Жарсой — Қашқадарё вилояти Китоб ва Чироқчи туманларидаги сой. Қашқадарёнинг ўнг ирмоғи. Қоратепа тоғларининг жанубий ва жануби-ғарбий ён бағирларидан оқиб тушадиган юздан ортиқ майда ирмоқдан ташкил топган, энг йирик ирмоғи Елсой. Юқори оқимда Оёқчисой, ўрта қисмида Кичик Жарсой номи билан аталади. Чироқчи шаҳри яқинида Қашқадарёга қуйилади. Узунлиги 64 км, ҳавзасининг майдони 348 км². Жарсой ёмғир, қор ва булоқ сувларидан тўйинади. Жарсойнинг ўртача йиллик сув сарфи Чироқчи шаҳри ёнида 1,08 м³/сек. бўлиб, у йилдан бу йилга 0,42—5,30 м³/сек. ўртасида ўзгариб туради. Сувининг асосий қисми (75—80%) март—май ойларида оқиб ўтади, ёзда камсув, қуйи оқимида баъзан қуриб қолади. Баҳорги жалалардан сўнг Жарсойда тез-тез сел тошқинлари бўлиб туради, сув сарфи ва унинг лойқалиги кескин ортади: 1969-йил 24-мартдаги сел вақтида Жарсойнинг сув сарфи 91,8 м³/сек. бўлган, 1978-йил 14-мартдаги селда 96 м³/сек.га етган, лойқалиги эса 11 кг/м³ бўлган. Жарсойнинг суви асосан Китоб ва Чироқчи туманлари ерларини суғоришга сарфланади[1].

Жарсой (сой)
Тавсиф
Узунлиги 64
Давлат

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил