Жароҳат — гавда тўқималарининг механик шикастланган жойи (тери, шиллиқ парда, кўпинча мускул, нерв, йирик томир, суяк, бўғим, ички аъзо ва гавда бўшлиқлари бутунлигининг бузилиши). Тўқиманинг оғриши, қонаши ва очилиб қолиши жароҳатнинг асосий белгиларидир. Пайдо бўлиш шароитига қараб хирургик (операцион) жароҳат, жангда яраланиш ва тасодифий жароҳат ажратилади. Жароҳатловчи қурол қандай шикаст етказганлигига қараб, кесилган, санчилган, чопилган, йиртилган (юлинган), лат еган, эзилган, тишланган ва ўқ (снаряд парчаси) теккан жароҳат фарқ қилинади. Заҳарловчи моддалар жароҳатга тушганда, заҳарли жониворлар (қорақурт, илон) чаққанда заҳарланган жароҳат пайдо бўлади. Қутурган ҳайвонларнинг тишлаши (қопиши) натижасида вужудга келган жароҳат айниқса кўпроқ хавфли. Жароҳатлар танадан айрим бўшлиқларга (мия, кўкрак, қорин, бўғин) нисбатан уларнинг деворидан ўтган ва ўтмаган турларга ҳам бўлинади. Масалан, кўкрак бўшлиғидаги жароҳат ўтувчи ҳарактерда бўлса, у ҳолда кўкрак бўшлиғидаги аъзолар (юрак, ўпка, кўкрак бўшлиғи аъзолари, трахея, қизилўнгач, аорта) шикастланиши ёки шикастланмаслиги мумкин. Аъзолар шикастланганда бемор зудлик билан хирургик бўлимларнинг мураккаб шикастларга ихтисослашган марказларида (нейрохирургия, кардиохирургия ва ҳоказо) даволаниши керак. У ерда нозик аъзолар (мия, кўз, юрак кабилар) микроскоп орқали ниҳоятда такомиллашган асбоблар билан операция қилинади.

Тасодифий жароҳатга микроблар (асосан, йиринг туғдирувчи) тушган бўлади. Тасодифий ёки жанговар жароҳат жароҳатланиш пайтида ёки кейин (боғлаб қўйилмаса) ифлосланиши мумкин. Микроблар (стрептококк, стафилококк) ярага жароҳатловчи қуролдан, теварак атрофдаги тери, кийим, тупроқ ва б.дан ўтиб, томирдан чиққан қонда, мажақланган тўқималарда ривожланади ва уни яллиғлантиради, сепсис, қоқшол, газли гангрена каби инфексион касалликларга сабаб бўлади. Жароҳатланган кишига ўз вақтида ёрдам бериб, микроблар ривожланишининг олдини олса бўлади.

Жароҳатнинг битиши мураккаб жараён бўлиб, организмнинг умумий ва маҳаллий реаксиясига боғлиқ. Организмнинг ҳолдан тойиши, авитаминозлар, диабет, камқонлик, моддалар алмашинувининг бузилиши жароҳатнинг битишини қийинлаштиради. Жароҳатланган аъзонинг қон билан қанчалик таъминланиши, тўқималарнинг шикастланиш ҳарактери ҳам муҳим. Аъзонинг қон билан яхшироқ таъминланиши жароҳатнинг битишини тезлатади. Мия, бош ва юздаги жароҳат болдирнинг олдинги юзасидаги жароҳатга нисбатан тезроқ, мажақланган, юлинган жароҳат силлиқ кесилган жароҳатга қараганда секин битади. Жароҳат йирингламаган, четлари бир-бирига тегиб турган (чокланган) бўлса, 5—7 кунда битади. Бу бирламчи тортишиб (тарангланиб) битиш дейилади. Инфексия тушган (йиринглаган) жароҳат, шунингдек, четлари бир-биридан „қочган“ жароҳат иккиламчи тортишиб (тарангланиб) битади. Бунинг ўзига хослиги шуки, бириктирувчи тўқима (гранулясион тўқима) ривожланиб, жароҳат юзини тўлдиради. Шу тариқа пастроқдаги (ичкаридаги) тўқималарни ташқи таъсирлардан сақлайди ва жароҳатнинг битишига ёрдам беради. Жароҳат гранулясиялар билан тўлишидан ташқари, тери четларидан янги ҳосил бўлган эпителий қоплами ўсади. Бирламчи тортишиб битган жароҳат билинар-билинмас чандиқ (ямоқ), иккиламчи тортишиб битган жароҳат эса катта чандиқ ҳосил қилади.

Биринчи ёрдам: кетаётган қон тўхтатилади, жароҳат атрофидаги терига спиртли ёд (ёд настойкаси) суртгач, асептика қоидаларига риоя қилган ҳолда ва антисептика воситаларидан фойдаланиб, жароҳатни ифлосланишдан сақлаш, жароҳатланган аъзони қимирламайдиган қилиб қўйиш (қаранг Иммобилизация), шундан кейин беморни даволаш муассасасига етказиб бориш керак.

Ҳайвон тишлаган (ит қопган) кишини яқин орадаги санитария-эпидемиология стансиясига ёки Пастер пунктига дарҳол юбориб, қутуришга қарши эмланади; тишлаган ит ёки бошқа ҳайвон ветеринария пунктларига олиб борилади.

Бадан тирналганда, чақаланганда, зирапча кирганда, пичоқ кесганда тери ифлосланмаган бўлса, жароҳат ва атрофидаги терига спиртли ёд эритмаси суртиб, қуруқ асептик материал (бинт) билан боғлаб қўйилади. Бойламни намиқиш ва ифлосланишдан сақлаб, 6—7 кунгача ечмай туриш керак. Узоқ, турган гўштни бўлиш ёки балиқни тозалаш вақтида салгина бўлса-да жароҳатланган, баданига игна ва б. нарсалар кирган, шунингдек, жароҳатига тупроқ тушган кишини ҳам врачга кўрсатиш керак.

Жароҳатни инфексиядан сақлаш ва қон тўхтатиш учун биринчи ёрдам боғлов пакети ва индивидуал боғлов пакети ишлатилади.

Биринчи ёрдам боғлов пакети тайёр асептик ва антисептик боғлов бўлиб, ўрови бор. Сиртқи ўрови резина югиртирилган, сув ўтказмайдиган матодан, ичкаридагиси қоғоз (пергамент)дан иборат бўлиб, ичида стерилланган бойлам — дока бинт билан 1—2 та пахта-дока ёстиқча бор. Ёстиқчалардан бири бинт охирига чатиб қўйилган, иккинчисини бинт бўйлаб суриш мумкин. Пакетдан фойдаланишда сиртқи ўрови четидан йиртилади. Ичкаридаги (пергамент) қоғози ичига ёпиштирилган ипдан тортиб очилади. Бинтни пича очиб, битта ёки иккала ёстиқча жароҳатга ёпилади, бунда ёстиқчанинг жароҳатга қараган томонига қўл тегизилмайди. Боғловни жароҳатга ёпишдан олдин унинг четларига ёд сурилади.

Жароҳат ўқ тешиб ўтишдан вужудга келган бўлса, иккинчи ёстиқча бинт бўйлаб жароҳатнинг чиқиш тешигигача суриб борилади ва унга ёпилади. Ёстиқчалар устидан бинт ўраб, унинг учи боғлов пакетидаги қўшалоқ тўғноғич билан маҳкамлаб қўйилади.

Индивидуал боғлов пакети — жанговар шароитда жароҳатларга ва куйган юзаларга ёпиладиган стерил боғлов. Биринчи ёрдам боғлов пакетига ўхшайди: пахта вискоза бинти ва иккита пахта-дока ёстиқчаси бор. Ёстиқчалар сирти рангли ип билан қавилган. Боғлов пергамент қоғозга ўралган. Фойдаланиш тартиби: пакет шокиласидаги кертик бўйлаб сиртқи ўрови йиртилади, пергамент қоғозга ўралган боғлов, бурмасидан эса хавфсиз тўғноғич олинади; қоғоз пардани олиб ташланади; бинтнинг ёстиқча чатиб қўйилган эркин учини чап қўл, юмалоқланган учини эса ўнг қўл билан ушланади. Куйган юза катта бўлса, ёстиқчалар бир-бирига яқинлаштирилиб, умумий компресс ҳосил қилинади, куйган юза кичкина бўлса, ёстиқчалар устма уст қўйилади. Сўнгра бинтни гир айлантириб ўраб, учига тўғноғич қадалади.

Адабиёт

  • Орипов Ў. О., Каримов Ш. И., Умумий хирургия, Т., 1994.

Раҳматилла Раҳмонов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил