Жилвон, Жил бон — Бухоро воҳасининг шимолий чеккасидаги чўл ландшафтли ҳудуд. Қизилқум чегарасида, Шофиркон ва қисман Ғиждувон туманлари ҳудудида жойлашган. Унинг бир қисми ўрта асрлардаёқ ўзлаштирила бошланган. Айрим кўчманчи гуруҳлар, қароқчилар ҳужумидан, воҳа аҳолиси ва карвонларни ҳимоя қилиш учун хонлик томонидан у ерда жилбон (чегара посбони) мансаби жорий қилинган. Жилбонлар Бухоро ва Вардонзе шаҳарларига келиб кетаётган карвонларни ҳам назорат қилишган. Кейинроқ жилбон атамаси жой номига айланган. Шайбонийлар даврида Жилвон руди (ариғи) қазилган. 1640, 1880 ва 1920-йилларда содир бўлган кучли қум кўчишлари оқибатида Жилвон этагидаги қишлоқлар қум остида қолган. Аҳолининг бир қисми бошқа жойларга кўчиб ўтган. Бу Садриддин Айнийнинг асарларида ҳам қайд қилинган. 1926-йилда Шофиркон тумани ташкил қилингач, Жилвон чўлини ўзлаштириш ва обод қилиш ишларига бухоролик Ҳамро Полвон бошчилик қилди. 1927—28-йилларда Ғиждувон ва Шофиркон туманларини кесиб ўтувчи 35 км узунликдаги янги Жилвон ариғи қазилди. 2000-йилда унинг узунлиги 50 км га етди. Жилвонни ўзлаштириш асосан тугалланди; чўл ўрнида янги қишлоқлар барпо қилинди. Ҳозирги кунда ўша жойдаги қишлоқлардан бештаси „Жилвон“ номи билан маълум[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил