Жибути, Жибути Республикаси (франсузча: Републигуэ де Джибоути) – Африканинг шимоли-шарқидаги давлат. Майдони 23,4 минг км2. Аҳолиси 988 минг киши (2020). Пойтахти – Жибути шаҳри. Маъмурий жиҳатдан Жибути тумани ва 4 округга бўлинади.

Жибути Республикаси
Шиор: Джибоути бй Чоиcе
Мадҳия: Джибоути
Location of Jibuti
Пойтахт Жибути шаҳар
Расмий тил(лар) Франсуз тили
Араб тили
Ҳукумат Президентлик Республика
Исмаил Омар Гуэллеҳ
Дилеита Моҳамед Дилеита
Мустақиллик (Франсиядан)
• Сана
27-июн 1977
Майдон
• Бутун
23,000 км2 (150-ўрин)
Аҳоли
• 2002-йилги рўйхат
476,703 (167-ўрин)
• Зичлик 20/км2
ЙИМ (ХҚТ) 2005-йил рўйхати
• Бутун
АҚШ$619 мил. (203-ўрин)
• Жон бошига
АҚШ$1,299
Пул бирлиги Джибоути Франc (ДЖФ)
Вақт минтақаси УТC+3
• Ёз (ДСТ)
УТC+3
Қисқартма ДЖ
Телефон префикси 253
Интернет домени .дж

Давлат тузуми

Жибути – республика. Амалдаги конституцияси 1992-йил 15 сентабрда кучга кирган. Давлат бошлиғи – президент (1999-йилдан Исмоил Умар Геллех). Қонун чиқарувчи ҳокимияти – бир палатали парламент – Миллат мажлиси. Ижроия ҳокимияти – президент ва ҳукумат (Вазирлар кенгаши).

Табиати

Жибути ҳудуди шимоли-ғарбда Адан қўлтиғига туташ, қирғоқлари унчалик парчаланмаган. Бирдан бир йирик қўлтиғи – Тажура мамлакат ҳудудига 58 км кириб боради. Ер юзасида кенг тоғли жойлар ва лаваизлари қолган паст платолар учраб туради, ўчган вулқонларнинг конуслари кўзга ташланади. Шимоли-шарқда Данакил тоғ тизмасининг этаклари (Мусо Али чўққиси, 2022 м – мамлакатнинг энг баланд нуқтаси) жойлашган; Жибути ҳудудининг Тажура қўлтиғидан ғарб ва жанубидаги қисми Афар ботиғи доирасида. Мамлакатнинг марказий қисмини тошлоқ, қумлоқ ёки тупроқли водийлар эгаллайди, уларнинг пасткам жойларида шўр кўл кўп. Бу кўлларнинг энг каттаси денгиз сатҳидан 153 м пастдаги Ас-сал кўлидир. Иқлими тропик, қуруқ, иқлим. Январнинг ўртача температураси 27°, июлники 35°. Ёғин жуда кам ёғади: йилига Ассал кўли соҳилида 45 мм дан Жибути шаҳри атрофида 130 мм гача. Доимий оқадиган дарёлари йўқ. Ўсимлик қоплами чўл ва ярим чўлга хос ўт-ўлан ва буталардан иборат. Данакил тизмаси чўққиларида ва шамолга рўпара ён бағирларида қора арча, зайтун дарахтлари, мимоза ва акас ўсадиган сийрак ўрмонлар, воҳаларда палмалар учрайди. Ҳайвонот дунёси ночор: вохалар атрофида йирик сут эмизувчилардан орикс кийиклари, сиртлон, чиябўри, ўрмонларда маймунлар яшайди. Қирғоққа яқин сувларида балиқ кўп. Миллий боғлари: Дай, Маскали-Мусша.

Аҳолисининг 90% га яқини кушит тилларида сўзлашувчи халқлардан: шимолий ва шимоли-ғарбда афарлардан, жанубида ва жануби-шарқда исса, ишақ ва гадабурслардан иборат. Пойтахтда асосан иссалар, европалик (франсуз, италян, грек)лар ва араблар яшайди. Расмий тили – араб ва франсуз тиллари. Туб жой аҳолининг аксарияти исломнинг сунний мазҳабига, европаликлар христиан динига, афарларнинг бир қисми маҳаллий анъ-анавий динга эътиқод қилади. Шаҳар аҳолиси – 81%. Йирик шаҳарлари: Жибути, Диккил, Али-Сабие, Тажура, Обок.

Тарихи

Жибути ҳудудида сақланиб қолган ирригация иншоотларининг қолдиқларига қараганда, аҳоли қадим замонларда деҳқончилик билан шуғулланган. Миллоддан аввалги ИИИ асрда бу ерга ҳинд, юнон, форс савдогарлари ва Жанубий Арабистон араблари кела бошлаган. ВИИ аср ислом дини тарқалиши муносабати билан Жибути араб мусулмон султонларига қарам бўлиб қолган. ХВИ асрда Сомали ярим орол португал, турк ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги шиддатли урушлар майдонига айланган пайтда Жибути португаллар ҳокимияти измига ўтди. ХВИИ асрда яна араблар хукмронлиги ўрнатилди. Туб жой аҳоли кўчманчи ҳаёт кечирган. Бошқарувчилар ва савдо-сотиқ табақаси араблар бўлган.

ХИХ аср ўрталарида Сувайш канали қурилиши муносабати билан Европа давлатлари Жибутини қўлга киритишга интилдилар. 1832-йилда Франсия Жибути ҳудудининг бир қисмини эгаллаб олди. Канал очилгач (1869), Жибутининг аҳамияти янада ошди. 1881—85 йилларда Франсия аста-секин бутун Жибутини ўз измига ўтказди ва ҳозирги Жибути ш.ни қура бошлади. 1887-йилда Франсия маҳаллий султонлар билан бир қанча шартномалар тузиш орқали бу ерни ўз мустамлакасига айлантирди ва унинг бойликларини ўзлаштиришга киришди, Жибути ш.ни Қизил денгиз бўйидаги муҳим савдо портига айлантирди. Бу ерда йирик ҳарбий-денгиз базаси барпо этилди. 1896—1946-йилларда мамлакат Франсия Сомалиси номи билан аталиб келди. 1946-йилда у Франсиянинг „денгиз орти ҳудуди“ деб эълон қилинди. 1967-йилда Франсиянинг Афар ва иссалар ҳудуди номини олди. Жибути аҳолиси мустақиллик учун зўр бериб курашди. Бу курашда аҳолининг барча табақалари бирлашди. Жибути озодлиги ҳаракати деб аталган яширин ташкилот тузилди. 1975-йилда исса ва афар халқларининг сиёсий ташкилотлари ўзаро иттифоқ тузиб, ҳақиқий мустақиллик учун курашни кучайтирдилар. Ниҳоят, Франсия 1977-йилда Жибутига мустақиллик беришга мажбур бўлди ва у Жибути Республикаси деб аталди. Жибути – 1977-йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами – 27 июн – Мустақиллик куни (1977).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари

Тараққиёт учун халқ бирлиги, ҳукмрон партия, 1979-йилда тузилган; Демократах янгиланиш партияси, 1992-йилдан ошкора фаолият олиб боради; Бирлик ва демократияни тиклаш фронти, 1991-йил асос солинган. Касаба уюшмалари маркази – Меҳнат умумий бирлашмаси 1992-йил Жибути меҳнаткашлари умумий бирлашмаси ўрнида ташкил этилган.

Иқтисоди

Жибути четдан озиқ-овқат, саноат моллари, асбоб-ускуна ва бошқалар олади. Четга гўшт, тирик қорамол, чарм ва хом тери чиқаради. Савдо-сотиқдаги асосий мижозлари: Франсия, Эфиопия, Италия, Япония, Кения. Пул бирлиги – Жибути франки.

Хўжалиги ва саноати

БМТ таснифига биноан Жибути – иқтисодий жиҳатдан нисбатан кам ривожланган мамлакатлар қаторига киради. Ялпи миллий маҳсулотда хизмат кўрсатиш тармоғи ўртача 77%, саноат ва қурилиш 17%, қишлоқ хўжалиги 3%ни ташкил этади.

Қишлоқ хўжалигининг асосий йўналиши – кўчманчи ва ярим кўчманчи чорвачиликдир. Қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришга яроқли ерлар 6 мингдан кўпроқ. Жибути ҳар йили озиқ-овқат маҳсулотларининг 90% дан кўпини четдан келтиради. Балиқчилик, марварид, коралл, булут (сув жонивори) овлаш, денгиз сувини буғлатиб туз олиш ривожланган. Асосий қишлоқ хўжалиги экинлари – кофе, хурмо, мева ва сабзавот.

Ялпи ички маҳсулотнинг 2,4% ни берувчи саноат озиқ-овқат маҳсулотлари, кўнчилик буюмлари, қурилиш ашёлари ишлаб чиқарувчи майда корхоналардан, механика ва тикувчилик устахоналаридан иборат. Электр стансиялар, нефт компаниялари, транспорт (қисман) ва алоқа, маъданли сув заводи, сут заводи ва омихта ем заводи давлатга қарашлидир. 1 йилда ўртача 176 млн. кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Транспорти

Транспорт – мамлакат иқтисодиётининг энг ривож топган тармоғи. Яхши жиҳозланган кема тузатиш корхоналари бўлган Жибути порти Ҳинд океани ҳавзасининг ғарбий қисмидаги энг муҳим портлардан биридир. Йилига 2,5 млн. тонна юк қабул қилиб олинади ва жўнатилади. Темир йўл узунлиги – 106 км, автомобил йўллари узунлиги – 3,1 минг км, шундан 281 км қаттиқ қопламали.

Маданияти

Жибутида ягона пулли маориф тизими жорий этилган. Бу тизим бошланғич ва тўлиқсиз ўрта мактабларни, 3 лицейни ўз ичига олади. Олий ўқув юртлари йўқ. Олий илмий-техника институтида (1979-йилда ташкил этилган) Жибути табиати, табиий захиралари, археологияси ва анъ-анавий маданиятини ўрганиш ишлари олиб борилади. Ҳафталик хукумат газ. – „Ревей де Жибути“ („Жибутининг уйғониши“), „Насон де Жибути“ („Жибути халқи“) ҳафтаномаси, „Жибути ожурдюи“ („Бугунги Жибути“) ойномаси ва „Карфур африкен“ („Африка чорраҳаси“) католик журнал нашр этилади. Жибути ахборот агентлиги 1979-йил ташкил этилган. Жибути радио эшиттириш ва телевидениеси ҳукумат назоратида; 1956-йил асос солинган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил