Жавоҳирлар, қимматбаҳо тошлар — қимматбаҳо безак буюмлари тайёрлаш учун ишлатиладиган ўзига хос хусусиятли минераллар. Жавоҳирлар чиройлилиги, рангининг тиниқлиги ва бир хиллиги, ялтироқлиги, жилоланиши, қаттиқлиги, қирралаш мумкинлиги каби хусусиятлари билан қадрланади. Сунъий усулда қирраланган, тарашланган ва сайқал берилган олмос гавҳар дейилади. Жавоҳирлар шартли равишда 4 синфга бўлинади: 1-синф — олмос, ёқут, сапфир, зумрад; 2-синф — александрит, сапфирнинг турли ранглилари, асл қора опал, асл жадеит; 3-синф — демантоид, шпинел, асл оқ ва олов ранг опал, аквамарин, топаз, турмалин; 4-синф — хризолит, сиркон, кунсит, ойтош, қуёш тоши, сариқ, яшил ва пушти ранг берилл, пироп, алмандин, феруза, аметист (сафсар), хризопраз, ситрин. Жавоҳирларнинг баъзилари, мае, олмос, зумрад, ёқут ва бошқа сунъий йўл билан ҳам олинади. Шпинел ва корунднинг таркибига бошқа кимёвий элементлар аралашмалари (хром, титан, ванадий, темир ва бошқалар)ни қўшиш йўли билан "аметист", "александрит", "аквамарин" олинади. Деярли барча жавоҳирларни сунъий йўл билан олиш мумкин.

Жавоҳирлар одамзодга жуда қадим замонлардан маълум. Қадимда табиий олмосниқирралаш билан биринчи марта Шарқ мамлакатларида, асосан Ҳиндистонда шуғулланилган. Бундан 4000-йил илгари Хитойда нефритдан ҳар хил буюм (пичоқ, болта ва бошқалар) ва безаклар ясашган.

Ёқут, лаъл, феруза, нефрит, ақиқ, зумрад, гавҳар каби жавоҳирлар Ўрта Осиёда узоқ, тарихга эга. Улар Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва бошқа шаҳар бозорларида 6—ВИИ асрлардаёқ кўплаб сотилган. Ўрта аср Шарқ меъморлигида девор ва мақбараларни қимматбаҳо тош бўлаклари ва тахтачалари билан безаш урф бўлган.

Буюк олим Беруний ҳам жавоҳирларнинг пайдо бўлиши, уларнинг физик, кимёвий хоссалари ҳамда ишлатилиш тарихига оид тадқиқотлар ўтказган. Текшириш натижаларини ўзининг "Китоб ул-Жамоҳир фи Маърифат ал-Жавоҳир" ("Минералогия") китобида баён қилган.

Европада илк ўрта асрларда қимматбаҳо ва зийнат тошларига сайқал бериш фақатгина жавоҳирларни қайта ишлаш жараёнида уларнинг табиий қирраларини сақлаб қолиш ва тозалаш, кристалларни тог жинсларидан ажратиб олишдан иборат бўлган. 1456-йилда голландиялик Лодевейк ван Беркем олмосни қирралашда олмос кукунидан фойдаланган, шундан кейин бу усул бошқа қаттиқ тошларни қирралашда кенг қўлланила бошлаган. 1725-йилда Санкт-Петербургда Пётр И кўрсатмасига биноан биринчи марта "олмос тегирмони" — жилолаш фабрикаси очилган. Унда дастлаб фақат қимматбаҳо тошлар қирраланган, кейинчалик безак тошларига ҳам жило бера бошлаганлар.

Жавоҳирлар табиатда турли жараёнларда: 1) магний ва темирга бой магмаларнинг кристалланиши жараёнида (олмос ва пироп); 2) гранитли пегматитларнинг кристалланиши натижасида (зумрад, аквамарин, сиркон, топаз, турмалин, амазонит); 3) минераллашган эритмаларнинг кристалланишидан (опал, биллур, аметист, феруза, агат, малахит); 4) метаморфизм жараёнида (ёқут, сапфир, шпинел, ложувард, гранатлар) ҳосил бўлади.

Жавоҳирлар конлари дунёда кўп, аммо конлар бир хил тарқалмаган. Жанубий Африка ва Мадагаскар оролларида (олмос, зумрад, берилл, аквамарин, турмалин, биллур, топаз, пироп ва бошқалар), Жанубий Америка, асосан Бразилия ва Колумбияда (зумрад, берилл, олмос, турмалин ва бошқалар) кўплаб қазиб олинади. Осиё мамлакатларида нефрит (Хитой), феруза ва лазурит (Эрон, Афғонистон), ёқут, шпинел, сиркон, жадеит, алмандин (Ҳиндистон, Шри Ланка, Таиланд), олмос, зумрад, малахит, топаз, аметист, турмалин (РФ) конлари мавжуд. Ўрта Осиё қадимдан ўзининг феруза, ёқут, биллур, мармар оникси билан машҳур. Ўзбекистонда малахит (Писком тоғи), феруза (Қизилқум, Султон Увайс, Қурама тоғи), родонит (Қурама, Султон Увайс), аметист (Писком, Қурама тоғи) мавжуд, айниқса феруза қадимдан қазиб олинади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил