Жамоат бирлашмалари - фуқароларнинг қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган бирлашмалари. ЎзРда Жамоатб бирлашмалари сирасига касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, ва ёшларнинг ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари киради. Ж. б. — халқташаббускорлиги, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишининг намоён бўлиши, демократия ва ҳуқуқий давлатнинг таркибий қисми, фуқаролик жамиятига хос турмуш шаклидир. Ж. б. қуйидаги мақсадларда тузилади: кишиларнинг фуқаролик, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш, давлат ва жамоат ишларини бошқаришдаги иштирокини кучайтириш, касб ва ҳаваскорликка оид қизиқишларини қондириш, илмий-техник ва бадиий ижодкорликни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлаш, хайрия ишларида қатнашиш, касб, маданият, соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт, табиатни, тарихий ва маданий ёдгорликларни муҳофаза этиш соҳасида тадбирлар ўтказиш, фуқароларни ватанпарварлик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, халқаро алоқаларни кенгайтириш ва қонун билан тақиқланмаган бошқа соҳаларда фаолият юритиш. Ж. б. ҳақидаги қонун-қоидалар ЎзР Конституцияси ХИИИ бобида ва "Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида"ги (1991-йил 15 феврал) қонунда белгилаб берилган. Уларда таъкидланишича, давлат Ж. б.нинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, Ж. б.да иштирок этиш учун барчага тенг ҳуқуқий имкониятлар яратади. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг Ж. б. фаолиятига, Ж. б.нинг эса давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил