Жилтирбос ёки Жилдирбас — Орол денгизининг жанубий қирғоғидаги ботқоқлашган кўл. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган. 1960-йиллар бошигача Орол денгизининг қўлтиғи бўлган. 1960–1970-йилларда денгизнинг қуриб бориши туфайли қуруқликка айланди. Лекин Амударёнинг ўнг тармоғи ва иккита ташлама орқали зовур сувининг келиб туриши натижасида қуриган қўлтиқ ўрнида кўл вужудга келди (2000). Дарё ва ташламалардан кўлга қуйилаётган сув ҳажми йиллар давомида кескин фарқ қилгани учун кўл сатҳи турғун эмас. Сувнинг минераллашув даражаси ҳар литрда 10–15 г. Ўртача чуқурлиги 1–3 м, узунлиги 45 км, эни жанубда 10 км, шимолда 6 км (1997). Мутлақ баландлиги 53–42 м, жанубдан шимолга чўзилган. Сувда қўға, қамиш ва бошқа сув ўсимликлари мавжуд, қирғоқлари ҳам қамишзор. Тўқайзорда қобон, сувли жойларда бирқозон, балиқчи қуш, ўрдак ва бошқалар яшайди. Жилтирбос балиқчиликда (лаққа балиқ, зоғора балиқ, илонбош ва бошқалар) ва овчиликда фойдаланилади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил