Jannat
Жаннат (арабча: جَنَّةٍ; جَنات) — кўпчилик диний таълимотларга кўра, тақводор диндорлар нариги дунёда роҳат ва фароғатда яшайдиган жой. Яҳудийлик, Христианлик, Ислом динларидаги асосий тушунчалардан бири. Барча динларда Жаннат дўзахга қарама-қарши қўйилади. Библия (Қадимги аҳд)да Жаннат гўзал боғ сифатида тасвирланади, унда Одам Ато билан Момо Ҳаво яшагани, улар гуноҳ иш қилиб қўйганларидан кейин Жаннатдан қувилгани ҳақида ёзилган. Қуръонда Жаннат ҳақида бир неча ерда баён қилинган (47: 15; 55: 46-78; 76: 11-22). Диний ақида бўйича, бу дунёдаги ҳаёти даврида имонли ҳолида эзгу ишлар билан шуғулланган кишиларга Аллоҳ томонидан Жаннатдан жой берилади. Жаннатдаги ҳаёт абадий, безаволдир. Жаннатдагиларни Аллоҳ турли неъматлар билан таъминлайди. У ерда ғам-ғусса ва ташвиш йўқ. Одамларнинг яхши кўрган барча нарсаси муҳайё этилади. Қуръонда Жаннат дарахтзор, ариқларда зилол сувлар оқиб туради, деб таърифланади. У ерда инсонлар қаримайди ва касал ҳам бўлмайди. Диний таълимотда таъкидланишича, Жаннатда ҳавзи Кавсар мавжуд бўлиб, унинг суви оқ ва муздайлиги ҳамда ҳислатлари таърифланади. Ҳавзи Кавсардан Жаннат аҳли сув ичади.
Ислом динига кўра, Жаннатнинг 8 та дарвозаси бор. Булар:
- Пайғамбарлар, шаҳидлар, сиддиқ бандалар ва саҳийлар;
- намозхонлар;
- закот берувчилар;
- амри маъруф, наҳий мункар қилган мўминлар;
- нафсу шаҳватини жиловлаб юрганлар;
- ҳаж ва умра қилганлар;
- Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилганлар;
- тақводорлар ва ота-онасини рози қилганлар кирадиган дарвозалардир.
Жаннатни қўриқловчи фаришта "Ризвони жаннат " деб аталади. Жаннатда энг олий неъмат Аллоҳнинг дийдорини кўришлик ҳисобланади.
Ғани Абдуллаев, Абдулазиз Мансур.[1]
Манбалар
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Жаннатга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Викилуғатда жаннат номли мақола мавжуд. |
| Ислом динига оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |