Jangnomanavislik
Асар ҳозиргача топилган ягона қўлёзма асосида нашр этилган бўлиб, қўлёзмада унинг номи қайд этилмаган. "Жангнома" атамаси асар мазмуни эътибори билан ноширлар томонидан берилган.
Жангноманавислик тарихи
Жангноманавислик. Афғонистон ХИХ асрда суронли йилларни бошидан кечирди.Темуршоҳ вафотидан кейин шаҳзодалар орасидаги низолар, тож-тахт талашишлар, бир томондан сиёсий парокандаликка, халқ хўжалигининг инқирозга юз тутишига олиб келган бўлса, бошқа томондан халқ ҳаётининг оғирлашуви, бошбошдоқлик, зулмнинг кучайишига сабаб бўлди. Халқнинг бундай ҳолдан норозилиги Ойша Дурроний шеърларида ўз аксини топганлиги ҳақида айтиб ўтган эдик. Аҳвол Дўстмуҳаммадхон давлат бошқарувини қўлга олган 1826-йилдан кейин бирмунча ўзгарди. Янги ҳукмдор гоҳ қурол кучи, гоҳ тадбир билан мамлакатни бирлаштиришга муваффақ бўлди. Аммо юзага келган бу ўзгаришлар, давлат тизимидаги барқарорлик нишоналари Буюк Британиянинг қатий қаршилигига дуч келди. Инглизлар Дўстмуҳаммадхонни тахтдан ағдариб унинг ўрнига Шоҳ Шужони подшоҳ кўтаришга қарор қилдилар. Лекин уларнинг 1833-34 йилдаги ҳаракатлари муваффақияцизлик билан тугади, Шоҳ Шужо Қандаҳор яқинида бўлган жангда Дўстмуҳаммадхондан мағлубиятга учраб Лўдиёнага қочишга мажбур бўлди. Аммо бу мағлубият инглизларни ўз ниятларидан қайтармади. Инглизларнинг Шоҳ Шужони тахга ўтқизишга бўлган иккинчи ҳаракати 1839-йилда амалга ошди.
Шуни айтиш лозимки, босқинчилар дастлаб ғалабага эришган бўлсалар ҳам, халқ қўғирчоқ шоҳ ва унинг хўжайинларига бўйин эгмади, мамлакатда миллий озодлик кураши кундан-кунга авж олиб борди. Кураш умумхалқ тусини олди ва пировардида, биринчи Инглиз-афғон уруши деб ном олган бу воқеалар 1842-йилда босқинчиларнинг мағлубияти билан тугади.
Босқинчиларга қарши олиб борилган уруш мавзуси дарийзабон ёзма адабиётда ҳам ўз ифодасини топди. Диққатга сазовор нарса шундан иборатки, биринчи Инглиз-афғон уруши тугаши биланоқ бу мавзуга бағишланган асарлар майдонга кела бошлади.
Жангноманависликка доир биринчи асар
Ҳозиргача маълум бўлган биринчи асар Ғулом Муҳаммад Ғуломийнинг „Жангнома“ достони бўлиб, муаллиф уни 1843-йилда ёзиб тугатган.
„Жангнома“ шаклан Абулқосим Фирдавсийнинг машҳур асари „Шоҳнома“га эргашиб ёзилган. У ҳозирги кўринишда 7 бобдан иборат бўлиб, 3538 байт шеърни ўз ичига қамраб олади. Асарнинг топилган қўлёзмасидан охирги варақлари йўқолган. Китоб 1957-йилда Афғонистон тарих жамияти томонидан тарихчи олим Аҳмад Али Кўҳзод сўзбошиси билан чоп этилган, у 210 саҳифадан иборат.
Асар муаллифи ҳақида маълумотлар жуда оз сақланиб қолган. Айтилишича, Ғуломий асли Афғонистоннинг Кўҳистон воҳасидан, отасининг исми Темуршоҳ бўлган. Шоир мазкур асарини тугатгандан кейин яна 47 йил умр кўрган ва 1890-йилда вафот етган. Бундан маълум бўладики, Ғуломий ўз асарини ёзганида ҳали ёш бўлган. У „Жангнома“дан кейин яна қандай асарлар ёзгани аниқ маълум эмас. Айрим манбаларда у ғазаллар ёзгани айтилади, лекин афғон тадқиқотчиси Асадулла Ҳабиб мазкур ғазалларда муаллиф тахаллуси „Ғуломий“ эмас, балки „Ғулом“ шаклида келганини таъкидлаб, бу асарлар Ғуломий қаламига мансуб эканига шубҳа билдиради.
Ғуломийнинг „Жангнома“ достони анъанавий ҳамд ва наътдан бошланади. Бундан кўринадики, муаллиф ҳаваскор шоир бўлмасдан, балки бадиий адабиёт, шеърият қонун-қоидалари билан яхши таниш профессионал ижодкор бўлган.
"Жангнома" асари ҳақида
Ҳамд ва наътдан кейин Ғуломий уруш воқеалари тасвирига ўтади. Бунда амир Дўстмуҳаммадхон, Мир Масжидихон, шаҳзодалар Муҳаммад Афзалхон ва Муҳаммад Акбархонлар ижобий персонажлар сифатида шоирнинг диққат марказида туради. Салбий персонажлар сифатида эса, босқинчилар намояндалари — генерал Макнотен, инглизларнинг Кобулдаги мухтор элчиси Александр Бернс, доктор Жирардолар намоён бўлади.
Лекин улар қаторида Шоҳ Шужонинг тилга олинмагани диққатни тортади. Афтидан, уруш йиллари ва ундан кейинги илк пайтларда Шужоулмулкнинг мазкур воқеаларда ўйнаган роли кенг аҳоли қатламлари орасида унчалик маълум бўлмаган.
„Жангнома“нинг анчагина қисми Дўстмуҳаммадхоннинг фаолияти баёнига бағишланган. Қўлёзма „Сардор Муҳаммад Акбархоннинг Бухоро амири қамоғидан бўшатилиши“ деб номланган боб билан тугайди. Қўлёзманинг йўқолган қисми кейинги воқеаларга, шаҳзода Акбархоннинг ватан озодлиги йўлида кўрсатган жасорати баёнига бағишланганини тахмин қилиш мумкин.
Ғуломий қаҳрамонлари жангчи ғурури ва номусини ҳаётдан ҳам юқори қўядилар. Душманнинг ортиқ кучга эга бўлган қўшини билан ё ҳаёт ё мамот жангига кириш арафасида шаҳзода Афзалхон отаси Дўстмуҳаммадга шундай сўзлар билан мурожаат қилади:
Афзал шоҳга деди : Эй комрон,
Бу дунёда ҳеч ким мангу қолмайди.
Бундайин ҳаётдан кишига ўлим яхшидир,
Агар шундайин беобрў бўладиган бўлсак.[1]
Манба
Раҳмон Иномхўжаев. Дарийзабон адабиёти(ХВИИИ-ХИХ-асрлардаги). 2016
- ↑ Раҳмон Иномхо'жаев. Дарийзабон адабиёти (О'збек), Тошкент, 2016.