарлари билан тарихан янги миллий адабиёт яратдилар. Адабиёт давр воқеаларига ҳамоҳанг борди. 1910-йиллардаёқ маърифат ва озодлик ғоялари унинг марказий мавзуйига айланди. Адабиётга „миллат“ ва „ватан“ тушунчалари кириб келди. Миллий шеърларга рағбат кучайди. Янги замонавий достончилик майдонга келди, публицистика (Беҳбудий, Фитрат, Мунавварқори, Мирмуҳсин) ривожланди, реалистик проза шаклланди. Шунинг учун ҳам бу давр адабиёти Ўзбекистон мустақиллигидан кейин миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти деб даврлаштирилди.
Адабиётдаги бундай уйғониш, айни вақтда, шу давр маданий ҳаётида ҳам рўй берди. Жадидлар ўзбек халқи ҳаётига том маънодаги миллий театрни олиб кирди. Миллий матбаанинг вужудга келиши билан китоб босиш иши йўлга қўйила бошланди. Европа кўповозли мусиқа санъати билан танишган жадидлар ўзбек анъанавий мусиқа услубларини ҳам ислоҳ қилишга даъват этишган. 1919-йилда Тошкентнинг Эски шаҳар қисми (ҳозирги „Турон“ кутубхонаси ёнидаги бинода) жадидлар ташаббуси билан Туркистон халқ консерваториясининг миллий (эски шаҳар) бўлими ташкил этилди. Шу тарзда жадидлар санъат воситаси билан миллат қадрини кўтариш, санъатнинг деярли барча турларини юксалтиришга интилдилар. „Ўзбекистон Республикаси“ махсус жилдининг тегишли бўлимларига — адабиёти, театри, мусиқасига жадидчиликнинг аксар вакиллари ёшларга даставвал диний таълим билан бир қаторда дунёвий фанларни ўқитиш масаласини кун тартибига қўйдилар. Улар мусулмон мактабларининг таълим усули ва дастурларини ислоҳ қилиб, янгича усулдаги мактабларни очдилар. Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулвоҳид Бурҳонов, Абдулла Авлоний ва бошқалар янги усул мактаблари учун дарсликлар ёзиб, нашр этишган.
Матбуоти
Жадидчилик ҳаракати давомида уларнинг ўз матбуоти шаклланди. Жадидлар Тошкентда 1905–1906-йилларда „Тараққий“ (муҳаррири — Исмоил Обилий), „Хуршид“ (муҳаррири — Мунавварқори), 1907–1908-йилларда „Шуҳрат“ (муҳаррири — Абдулла Авлоний), „Осиё“ (муҳаррири — Аҳмаджон Бектемиров), „Тужжор“ (муҳаррири — Саидкаримбой Саидазимбой ўғли), Бухорода 1912-йилда „Бухоройи шариф“ (муҳаррири — Мирзо Жалол Юсуфзода), „Турон“ (муҳаррири — Ғиёс махсум Ҳусайний), Самарқандда 1913-йилда „Самарқанд“ (муҳаррири — Маҳмудхўжа Беҳбудий), Тошкентда „Садойи Туркистон“ (муҳаррири — Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев), Қўқонда „Садойи Фарғона“ (муҳаррири — Обиджон Маҳмудов) газеталари ва Самарқандда 1913–1915-йилларда „Ойина“ (муҳаррири — Маҳмудхўжа Беҳбудий), Тошкентда 1915-йил „Ал-ислоҳ“ (муҳаррири — Абдураҳмон Содиқ ўғли) журналларини нашр қилишди. Шунингдек, 1917–1918-йилларда Тошкентда „Нажот“ (муҳаррири — Мунавварқори), „Кенгаш“ (муҳаррирлари — Аҳмад Закий Валидий ва Мунавварқори), „Турон“ (муҳаррирлари — М. Афандизода, Абдулла Авлоний), „Улуғ Туркистон“ (муҳаррири — Кабир Бакиров), „Шурой Ислом“ (муҳаррири — Абдулла Баттол), „Турк сўзи“ (муҳаррири — Темирбек Худоёрхонов), „Турк эли“ (таҳририяти), Самарқандда „Ҳуррият“ (муҳаррирлари — Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода, Акобир Шомансуров, Фитрат), Қўқонда „Тирик сўз“ (муҳаррири — Обиджон Маҳмудов), „Эл байроғи“ (муҳаррири — Бўлат Солиев) газеталари ва „Кенгаш“ (муҳаррири — Ҳамза), „Юрт“ (муҳаррири — Ашурали Зоҳирий) журналлари чоп қилинди.
Матбуот миллат дилидаги гапларни ўз саҳифаларига кўчириш билан кифояланмай, қандай ишларни биринчи навбатда амалга ошириш масаласини ўртага қўйди. 1909-йилда Тошкент ёш зиёлилари томонидан „Жамияти хайрия“ ташкил этилди. Маҳаллий ёшлардан давлат маҳкамаларида, саноат, тижорат соҳасида ишлайдиган мутахассислар тайёрлаш, камбағал мусулмонларга маданий-маънавий ёрдам кўрсатиш масаласи қўйилди. Бу миллатнинг бошқа халқлар ичига сингиб кетмаслиги йўлида кўрилган тадбирлар эди.
Бу даврда жадидлар ижтимоий-сиёсий куч сифатида кўриндилар. Халқ уларда ўз ҳимоячиларини ҳис этди. Сирдарё вилоятидан Петербургда ўтадиган Давлат думасига аъзоликка сайланган Абдувоҳидқори Абдурауфқориевга Тошкент, Чимкент ва бошқа жойларнинг аҳолисидан 12 моддадан иборат талабномани Давлат думасига топшириш юкланди. Бу ҳужжатда кўпгина ижтимоий талаблар кўрсатилган эди. Абдувоҳидқори 1907-йил 20-феврал-3-июнда Петербургда Садри Мақсудий, Мусо Жориллоҳ, Алимардон Тўпчибошев каби мусулмон зиёлилари билан танишиб, мусулмон фраксиясининг раиси Бигловга Туркистон халқи дардини етказди. Бироқ Абдувоҳидқори, орадан кўп ўтмай, қамоққа олинди ва Тулага сургун қилинди.
Шу тарзда, жадидчилик ҳаракати 1906–1916-йилларда ўзининг асосий йўлини белгилаб олди. Жадидларнинг нашрлари халқни янги давр бошлангани билан таништирар экан, ўзлигини англаб, уюшишга чакирди. Ўлка моддий ва маънавий бойликлари таланаётганини ошкор қилди. Чўлпон шеър ва мақолаларида мустамлакачиларнинг асл қиёфаларини очиб ташлади. Машҳур адвокат Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев олий ўқув юртини ташкил этиш, солиқларни тартибга солиш, болалар тарбиясига жиддий эътибор бериш масаласини баён қилди. Лев Толстой билан фикрлашиш чоғида машҳур ёзувчини ён беришга мажбур этган Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев чор ҳукумати маъмурларининг порахўрлиги ва золимлигини фош этиб, айримларини давлат ишидан четлатишга эришди. Мусулмон аҳолисига амалий тарзда ёрдам бериб, мавжуд ҳокимият қонун-қоидаларини тушунтира борди.
Жадид матбуоти ўз вакилларининг фикрларини эълон қилар экан, халқни „ҳар вақт ғафлат уйқусидан уйғотувчи миллат онгининг очқичи“ эканлигини намоён этиш билан бирга Туркистон халқини ҳур фикрлашга ва катта сиёсий курашга ҳозирлай олди. Бу даврда „Эрк“, „Турон“, „Ўқитувчилар жамияти“ каби уюшмалар пайдо бўлди. Мунавварқори айтганидек, „Уларнинг бутун умиди Россиядаги инқилоб жараёнида маҳаллий аҳолини миллий, диний чеклаш ва жабрлашдан озод қилиш, уларнинг ҳақуқуқларини овруполиклар билан тенглаштириш, хилма-хил мактаб ва матбуот ишлари ҳамда турли-туман жамиятлар ташкил этишга кенг имконият яратиб беришга қаратилган эди“.
Жадидлар бу даврда „Озодлик, тенглик ва адолат“ шиори остида ишладилар. Уларнинг 1916-йил мардикорликка олиш воқеасига муносабати ғоятда эътиборга моликдир. Мардикорликка олиш — Биринчи жаҳон уруши кетаётган жойлардаги ишларга туркистонликларни жалб қилиш оқ подшонинг 1916-йил 25-июн фармонига мувофиқ амалга оширилди. Бу кутилмаган тадбир, биринчидан, 1865-йил шартномасига зид эди. Иккинчидан, генерал Алексей Куропаткиннинг хулосасига қараганда, „Аҳоли ва маъмурият турар жойдан ташқаридаги ишларга мутлақо тайёрланмаган ва бундай шошилинч амалга оширилган тадбир оғир тартибсизликларни келтириб чиқарган“. Аҳоли учун ана шундай мусибатли пайтда жадидларнинг кўзга кўринган намояндаларидан Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев („Туркистон мардикорликка олиш қўмитаси“ раиси) ва миллатпарвар бой Миркомилбой Мирмўминбоев Россия жамоатчилигининг эътиборини бу масалага жалб этиш, фармонни бекор қилдириш учун Петербургга йўл олдилар. Давлат думасининг 1916-йил 13- ва 15-декабр кунлари ўтган мажлисида Николай ИИнинг 25-июндаги фармони Россия империясининг қонунчилигида кўрсатилган ҳолларга зид равишда қабул қилингани тан олинди. Фармон Думада муҳокама қилингунга қадар июн—август ойларида жадидлар ҳаракати орқали бир неча эшелон тўхтатиб қолинди. Жадидларнинг мардикорларни қайтаришга уринишлари 1917-йил феврал инқилоби бошланиши билан тўла амалга ошди. Бу ҳодиса эл орасида уларнинг обрўсини кўтарди. Мазкур ҳолат жадидлар маърифатпарварликдан сиёсий курашга аллақачон ўтганликларини билдирар эди.
Пантуркизм
1917-йил жадидчилик ҳаракати ўзининг янги босқичига қадам қўйди. Феврал инқилобидан сўнг ўзбек, татар ва қозоқлар бирлашишга аҳд қиладилар ва „Турон“ уюшмаси заминида „Шурои Исломия“ жамияти тузилди (асосчилари Мунавварқори, Абдувоҳидқори Абдурауфқориев, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев). 1917-йил 14-мартда иш бошлаган бу жамият қишлоқ ва шаҳарларга тарғиботчилар юбориб, озодлик, тенглик ҳақида тушунтириш олиб бориш, сайлов тўғрисида маълумот бериш билан шуғулланди. Унинг дастурини Мунавварқори ёзган эди. Жадидлар жойларда „Шурои Исломия“ тизими яратилишининг ташаббускори бўлдилар. Туркистонга мухторият мақомини бериш ҳаракати Туркистон мустақиллиги учун курашга айланди.
Туркий халқларни бирлаштириш ғояси кун тартибидан мустаҳкам ўрин олди. Ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, бошқирд, татар, туркман каби негизи битта халқларни бирлаштириш ва шу асосда федератив ёки мухториятли давлат қуриш масаласи бўй кўрсата борди. Аммо, Мунавварқори сўзи билан айтганда, кўпгина кишилар жумҳурият билан мухторият ўртасидаги фарқни тушунмаган эди. Хусусан, Туркистон намояндалари чин маънодаги республикани барпо этиш ва унинг давлат таркибини ташкил этишга тўлиқ тайёр бўлишмаган. Қозоқ ва бошқирд намояндалари — Мустафо Чўқай, Закий Валидий ва бошқалар Петербург уларга ҳеч қачон мустақиллик ҳам, мухторият ҳам бермаслигини сезгач, Туркистонга келиб, маҳаллий жадидлар билан бирга иш бошладилар.
Тошкентда „Шўрои Исломия“, „Турон“, „Шўрои Уламо“, „Иттифоқи муслимин“, Қўқонда „Ғайрат“, Бухорода Ёш бухороликлар, Хивада Ёш хиваликлардан ташқари, Самарқандда „Иттифоқ“, „Мирваж ул-ислом“, „Мифтаҳ ул-маориф“ каби ташкилотлар фаолият кўрсата бошлади. Буларнинг ижтимоий-сиёсий йўналишини белгилашда Мунавварқори, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мажид Қори Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Закий Валидий, Мустафо Чўқай, Фитрат, Файзулла Хўжаев, Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Шерали Лапин, Миркомилбой Мирмўминбоев, Обиджон Маҳмудов, Полвонниёз ҳожи Юсупов, Тошпўлатбек Норбўтабеков ва бошқалар фаоллик кўрсатдилар.
„Шўрои Исломия“нинг ташаббуси билан 1917-йил 16-22-апрел кунлари Бутун Туркистон мусулмонларининг 1-қурултойи чақирилди. Қурултой иштирокчилари бир қанча масалалар қаторида Туркистон ўлкасининг давлат мақоми масаласини ҳам муҳокама қилдилар. 1-қурултойда Туркистон ўлка мусулмонлари Шўроси (Краймуссовет) — Миллий марказни ташкил этишга қарор қилинди. Миллий марказга раис бўлиб Мустафо Чўқай, унга ўринбосарлар қилиб Валидий ва Асадуллахўжаев сайланади. Бу эса ташкилотларни бирлаштириш билан бирга миллий озодлик ҳаракатини изга солиб, ташкилий жиҳатдан марказлаштирар эди.
Миллий марказнинг 1917-йил 12-июнда бўлиб ўтган йиғилишида барча жамият ва уюшмаларнинг Марказий мусулмон депутатлари Шўросига бўйсуниши ҳақида Низом қабул қилинади. Марказнинг мақсади халқнинг энг қуйи қатламлари — мардикор ва деҳқонларга тўлиқ ҳуқуқ бериш ва Туркистон мусулмонларини маданий, илмий, иқтисодий ва ғоявий тарбиялаш эди.
1917-йил апрел-июн ойлари орасида жадидлар кўпгина сиёсий масалаларни ва уларга ўз муносабатларини белгилаб олдилар. Пировардида ҳудудий мухторият учун сиёсий вазият пишиб етилганини англаб етдилар.
1917-йил 1-11-майда Москвада бўлган Бутун Россия мусулмонларининг 1-қурултойи берган туртки натижасида мухторият масаласи янада жиддийлашди. 1917-йил 12-14-июлда Фарғонада бўлиб ўтган мусулмон ташкилотларининг қурултойида дастурий масалалар кўриб чиқилди. Унда „Турк Адами Марказият (Федералистлар)“ фирқасининг дастури (маромномаси) ва 22 моддадан иборат низоми қабул қилинди.
1917-йил 17-20-сентабрда Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ва Қозоғистон мусулмонларининг қурултойида „Шурой Исломия“ ва „Шўрои Уламо“, „Турон“ ва бошқа сиёсий ташкилотларни бирлаштириш йўли билан „Иттифоқи муслимин“ сиёсий партиясини тузишга келишилди.
Туркистонни бошқариш шакли тўғрисидаги масала 1917-йил 26-28-ноябрда Қўқонда бўлган Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда 4-қурултойининг диққат марказида турди. Мухторият ва мустақилликни эълон қилиш фикрини ҳамма қўллаб-қувватлади. Туркистон Мухторияти ҳукумати (раиси — Муҳаммаджон Тинишбоев, сўнгра Мустафо Чўқай) ташкил қилинди. Фитрат, Чўлпон, Ҳамза сингари жадид шоирлар Туркистон Мухториятини алқаб, сатрлар битишди.
Совет ҳукумати ўрнатилгандан кейинги аҳволи
1918-йил февралда Туркистон Мухторияти болшевиклар томонидан қонга ботирилгач, жадидчилик ҳаракати кучли ўзгаришга учради. Совет режими билан муроса қилишни хоҳламаган Туркистон жадидларининг катта қисми истиқлолчилик ҳаракати сафларида ва яширин миллий ташкилотларда фаолият кўрсатган бўлса, айримлари совет ҳукумати идораларида иш бошлашга мажбур бўлдилар.
Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида аҳвол сал бошқачароқ кечди. 1920-йилда қизил армия ҳар икки давлат ҳудудига бостириб кирди. Бухоро Халқ Совет Республикаси ва Хоразм Халқ Совет Республикаси тузилиб, жадидлар ҳокимият тепасига келишди. Демак, 1920-йилдан жадидчилик ҳаракати ўз тараққиётининг янги босқичига, яъни советлар билан муроса йўлига қадам қўйди.
1920-йил 1-7-сентабрда Бокуда Шарқ халқдари қурултойи чақирилди. Қурултойда қабул қилинган қарорлар Туркистон халқларининг кейинги тақдирида муайян рол ўйнади. Унда Мунавварқори, Турор Рисқулов, Чўлпон, Салимхон Тиллахонов, Ражаб Муҳамедов, Қудратилла Юнусов, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Обиджон Маҳмудов, Тўрақул Жонузоқов, Зайниддин қори Насриддинов, Ҳожи Сафо Жўрабоев, Ғози Юнус каби туркистонлик миллат фидойиларидан жами 90 киши иштирок этди. Қурултой ишида Туркиядан келган ва шахсан Лениннинг ўзи юборган Анвар пошо ҳам қатнашди. Бироқ, мазкур қурултой болшевикларнинг Англияга қарши қаратилган дўқ-пўписаси эканлиги мажлисларда аён бўлди. Шу боис туркистонлик 40 нафар делегат қурултой тугагач, ўзаро кенгаш ўтказиб, унда „Туркистондаги совет ҳокимиятига қарши ташвиқот ишлари“ни авж олдиришга ва „Октабр инқилобининг уч йиллиги кунида умумхалқ қўзғолони кўтариш“га ахд қилдилар. Бироқ, уларнинг бу режаси тўлиқ амалга ошмади.
Туркистон жадидлари фаолияти бутун ўлкани қамрайдиган, инглизларнинг скаутинг мактаб дастурига яқин дастур асосида ишлайдиган „Турон кучи“, „Турк кучи“, „Темур“, „Изчилар“, „Лочин“ каби гуруҳларни туздилар. Бу гурухлар ўрта мактаб таълими, ҳунар, санъатдан ташқари, ҳарбий машқлар билан шуғулланиб, шўроларга асосий зарба берувчи куч сифатида кўрина бошлади. 1920-йил совет режими бу гурухлар фаолиятини тугатди.
Фарғона ва Тошкентдаги воқеалар якуни жадидларнинг умидларини сўндира олмади. Улар Бухоро республикаси раҳбарлари билан биргаликда иш бошладилар. Бухорода жадид тараққийпарварлар фирқаси тузилди. Бу фирқа дастурига кўра, давлатни жумҳурият раиси (президент) ва парламент бошқариши кўзда тутилган эди.
1921-йил 2-5-августда Бухорода Валидий бошчилигида Туркистон миллий бирлиги ташкилоти тузилди. У истиқлолчилик ҳаракатини жипслаштиришда муҳим рол ўйнайди. Туркистон миллий бирлиги ташкилоти билан Мунавварқори раҳбарлигидаги „Миллий иттиҳод“ (1919-йил тузилган) ташкилоти ўзаро ҳамкорликда фаолият кўрсатди. Ҳар икки ташкилотнинг асосий мақсади Бухоро республикаси, умуман, Туркистон минтақасини советлаштириш ва руслаштириш таъсиридан сақлаб қолиш, Туркистоннинг мустақиллигига эришиш бўлган. 1925-йил „Миллий иттиҳод“ ташкилоти асосида „Миллий истиқлол“ ташкилоти тузилади.
Сўнгги йиллари
Жадидчилик ҳаракатининг сўнгги йиллари фаол сиёсий курашлар билан ажралиб турмайди. Бу даврда совет режими турли сиёсий ишлар („Ўн саккизлар гуруҳи“, „Иноғомовчилик“, „Қосимовчилик“, „Бадриддиновчилик“ ва бошқа) тузиб, миллий зиёлиларни оммавий равишда қатағон қилишга киришди. 1929-йил ноябрда Мунавварқори бошчилигидаги 38 кишининг қамоққа олиниши (кейинчалик уларнинг сони 87 кишига етган) билан жадидчилик ҳаракатига кучли зарба берилди.
Жадидчилик ҳаракати сиёсий маърифатпарварликдан жадид тараққийпарварлар фирқаси даражасига кўтарила олди. Бу ҳаракат ҳамда фирқа аъзолари ўз фаолияти ва дастурига кўра, шўро адабиётларида айтилганидек, „бир ҳовуч бойлар манфаатига хизмат қилувчи либерал буржуазия вакиллари“ эмас, балки Туркистоннинг барча халқлари тақдирини ўйлаб иш кўрган демократик жараённинг намояндалари эди.
Туркистонда совет ҳокимияти зўравонлик йўли билан ўрнатилгач, жадидларнинг бир қисми фаол сиёсий ҳаётдан четлашиб, фақат бадиий ижод билан шуғулланди (Абдулвоҳид Бурҳонов, Абдулла Авлоний, Садриддин Айний ва бошқалар). Айрим жадидлар совет идоралари маданий-маърифий шоҳобчаларида меҳнат қилишди (Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Мунавварқори, Ҳамза, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков ва бошқалар). Баъзи жадидлар „маҳаллий коммунистлар“ сифатида юқори давлат ва ҳукумат лавозимларида ишлашни давом эттирди (Файзулла Хўжаев, Абдулқодир Муҳиддинов, Низомиддин Хўжаев ва бошқалар). Айрим жадидлар бўлса, Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракати сафларига бориб қўшилди ва хорижга муҳожирликка жўнаб кетди (Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Садриддинхон Шарифхўжаев, Абдулҳамид Орипов ва бошқалар).
Жадидчилик ҳаракатининг барча таниқли намояндалари (Садриддин Айнийдан ташқари) 30-йилларда совет мустабид режими томонидан амалга оширилган қирғин натижасида ҳалок бўлди. Жадидчилик ҳаракатига совет даврида „миллатчилик“, пантуркизм, панисламизм тамғалари босилиб, қораланди. Жадид адабиётини ўқиш тақиқланди.
Ўзбекистон мустақиллигидан кейинги талқин
Совет даврида ёзилган адабиётларда жадидчиликка „буржуа-либерал ҳаракат“ деб таъриф берилган. ССРИ парчаланиб кетганидан кейин жадидчилик ҳаракати ва унинг намояндалари номи қайта тикланди. Тарихчи, адабиёцҳунос, тилшунос, файласуф, ҳуқуқшунос, санъацҳунос ва педагог олимлар жадидларнинг илмий ва адабий меросини ўрганишда дастлабки натижаларни қўлга киритишди. Мустақиллик йилларида Фитрат, Чўлпон, Абдулла Авлонийнинг 2 жилдли, Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Сидқий Хондайлиқий, Ибрат, Ажзий, Сўфизоданинг 1 жилдли, шунингдек, Файзулла Хўжаев, Мунавварқори, Полвонниёз ҳожи Юсуповнинг асарлари чоп қилинди. Жадидларнинг 20 та машҳур вакили киритилган „Унутилмас сиймолар. Жадидчилик ҳаракатининг намояндалари“ (Тошкент, 1999) албом-китоби нашрдан чиқди. Уларнинг фаолияти дарслик ва қўлланмаларга киритилди.
1999-йил 16-18-сентабрда Тошкентда „Марказий Осиё ХХ аср бошида: ислоҳотлар, янгиланиш, тараққиёт ва мустақиллик учун кураш (Жадидчилик, Мухториятчилик, Истиқлолчилик)“ мавзуида халқаро конференсия ўтказилиб, унда АҚСҲ, Германия, Франсия, Италия, Нидерландия, Туркия, Россия, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан келган нуфузли олимлар жадидчилик ва истиқлолчилик ҳаракатлари тўғрисида жаҳон илм-фанида тўпланган сўнгги хулосалар юзасидан ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўзаро фикр алмашдилар. Жадидчилик ҳаракати жаҳоншумул аҳамиятга молик ҳодиса эканлиги эътироф қилинди. Конференсияда ушбу муаммони тадқиқ қилувчи халқаро илмий кенгаш тузилди
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ Аҳмедов, Сирожиддин; Ражабов, Қаҳрамон (2000-2005). "Жадидчилик". Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Тошкент: Ўзбекистон миллий энсиклопедияси.
- ↑ "Жадидизм". Энсиклопедик луғат. 1. Тошкент: Ўзбек совет энсиклопедияси бош редаксияси. 1988. п. 271.
- ↑ "Жадидизм". Ўзбек совет энсиклопедияси. 4. Тошкент: Ўзбек совет энсиклопедияси бош редаксияси. 1973. 278-279 б.
Адабиётлар
- Айний С., Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар, Москва, 1926;
- Рисқулов Тошкент, Революсия и коренное население, Тошкент, 1926;
- Зиё Сайд, Ўзбек вақтли матбуотига оид материаллар (1870—1927), Тошкент, 1927;
- Программниэ документи мусулманских политических партий (1917—1920), Оксфорд, 1985;
- Революсия в Средней Азии глазами мусулманских болшевиков, Оксфорд, 1985;
- Политическая жизн русских мусулман до февралской революсии, Оксфорд, 1987;
- Мустафо Чўқай ўғли, Истиқлол жаллодлари, Тошкент, 1992;
- Чўлпон, Асарлар, 1-2-жилдлар, Тошкент. 1994;
- Ражабова Р. ва бошқалар, Ўзбекистон тарихи (1917—1993-йиллар), Тошкент, 1994;
- Хўжаев Ф., Бухоро инқилобининг тарихига материаллар, Тошкент, 1997;
- Валидий, Бўлинганни бўри ер (Хотиралар), Тошкент, 1997;
- Авлоний А., Танланган асарлар, 1-2-жилдлар, Тошкент, 1998;
- Ўзбекистон тарихи: янги нигоҳ. Жадидлар ҳаракатидан миллий мустақилликка қадар, Тошкент, 1998;
- Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш, Тошкент, 1999;
- Беҳбудий М., Танланган асарлар, Тошкент, 1999;
- Фитрат, Танланган асарлар, 1-2-жилдлар, Тошкент, 2000;
- Алимова Д., Джадидизм в Средней Азии. Пути обновления, реформи, борба за независимост, Тошкент, 2000;
- Ўзбекистоннинг янги тарихи. 1-китоб [Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида], Тошкент, 2000;
- 2-китоб Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида, Тошкент, 2000;
- Юсупов П., Ёш хиваликлар тарихи (Хотиралар), Урганч, 2000;
- Туркестан в начале ХХ века: к истории истоков националной независимости, Тошкент, 2000;
- Абдурашидхонов М., Хотираларимдан, Тошкент, 2001;
- Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари, Тошкент, 2001;
- Марказий Осиё ХХ аср бошида: ислоҳотлар, янгиланиш, тараққиёт ва мустақиллик учун кураш, Тошкент, 2001.
Ҳаволалар
- Жадидларни Ўзбекча Википедия тақиқламаган, Озодлик радиоси, 1-май, 2014
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |