Jarrohlik
Жарроҳлик (хирургия) (юнонча чеир — қўл ва эргон — ҳаракат, иш) жарроҳлик — тиббиётнинг бир соҳаси. Хирургик операцияларни талаб этадиган касалликларни ўрганади ҳамда операция қилиш усулларини ишлаб чиқади. Қадимдан одамлар ўз ўзига ёки бир-бирларига ёрдам бериб, жароҳатдан оқаётган қонни тўхтатиш учун жароҳатни босиб туриш, яраларга кул сепиш каби оддий усуллардан фойдаланганлар. Қадимги қазилмаларда бош суяк чаноғи трепанацияси, оёқ ампутациясидан кейинги излар топилган. Хирургия дастлаб фан ва маданияти ривожланган давлатлар (Миср, Ҳиндистон, Юнонистон, Хитой, Византия) да шаклланган. Милоддан аввалги даврда ҳам касалликларни даволашда қон чиқариш, қовуқсан тошларни тушириш операциялари ўтказилганлиги қайд этилган. Гиппократ (милоддан аввалги 460—377-йиллар) жароҳатларни бирламчи ва иккиламчи битишини кузатган, турли боғловларни қўйиш техникасини ишлаб чиққан, операцияни ўтказишда тозаликка риоя қилиш мақсадида қайнатилган ёмғир сувидан фойдаланган. У ишлаб чиққан плевра бўшлиғини дренажлашда қўлланиладиган қовурға резексияси операцияси ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Қадимги Римда Селс (Антиллус) баъзи аъзолар анатомиясини, яллиғланишнинг белгиларини ва операция вақтида қон тўхтатиш учун томирларни боғлаш, оқма яраларни даволаш усулларини ишлаб чиққан. Гален эса жароҳатларни тикишда ипакдан фойдаланишни, жаррохлик операцияларини ўтказишда аъзоларнинг анатомияси ва функсиясини ҳисобга олиш зарурлигини таклиф этган. Абу Али ибн Сино (980—1037-йиллар) „Тиб қонунлари“ асарида хирургик касалликларни даволашда қўлланган усулларни баён этган. У операция вақтида наркоз сифатида беморга опий, мандрагор ишлатган, шунингдек, буйракдан тош олиш, ўсмаларни аниқлаш ва ўсмани соғлом тўқимагача олиб ташлаш ва бошқа операциялар техникасини яхши билган.
А. Левенгук (1632—1723-йиллар) томонидан микроскоп, В. К. Рентген томонидан рентген нурининг кашф этилиши касалликларни аниклашда (диагностика) муҳим рол ўйнади.
1731-йилда Парижда Жарроҳлар Академиясига асос солинди. Шундан сўнг Хирургия фан сифатида тараққий эта бошлади.
Умуман хирургия 3 босқичда ривожланди: 1) қадимги замонлардан антисептика давригача (1860-йил); 2) антисептика даври (1860—1890-йиллар). 3) асептика даври — ҳозиргача давом этмоқда.
ХИХ асрнинг Иккинчи ярмида наркоз, антисептика, асептиканинг жорий этилиши хирургия тараққиётида ижобий ютукларга олиб келди (антисептика, асептика). Шунга кўра меъда, ичаклар, ўпка ва бошқа ички аъзоларда йирик операциялар муваффакиятли ўтказила бошланди. ХИХ—ХХ асрда турли мамлакатларнинг хирурглари ўтказган кенг экспериментал тадқиқотлар энг мураккаб операцияларни: меъдани, ичак ёки ўпканинг бир қисмини олиб ташлаш, томирлар ва нервларни тикиш, шунингдек, синган суяклар, жароҳатлар, куйишни даволашнинг операция усуллари ва техникасини ишлаб чиқиш имконини берди. Хирургиянинг тармоқлари кўпайиб, травматология, ортопедия, урология, нейрохирургия, болалар хирургияси каби мустақил илмий амалий соҳалар вужудга келди.
Ҳозирги замон хирургия фан сифатида кимё, физика, молекуляр биология каби соҳалардаги ютуқлар натижасида ривожланиб бормоқда. Шунга кўра юрак клапанлари ва томирларни протезлаш, аъзолар ҳамда тўқималарни кўчириб ўтказиш, сунъий бўғимлар яратиш, сунъий юрак вужудга келтиришга доир ишлар амалга оширилди. Миокард инфарктини операция йўли билан даволаш, микрохирургия (бутунлай узилган бармоқни тиклаш ёки юракнинг майда томирларида янги қон оқимини вужудга келтириш), лазерлар, махсус камераларда юқори кислород босими, яъни гипербарик оксигенация қўллаш, ярадор ва куйганларга даво қилишда микробсиз шароитлар яратиш, сунъий ва қўшимча қон айланиши ва бошқа хирургияда янги йўналишлар бўлиб қолди.
Ўзбекистонда Хирургиянинг шаклланиши 1920-йил Туркистон университетининг тиббиёт қошида хирургия кафедраси ташкил этилиши билан боғлиқ. Кейинчалик Тошкент, Самарқанд, Андижон, Бухоро тиббиёт институти, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, шунингдек, Тошкент врачлар малакасини ошириш интларида, Бутуниттифоқ клиник ва экспериментал хирургия институтининг Тошкент филиали (1977-йил ҳозирги В. Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган Хирургия маркази) да хирургия кафедралари фаолият кўрсата бошлади. Мазкур илм масканларида врачлар тайёрлаш ва турли хирургик муаммолар устида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда Хирургиянинг ривожланишида С. А. Маъсумов, Ў. О. Орипов, В. В. Вохидов, М. Ашрафова, П. М. Нурмуҳамедов, Ш. И. Каримов, Д. С. Ғуломов, Ф. Г. Назиров, С. М. Аъзамхўжаев, С. А. Долимов, Л. Д. Василенко, А. М. Ғофуров, К. Х. Тоҳиров ва бошқаларнинг хизматлари катта.
Ҳозирги илм-фан ва техниканинг ривожланиши, янги тадқиқот ва даволаш усулларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш (эндоскопия, ултратовуш, компютер томографияси, ядромагнит резонансли томография, лапароскопия, лазер нурлари ва бошқалар) хирургиянинг янада ривожланишига олиб келди. 1998-йил Тошкентда шошилинч тиббий ёрдам маркази ҳамда вилоятларда унинг филиал ва субфилиаллари ташкил этилган.
Адабиётлар
- Аъзамхўжаев С. А., Раҳмонов Р. Қ., Янбоева Р. К,., Хирургиккаеалликлар, Т., 1991; Каримов Ш. И., Шомирзаев Н. Х., Хирургические болезни, Т., 1994.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |