Дунё тиллари

Дунё тиллари ёки жаҳон тиллари — Ер шарида яшовчи (ёки аввал яшаган) халқларнинг тиллари. Уларнинг умумий сони 2500-дан 5000 гача. Кўп тарқаган дунё тилларининг сафига (миллион киши ҳисоби билан 1985-йилги маълумот бўйича) кирувчи тиллар: хитой (1 млрд-дан зиёд), инглиз (420), ҳинд, ўнга яқин урду (320), испан (300), рус (250), индонезия (170), араб (170), бенгал (170), португал (150), япон (120), немис (100), франсуз (100), панжоб (82), италян (70), корейс (65) тиллари. Бу ҳисобга уларни гапирувчилари билан бирга миллатлараро, халқлараро алоқа сифатида фойдаланувчилар ҳам киради. Барча дунё тиллари яқинлигига қараб тилли оилаларга бўлинади. Уларнинг ҳар бири яқин диалектлари гуруҳидан чиққан, қадимги замонларда бир тилнинг диалектлари бўлган ёки бир тилли иттифоққа кирган.

Жаҳон тиллари — ер юзида ҳозирги яшаётган ва қадимда яшаб ўтган халқларнинг тиллари Жаҳон тиллари умумий сони турли манбаларда 2500 дан 5000 ва ундан ортиқ деб кўрсатилади (буларнинг аниқ сонини белгилаш жуда мураккаб, чунки тиллар ўртасидаги ва ҳар бир тилнинг диалектлари орасидаги фарқлар ниҳоятда шартлидир) Жаҳон тиллари ичида кенг тарқалганлари (сўзлашувчилар сонига кўра) қуйидагилар: хитой, инглиз, рус, испан, ҳинд ва урду, индонез, араб, бенгал, португал, япон, немис, франсуз, италян, панжоб, телугу, корейс, маратха, тамил, украин ва бошқалар. Қариндошлигига кўра Жаҳон тиллар оиласига бирлашади. Булардан энг кенг тарқалгани ҳинд-европа тиллари оиласига мансуб тиллардир. Мазкур тиллар тараққиёти тарихида қад. ҳинд даври — ведалар, санскрит тили, ўрта ҳинд даври— пали ва пракрити тили, сўнгги ҳинд даври — ҳозирги ҳинд ва унга яқин бўлган урду, бенгал, маратҳа, панжоб, гужорат, орий синдхи, непал, сингал ва бошқалр алоҳида ажралиб туради. Эрон тиллари генетик жиҳатдан ҳинд тилларига энг яқин тиллар ҳисобланади. Булар орасида қад. эрон тили — қад. форс, оваста, скиф тиллари; ўрта эрон — ўрта форс (паҳлавий), парфия, суғд, хоразм ва бошқалар; сўнгги эрон — форс, пушту (афғон), курд, осетин, помир, тожик ва бошқа тиллар алоҳида ажратиб кўрсатилади. Бу тиллар вакиллари мил. ав. 3-минг йилликда Ғарбий Осиё ва Шимолий Қора денгиз ва Каспий бўйи ҳудудларига тарқала бошлайди. Қадимий ҳинд тилидаги матнларнинг дастлабкилари мил. ав. 1-минг йилликда ёзилган бўлиб, пракрити тиллари улардан ривожланиб, ажралиб чиққан, ўз навбатида бу тиллардан сўнгги ҳинд тиллари — ҳинд, урду, бенгал, маратҳа, панжоб, ражастхон, гужорат, орий ва бошқа тиллар вужудга келган. Мил. ав. 1-минг йилликдан бошлаб Европада ҳинд-европа тилларининг ғарбий гуруҳига мансуб тиллардаги ёзув ёдгорликлар маълум. Булар улик италий тиллар бўлиб, лотин, фалисий, оск, умбарс ва б. шу гуруҳга мансуб. Лотин тилининг маҳаллий туридан роман тиллари таркиб топади: булар — испан, португал, франсуз, каталон, провансал, италян, сардин, рето-ро-ман, румин, молдован ва бошқа тиллардир. Келт тиллари ҳам италий тилларига яқин туради ва ҳинд-европа тиллари оиласининг алоҳида гуруҳини ташкил этади. Бунинг таркибига ҳозирги бретон, вал (уэлс-бретон), ирланд, шотланд, гел, мена, шунингдек, ўлик галла ва корнуэл (корн) тиллари киради. Қадимий ҳинд-европа тиллари оиласи гуруҳига герман тиллари ҳам киради. Хоз. герман тиллари қуйидаги гуруҳчаларга бўлинади: 1) шимолий герман (ёки Скандинавия) гуруҳчаси. Бунинг таркибига швед, норвег, дан, исланд ва фарерия тиллари киради; 2) ғарбий герман гуруҳчаси. Бунинг таркибига инглиз, немис, нидерланд (голланд), фриз, идиш ва африка тиллари киради. Собиқ шарқий герман гуруҳчасига кирган тиллар (гот ва бошқалар) ўлик тилга айланган. Ҳинд-европа тиллари оиласига кирувчи балтлар ва славян тиллари гуруҳлари бир-бирига яқин туради. Болтик, тиллари таркибига ҳозирги латиш, литва, шунингдек, уликпрусс ва бошқа тиллар киради. Славян тиллари гуруҳида: шарқий славян — рус, украин ва белорус; ғарбий славян — поляк, чех, словак, лужица ва улик полаб тиллари; жанубий славян тиллари гуруҳида эса серб-хорват, Словения, болгар, македон, шунингдек, эски славян тиллари бор. Грек, арман ва албан тиллари ҳинд-европа тиллари оиласининг алоҳида гуруҳини ташкил этади. Хет тили, тоҳар тили, фригий, фракий, иллирий ва бошқа тиллар кўҳна ҳинд-европа тилларидан ҳисобланади.

Сом-хом тиллари (анъанага кўра африка-осиё тиллари оиласи деб ҳам аталади) таркибига сом тиллари (ўлик аккад, эблаит, кўҳна ханаан, қадимий яҳудий, қадимий оромий, эфиоп ва бошқа тиллар, шунингдек, хоз. иврит, араб, амҳара, тикрика ва бошқа тиллар), барбараливия, чад (булар орасида энг кўп тарқалган — хауса), кушит (сомали, галла ва бошқалар), аллақачон ўлик тилга айланган миср тили, ундан келиб чиққан котт тили киради.

Финугор тиллари, бир томондан, угор тиллари (венгер, ханти ва манси тиллари)га, иккинчи томондан, 4 гуруҳчага: перм (удмурт, комизирян ва комипермяк) тиллари, волга (мари ва мордва) тиллари, болтиқ бўйифин (фин, эстон, кенел ва бошқалар) тиллари ва суоми тилларига бўлинади.

Турк, ўзбек, озарбайжон, татар, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, чуваш, бошқирд, саха, гагауз, қорайим ва бошқалар, шунингдек, бир қатор улик тиллар туркий тиллар оиласини ташкил этади. Бу тиллар қуйидаги гуруҳларга бирлашади: 1) булғор (чуваш тили шунга мансуб); 2) жанубий-ғарбий (турк, озарбайжон, туркман ва бошқа тиллар); 3) шимолий-ғарбий (татар, бошқирд, қорайим, қумиқ, нўғой, қорақалпоқ, қозоқ тиллари ва олтой тилларига бирлашиб қирғизқипчоқ гуруҳини ташкил этувчи қирғиз тили); 4) жанубий-шарқий (ўзбек ва уйғур тиллари); 5) шимолий-шарқий (Саха Республикаси, Сибир ва Олтойдаги бошқа тиллар, шунингдек, ўлик туркий тиллар, яъни қадимий туркий ёзувдаги Урхун-Енисей ва бошқалар ёзув ёдгорлиги битилган тиллар).

Бурят, ҳозирги мўғулларнинг ўз тили ва буларга яқин қалмоқ, ойрот ва бошқа тиллар мўғул тилларини ташкил этади. Тунгусманжур тиллари таркибига манжур, эвен ва б. тиллар киради. Жаҳон тиллари орасида япон тили (унга қардош бўлган рюкюси тили) аниқ ўз ўрнига эга эмас. Баъзи олимлар буларни (корейс тилини ҳам) олтой тиллари гуруҳига қўшадилар. Дравид тиллари таркибига телугу, тамил, каннада, малаялам, тулу, гонди ва бошқалар тиллар, шунингдек, буларга қардош элам тили киради. Баъзи илмий фаразларга кўра, ҳиндевропа, сом-хом, картвел, ўрол, олтой, дравид тиллари ягона улкан тиллар оиласини ташкил этади.

Картвел (жанубий Кавказ) тиллари таркибига грузин, зан (ёки мергелочан) ва сван тиллари киради. Шимолий Кавказ тиллари 3 гуруҳдан — абхаз, адигей, нах ва доғистон тиллари гурухидан иборат. Хитой-тибет тиллари таркибида хитой, тибет-бирма (тибет, бирма, улик тангут, качин), шунингдек, ҳимо-лай, невар ва б. тиллар бор. Баъзи таснифларга кўра, австронез тиллари алоҳида оилани ташкил этади ва монкхемер, палаунгва, Ветнам, малакка, мунда, мяо-яо ва б. тилларни ўз ичига олади. Малайя-полинезия тиллари (қаранг Малайя тили ва Полинез тиллари) кўпчилик олимлар томонидан бир оилани ташкил этади деб ҳисобланади. Унинг таркиби, анъанага кўра, 4 гуруҳга булинади: индонез тиллари, меланез тиллари, полинез тиллари ва микронез тиллари. Осиё қитъасидаги тиллар орасида келиб чиқишига кўра, турлича бўлган палеоосиё тиллари алоҳида ўрин тутади. Палеоосиё тиллари ва улиб бораётган айна тилида Шим. Америка индейслари тилларига хос хусусиятлар учрайди. Австралия тиллари битта оилани ташкил этади. Гараде, наринери, мудура, аранда, вадюг ва бошқа қабилаларнинг тиллари шу оилага мансуб. Ҳинд-Тинч океан (шу жумладан, кўп сонли папуас тиллари) ва андаман тилларининг бир-бирига қардошлиги аниқланган. Африка туб аҳолисининг тиллар таснифи тугал ишланган эмас. Ўз таркибига энг куп тилларни нигеркордофан ёки конго-кордофан оиласи бирлаштирган (қаранг Нигер-конго тиллари). Бу оилага манде, ква, банту (шулардан энг кўп тарқалгани суахили), гур ва бошқа тиллар гуруҳи киради. Африка халқлари тиллари орасида койсан тили (готтентот ва баъзи бошқа тиллар) алоҳида ўринни тутади. Индейс тиллари тугал тадқиқ этилмаган, ўзаро генетик алоқалари хусусида аниқ, илмий маълумотлар йўқ. Жаҳон тилларининг анчагинаси ҳақидаги маълумотлар бизгача сақланиб қолган қад. ёзув ёдгорликларидан маълум, кўпгина тиллар эса изсиз йўқолган. Жанубий-Шарқий Осиё, Африка ва Америка халқлари тилларининг таснифи ишлаб чиқилмаган. Шунинг учун инсониятнинг тил тарихи ҳозирги фанда унча тўлиқ ёритилган эмас.

Адабиёт

  • Атлас народов мира, М., 1964; Абдураҳмонов Т. А., Рустамов А., Қадимги туркий тил, Т., 1982.[1]

Тил оиларининг анчаси фақат шахсий эра номлари билан кирма элементларда сақланган ёки батамом йўқолган дейишга бўлади. Айрим қадимги тиллардан сақланган ёдгорликларнинг (масалан, криттеги иэроглиф тили) маъноси ҳали ҳануз чиққани йўқ. Айрим қадимги маданий тиллар (шумер, этрус) сўнги йилларда бир қатор текширувлар борлигига қарамасдан, тилларнинг генеалогик гуруҳларга бўлишида ҳали ҳануз аниқ ўрин топмаган. Америка, Африка, Жанубий-шарқий Осиё, Янги Гвинея ва Океаниядаги кўпгина тиллар ҳали ҳануз батамом текширилиб гуруҳларга ажралгани йўқ.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг маълумотига кўра, 1992-йилда ер юзи аҳолиси 5 миллиард-у 200 миллиондан зиёд эди. Дунёдаги халқлар 2976 хил тилда гаплашади. Шундан 200 та тилнинг ҳар бирида бир миллиондан ортиқ 70 та тилнинг ҳар бирида 5 миллиондан зиёд, фақат 13 та тилнинг ҳар бирида 50 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Қолганларининг ҳар бирида эса бир миллиондан оз киши гаплашади. Кавказ тоғларининг бағрига жойлашган Доғистонда бир миллиондан ортиқ халқ бўлиб, улар қирқга яқин тилда сўзлашади.

Тирик ва ўлик тиллар

Тиллар тирик тиллар ва ўлик тиллар иккига бўлинади. Халқлар ҳозир гаплашадиган тиллар тирик тил ҳисобланади. Масалан: украин тили, озарбайжон тили, рус тили ва бошқалар. Бизга ёзма ёдгорликлари етиб келган, аммо ер юзида яшаётган халқларнинг ҳар бири ҳозир муомалада ишлатмайдиган тил ўлик тил деб юритилади. Масалан: лотин тили, қадимги ҳинд тили ёки, санскрит, қадимги славян тили, қадимги хоразмий тили ва бошқалар; Лотин тили кўп асрлар давомида тирик тил бўлган: антик давр да римликлар ва Рим империясидаги кўп халқлар лотин тилида гаплашганлар. Бу тилда илмий ва публисистик асарлар ёзилган, ажойиб бадиий асарлар яратилган. Бундай асарлар ҳозир ҳам турли тилларга таржима қилиниб, нашр этиляпти. Бу тилдан ҳозир ҳам ўрта ва олий тиббиёт ўқув юртларида хабардор қилинади. Тиббиётда киши аъзолари номлари, дориларининг номлари ва бошқалар лотинча ёзилади ва айтилади. Бизнинг давримизда жаҳон халқларининг 30 фоиздан зиёди ўз ёзувларига лотин алифбосини асос қилиб олганлар. Ўлик тил ҳисобланадиган қадимий хоразмий тили ва ёзуви эроний тилларнинг шарқий туркумига мансуб бўлиб, қадимий Хоразм аҳолиси шу тилда гаплашган. Хоразмий тили ХИ асрларга келиб истеъмолдан қолган ва ўлик тил ҳолига келган. Дунёдаги тиллар келиб чиқиши, луғавий ва грамматик жиҳатдан якдиллигига қараб бир неча тил оилалаларига бўлинади.

Тил оилалари ва туркумлари

Тил оилалари, ўз навбатида туркумларга бўлинади, масалан, тилларнинг ҳинд-европа оиласи қуйидаги тил туркумларини ўз ичига олади.

  1. Ҳинд туркуми (90 тирик тил ва 3 ўлик тил).
  2. Эрон туркуми (11 тирик тил ва 10 ўлик тил).
  3. Славян туркуми (11 тирик тил ва 4 ўлик тил).
  4. Болтиқ туркуми (литва, латиш, латгал тиллари ва ўлик прусс Тиллари).
  5. Герман туркуми (дат, швед, норвег, исланд, инглиз, голланд, немис, шин яхудий тиллари).
  6. Роман туркуми (франсуз, провансал, италян, испан, португал, румин, молдаван тиллари ва ҳамма ти¬рик роман тиллари учун асос тил ҳисобланган ўлик лотин тили).
  7. Келт туркуми (ирланд, шотланд, Бретон, уэлс .тиллари).
  8. Грек тили.
  9. Албан тили.
  10. Арман тили.
  11. Анатолий туркуми (ўлик тиллар).
  12. Тохар туркуми (ўлик тиллар).

Бу тил туркумларининг ҳаммаси бир асос тилдан ҳосил бўлган. Ўзбек тили тилларнинг олтой оиласининг туркий туркумига киради. Маълум тилларнинг пайдо бўлиши учун манба бўлиб, ўзи алоқа воситаси сифатида ишлатилмайдиган бўлиб қолган тил асос тил (бобо тил) деб юритилади. Одатда, бир тилда гаплашадиган халқ қандайдир тарихий сабаблар билан қабилаларга бўлиниб, турли томонларга тарқалган ва бу қабилаларнинг бир-биридан алоқалари узилган. Ҳар бир қабиланинг тили ўз тараққиётида давом этган.

Тирик тил ҳамма вақт ривожланиб туради. Аммо бу қабилаларнинг турмуш шароитлари ҳар хил бўлган. Демак уларнинг тиллари ҳам турли йўллар билан ривожланиб борган. Орадан маълум давр ўтиши билан бир вақтлар бир халқдан пайдо бп’лган қабилалар тилида ўзгаришлар рўй бериб, бир қабила кишилари бошиқа бир қабила кишиларининг тилини яхши тушунмайдиган бўлиб қолган. Ҳар бир қабиланинг тили бир вақтлар бу қабилалар учун умумий бўлган тилдан сезиларли фарқ қилиб қолган. Шундай қилиб, бир вақтлар умумий бўлган тил қабилаларнинг янги пайдо бўлган тилларига нисбатан асос тил ҳисобланди. Тил асосан мулоқот воситаси ҳисобланади.

Ҳаволалар

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил