Жамият (лотинча: соcиум — „умумий“) — кишиларнинг тарихан қарор топган ҳамкорлик фаолиятлари мажмуи ҳисобланади. Жамиятдаги ҳамма нарса (моддий ва маънавий бойликлар, инсонлар ҳаёти учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратиш ва бошқалар) муайян фаолият жараёнида амалга ошади. Инсонлар фаолияти ва улар ўртасидаги ижтимоий муносабатлар Жамиятнинг асосий мазмунини ташкил этади. Булар ишлаб чиқариш, оилавий, сиёсий, ҳуқуқий, ахлоқий, диний, эстетик фаолиятлари ва уларга мое келувчи муносабатлардир. Жамият моддий ишлаб чиқаришсиз бўлмайди. Унда инсонларнинг озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой ва бошқага бўлган эҳтиёжлари қондирилади. Жамиятда жамиятнинг табиат билан ўзаро таъсири намоён бўлади. Одамлар ўзининг моддий ишлаб чиқариш фаолиятида иродаси ва онгига боғлиқ бўлмаган ҳолда ишлаб чиқариш муносабатларига киришади. Жамият тараққиёти табиий-тарихий, қонуний жараёндир. Моддий ишлаб чиқариш Жамиятнинг ижтимоий тузилиши, яъни муайян ижтимоий қатлам, тоифа ва гуруҳларнинг ривожланишига бевосита таъсир кўрсатади. Жамиятда турли қатлам ва тоифаларнинг мавжудлиги меҳнат тақсимоти, шунингдек, ишлаб чиқариш воситаларига бўлган мулкчилик муносабатлари, жамиятда яратилган моддий бойликлардан оладиган улушига боғлиқ. Булар Жамиятдаги кишиларнинг фаолияти ҳамда даромадига қараб турли касбий ва ижтимоии гуруҳларга ажралишининг негизидир. Жамият ҳаёти иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий-маънавий соҳаларга ажралади. Иқтисодий соҳа моддий бойликларни ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилишни ўз ичига олади. Унда мамлакатнинг хўжалик ҳаёти ташкил этилади, унинг турли тармоқларининг ўзаро боғликлиги ҳамда халқаро иқтисодий ҳамкорлик амалга оширилади Бу жамият тараққиёти учун энг асосий соҳадир. Ижтимоий соҳа жамият даги ижтимоий гуруҳлар, табақалар, тоифалар ҳамда миллий бирликлар, уларнинг ижтимоий ҳаёти ва фаолиятини уйғунлаштиради (қаранг Ижтимоий гуруҳлар). Сиёсий соҳа турли ижтимоий тоифа ва гуруҳлар, миллий бирликлар, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар, жамоат ташкилотларнинг ўз сиёсий фаолиятини амалга оширувчи макондир. Уларнинг фаолияти Жамиятдаги ўрнатилган сиёсий муносабатлар асосида ўз сиёсий манфаатларини амалга оширишга қаратилади (қаранг Жамиятнинг сиёсий тизими). Маънавий соҳада кишилар турли маънавий қадриятларни яратади, тарқатади ва Жамиятнинг турли қатламлари томонидан ўзлаштирилади. Бу сохага адабиёт, санъат, мусиқа асарлари билан бир қаторда кишиларнинг билим савияси, фан, ахлоқий меъёр ва умуман олганда, Жамиятҳаётининг маънавий мазмунини ташкил қилувчи нарсалар киради (қаранг Маънавият).

Ҳозир Ўзбекистонда Жамият тараққиётининг энг асосий муаммоси инсонларнинг, айниқса ёш авлоднинг маънавий дунёсини шакллантириш ва бойитиш, уларни истиқлол мафкураси асосида тарбиялаш, ўзбек халқининг бой маданий ва маънавий мероси, қадриятлари, анъаналари ва урф-одатларини эгаллашлари учун шарт-шароит яратишдир. Ўзбекистонда фуқаролик, ҳуқуқий, демократик, дунёвий жамият барпо этилмоқда[1].

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Жамият“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Ж-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.

Ҳаволалар