Жамшидпур, Татанагар — Ҳиндистоннинг шим.-шарқидаги шаҳар, Биҳар штатида. Аҳолиси 500 минг киши чамасида. Темир йўл тугуни. Ж. ХХ аср бошида Гхота-Нагпур ясси тоғлигидаги чангалзор ўрнида йирик ҳинд монополистик бирлашмаси — „Тата“ томонидан ишчилар шаҳарчаси сифатида қурилган. Қора металлургиянинг маркази. Шаҳар атрофидан юқори сифатли темир рудаси, коксланадиган кўмир, флюслар, ўтга чидамли материаллар қазиб чиқарилади. „Тата“ компаниясига қарашли йирик заводлар бор. Оғир машинасозлик (қувур, қишлоқ хўжалиги инвентарлари ва б.) ва кимё саноатлари ривожланган. Йирик электр стансия бор[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил