Желатина (лот. гелатус — музлаган, совиган) — ҳайвон териси, пайи ва суякларини сувда қайнатиш йўли билан олинадиган оқсил моддалар аралашмаси. Бунда тўқималар таркибига кирадиган коллаген глютинга айланади. Олинган эритма ҳайдалади, тиндирилади, ивиқ ҳосил бўлгунча совитилади, сўнгра бўлак-бўлак қилиб кесилади ва қуритилади. Тайёр ҳолдаги қуруқ Ж. — таъмсиз, ҳидсиз, шаффоф, рангсиз ёки оч сарғиш бўлади; совуқ сувда ва суюлтирилган кислоталарда шишади. Қиздирилган коллоид эритма совиганда ивиққа айланади. Ж. қандолатчиликда (мармелад ва б. тайёрлашда), фотоплёнкалар, пластинкалар, фотоқоғоз ва картон тайёрлашда, гемофилия касаллигини даволашда ҳамда меъда, ичак ва ўпкадан қон кетишини тўхтатишда (5—10% ли эритмаси, маз ва шамчалар таркибида) ишлатилади, шунингдек, микробиологияда (озиқли муҳит олишда) қўлланади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил