Jamoat ishlari
Жамоат ишлари - ташкилотлар, хўжаликлар ва муассасаларда юқори малака талаб қилмайдиган ва мавсумий, вақтинчалик, ҳақ тўланадиган ишлар; бозор иқтисодиёти мамлакатларида ишсизларни тезкор тарзда ҳақ тўланадиган иш билан таъминлаш усулларидан бири. Ж. и. мавсумий, ҳудудий ёки аҳолининг алоҳида тоифаларини қамраб олган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ташкил этилади. Ж. и. аксарият ҳолларда вақт жиҳатдан қисқа муддат давом этиб, алоҳида ихтисосликни талаб этмайди. Одатда, Ж. и.ни кўпроқ жисмоний меҳнат талаб қилувчи ишлар (қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, майда ирригация ишларини бажариш, арзон мактаб ва уй-жойлар қуриш, ўрмончилик, шаҳарлардаги ободончилик ишлари ва б.) ва ижтимоий тавсифга эга ишлар (мае, ногиронлар, беморлар, етим болаларга қараш ва б. хизматлар) га ажратилади.
Дастлаб Ж. и. махсус умуммиллий дастурлар асосида ХХ асрнинг 30-й.ларда АҚШда ташкил қилинган. Ҳоз. жаҳоннинг аксарият ривожланган мамлакатларида Ж. и.га ёшларни жалб қилиш анъанаси мавжуд (мае, Франсияда 1984-йилдан 16—21 ёшдаги ўқишни ташлаган ишсизларни Ж. и.га жалб қилиш дастури жорий қилинган, Англияда эса ишcизлик даври узоқ, чўзилган ишсизлар учун шундай дастур амал қилади).
Ўзбекистонда Ж. и.ни ташкил қилиш Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида" қонуни (1992-йил) қабул қилиниши билан аҳолини иш билан таъминлашнинг чора-тадбири сифатида амалга оширила бошланди. Ўзбекистонда давлат ҳокимияти органлари Ж.и. ни меҳнат органларининг таклифи ва бевосита иштироки билан ўз мулкидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ҳамда шартномалар асосида турли мулкчилик шаклидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ташкил этади. Меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишcиз деб эътироф қилинган фуқаролар икки ойгача узайтириш ҳуқуқи билан муддатли шартномалар асосида Ж. и.да иштирок этишлари мумкин. Уларга тўланадиган иш ҳақи бажарилаётган ишга қараб, лекин 15% оширилган ишcизлик нафақасидан кам бўлмаслиги, иш даврининг меҳнат стажига қўшилиши, пенсия таъминоти ва вақтинча ишга лаёқацизлик юзасидан нафақалар олиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ўзбекистонда Ж. и.га жалб қилинган фуқароларга тўланадиган иш ҳақининг камида 50% корхона, ташкилот ва муассасалар маблағлари ҳисобидан, қолган қисми эса маҳаллий бюджетлар ёки аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашувчи Давлат жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Фазлиддин Мамарасулов.[1]
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |