"Жайрон" Бухоро ихтисослашган питомниги — Бухоро вилоятида Когон шаҳри жанубидаги Моможурготи платоси этагида жойлашган. Ўрта Осиёда ноёб чўл ҳайвонларини кўпайтириш ва реинтродуксиялашга ихтисослашган илмий марказ.

Тарихи

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси таркибига киради. 1976-йилда ташкил этилган. Майдони 5145 га. 1977-йилдан питомникка 42 бош жайрон (қорақуйруқ) келтирилиб, уларни кўпайтириш ишлари бошланди (1987-йилда уларнинг сони 1225 тага етди ва режа асосида қўшни ва бошқа ҳудудларга тарқатилди). Бу ерда жайронлар билан биргаликда йўрға тувалоқ, қулон, гепард, Прежевалский оти, бухоро буғуси (хонгул) каби халқаро ва Ўзбекистон Республикаси қизил китобига киритилган турлар ҳам кўпайтириш ва ўрганиш ишлари олиб борилади. Кузда бирқозон, оққушлар, қизилғозлар ва кўплаб йиртқич қушлар учрайди. Марказ жанубида Аму—Бухоро канали ҳосил қилган сунъий кўллар бор. Улар туёқли ҳайвонларнинг сув ичиш жойи бўлиб, жуда кўп сув қушларини ҳам жалб қилади. Марказ атрофи йиртқичларнинг ичкарига ўтишига тўсиқ бўлиши учун 36 км узунликда баландлиги 2 м бўлган симтўр билан ўралган.

Питомникда яшовчи турлар

Питомник худудида Ўзбекистон Республикаси ва халқаро қизил китобига киритилган кўплаб турлар яшайди. Шулардан бири Пржевалский оти бўлиб аслида Ўзбекистон фаунаси учун хос бўлмаган тур ҳисобланади. Бўйи паст, калласи катта, бўйни калта ва йўғон, Айғирининг яғрин баландлиги 125—135 см, гавдаси узунлиги 230 см гача, оёқлари ингичка, вазни 300 кг гача. Бияси айғиридан кичикроқ. Ёли қисқа ва тик туради, пешонасида ёли йўқ. Жуда эҳтиёткор. Чўл ўсимликлари билан озиқланади. Бўғозлик даври 11 ой, 1—2 та бола туғади. Шимолий Ғарбий Хитой ва Монголия (Жунғория) чўлларида яшаган. Охирги марта ёввойи табиат қўйнида 1967 ва 1969—йилларда учратишган. Ҳозирда фақат ҳайвонот боғлари ёки қўриқхоналарда учратиш мумкин. Қизил китобга йўқолиб бораётган тур сифатида киритилган бу жониворлардан бутун дунёда 2000 дона қолган. Ушбу тур Бухорога 1987—йилда Санкт—Петербург шаҳридан олиб келинган бўлиб, аввалига тутқунликда кўпайтирилган, сўнгра, қўриқхона худудига қўйиб юборилган. Ҳозирда питомникда 18 бош Пржевалский оти яшаётгани маълум[1]. Бундан ташқари қўриқхонада 1203 бош жайрон, 164 бош туркман қулони, шунингдек, волер шароитида 47 бош Бухоро тоғ қўйи ва 1 бош бухоро буғуси сақланмоқда[2]. Жайрон питомнигида ҳайвонлардан бошқ, ўсимликларнинг 250 дан ортиқ тур ўсади. Ҳайвонлардан сут эмизувчиларнинг 32, қушларнинг йил давомида 250 дан ортиқ, судралиб юрувчиларнинг 18, сувда ҳамда қуруқликда яшовчиларнинг 2, балиқларнинг 8 ҳамда умуртқасизларнинг 700 дан ортиқ тури учраши аниқланган.

Галерея

Манбалар

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил