Жалил Сайфи (тахаллуси; асл исмишарифи Жалилов Жалил) (1932.20.6, Самарқанд 2003.11.2, Тошкент) — композитор, созанда, дирижёр. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1977). Ўзбекистон халқ артисти (1988). Тошкент консерваториясини тугатган (1967). Ўзбекдавлат филармонияси халқ чолғу асбоблари оркестри созандаси ва дирижёр (1950—66), "Шодлик" ансамбли бадиий раҳбари (1970—71), консерваторияда ўқитувчи (1967 йилдан), профессор (1990 йилдан), кафедра мудири (1992— 98). Ижодини лирик қушик/тр ("Кел, эртароқ", "Она юртим" ва бошқалар), романслар ("Айт", "Кечалар юлдуз санаб" ва бошқалар), камерчолғу ва оркестр песалар, сюита ва квартетлардан бошлаган. Кейинчалик, симфоник оркестр учун яратган "Тошкент манзаралари" (1966), "Қалам қошлигим" (1967) мусиқали комедияси, "Навоий Астрободда" (1967, Ю. Ражабий билан) мусиқали драмаси ва, айниқса, танбур ва ўзбек чолғу асбоблари оркестри учун "Қалбимда" поэмасида ўзбек анъанавий бастакорлик услубини европача композиторлик ижодиёти тамойиллари билан узвий уйғунлаштиришга эришган. Скрипка ва оркестр учун 2 консерт (1974, 1995), Ўзбекистонда биринчи виолончел ва оркестр учун консерт (1975), 2 та симфония (1978, 1983), "Зебуннисо" (1986) ва "Маликаи айёр" (1987) опералари, "Шарқ фрескалари" (1988) балети муаллифи. "Лақма", "Тўланой", "Юлдузлар жамоли", "Шайтон муридлари", "Кампир кетармиш" каби асарлари билан ўзбек мусиқали комедияси ва драмаси ривожига катта ҳисса қўшган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати (1979).[1]

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил