Jayhoniy
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Жайҳоний (тахминан 870-йиллар — 942-йил) — олим, Сомонийлар амири Наср ибн Аҳмаднинг вазири. Фалсафа, астрология, астрономияни қунт билан ўрганган, географияга оид бир қанча асарлар ёзган. Жайҳоний ИХ аср охирида туғилган бўлса, 914-йилдан то вафотига қадар вазирлик қилган. У 942-йилда зилзила вақтида ҳалок бўлган[1].
| Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Жайҳоний | |
|---|---|
| Таваллуди |
тахминан 870-йиллар |
| Вафоти |
942-йил |
| Фуқаролиги | Сомонийлар давлати |
| Касби | давлат арбоби, олим |
| Соҳаси | география |
| Дини | ислом |
Ҳаёти ва фаолияти
Х асрда Бухоро сомонийлар давлатининг пойтахти эди. 914-йили Аҳмад бин Исмоилнинг вафотидан сўнг, гўдак ўғли шаҳзода Наср бин Аҳмад тахтга ўтирди, аммо у давлатни бошқаришга ҳали ёшлик қиларди. Шу даврда бутун ишни улуғ вазир Жайҳоний бажарди. У, айни вақтда буюк географ олим ҳамдир. Ал-Мақдисийнинг ёзиб қолдиришича, Жайҳоний фалсафа, илми нужум ва ҳай’ат фанларидан хабардор бўлган.
Жайҳоний ўзининг юксак лавозимидан илм-фан манфаатлари учун фойдаланган. Хусусан, географик машғулотларга ва саёҳатларга ҳомийлик қилиб, машҳур Абу Зайд Балхийга кўмак берган, Абу Дулофни саёҳатга йўллаган, араб сайёҳи Ибн Фадлонни 921-йил сентябрда Бухорода қабул қилган. Ибн Фадлоннинг Волга ва Булғордан келтирган ма’лумотларидан ўзи ҳам фойдаланган[2].
Асарлари
Жайҳоний фаннинг бир неча соҳаларига оид кўпгина асарлар ёзди. Араб географи Мақдисий кутубхонада Жайҳонийнинг етти жилдлик география китобини кўрганини ёзган. Китобнинг номи „Китоб ул-Масолик вал мамолик“ („Масофалар ва мамлакатлар китоби“) бўлганини Абу Райҳон Беруний ўзининг „Осор ал-боқия“ асарида қайд этиб ўтган. Китоб яна „Китоб ул-Масолик фи ма’рифат ул-мамолик“ („Мамлакатларни билишда масофалар китоби“) деб аталгани ҳам ма’лум.
Китоб тахминан 907—922-йиллар орасида ёзилган. Асар Х—ХИИ асрларда жуда машҳур бўлган. Жайҳонийнинг асл асари топилмаган бўлса-да, ундан кўчирилган парчалар кўпгина китобларда, турли олимларнинг асарларида келтирилган. Ушбу китобдан Беруний, „Ҳудуд ул-олам“ асарининг нома’лум муаллифи, ибн Руста, ал-Бакрий, Гардизий, Авфий, Харақий, Идрисий ва бошқалар ҳам фойдаланганлар.
Ал-Мас’удийнинг ма’лумот беришича, Жайҳоний ёзган китобда дунёнинг тасвири, ундаги ажойиботлар, шаҳарлар, пойтахтлар, денгизлар, дарёлар, халқлар ва уларнинг маконлари ҳақида ва бошқа турли қизиқарли ҳикоялар мавжуд. Берунийнинг „Осор ал-боқия“ ва „Минералогия“ китобларида ҳам Жайҳоний ва унинг асари бир неча марта тилга олинган.
Жайҳоний ёзма манбалардан, жумладан Ибн Ҳурдодбеҳ асаридан фойдаланиш билан бирга, талай географик ма’лумотларни бевосита турли мамлакат одамлари билан суҳбатлашиб йиғган. Мақдисийнинг айтишича, Жайҳоний чет эллик сайёҳлар ва меҳмонларни суҳбатга чақириб, улардан мамлакатлари, борадиган йўллари, даромадлари, юлдузларнинг баландлиги ва соя тушиши, фалакнинг айланиши тўғрисида суриштириб турган. Ҳатто Рус, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа мамлакатларга хатлар юбориб, у мамлакатларнинг ҳолати, сарой ва девон тартиби ва урф-одатларини сўраб билган. Жумладан, Тункатдан то Хитойнинг пойтахтигача 140 кунлик масофа эканлигини элчилардан суриштириб билган. Жайҳоний ўз асарида Шарқ мамлакатларига анча ўрин берган. Унда Марказий Осиё ва Ўрта Осиё, Ҳинд водийси, турк қабилалари, Узоқ Шарқ тўғрисида янги ма’лумотлар кўп.
Ўзидан кейинги асарларга та’сири
Тарихий география фанида Жайҳоний асарининг умумий мазмунини тиклашга кўп урунилди. Чунки Жайҳоний ўзидан кейинги географик адабиётга жуда катта та’сир кўрсатган эди. Бу та’сирнинг йўллари И. Маркварт тузган схемада айниқса яққол кўринади. Бу схемага кўра, Ибн Руста ва Бакрий — Жайҳоний асаридан бевосита кўчириб олганлар, Авфий эса „Ҳудуд ул-олам“дан, Гардизий — Жайҳонийга бевосита боғлиқ бўлган нома’лум муаллифлар орқали материал олган.
Жайҳонийнинг Шарқий Европа ва Каспий вилоятлари тўғрисида ёзган ма’лумотлари кейинчалик бутун Ўрта Осиё — Хуросон олимларининг шу ерлар тўғрисидаги тасаввурига асос бўлди, чунки бошқа олимлар Жайҳоний сўзларига таяниб, уни сал кенгайтириб ёздилар.