Жобир ибн Абдуллоҳ, тўлиқ исми Жобир ибн Абдулло ибн Амр ибн Ҳаром ал-Хазражий ал-Ансорий ас-Суламий (арабча: جابر بن عبدالله بن عمرو بن حرام الأنصاري) — саҳоба, 607 (ҳижрий 16) – йилда Мадина шаҳрида туғилган. Отаси Абдулло ибн Амр ва унинг ўзи Расулуллоҳ (с.а.в)нинг хизматларида бўлган. Жобир ибн Абдуллоҳ Расулуллоҳ билан бирга 19 та ғазотда иштирок қилган. Умрининг охирида Мадинада, Масжиди Набавийда ҳалқа ташкил қилиб дарс берган. „Саҳиҳ ал-Бухорий“ ва „Саҳиҳ Муслим“ китобларида унинг ривоятида 1540 та ҳадис келтирилган.

Оиласи

Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Амр Ансорий (р.а.). Куняси Абу Абдуллоҳ, Абу Абдураҳмон, Абу Муҳаммад. Отаси Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром ибн Каъб ибн Ғанм ибн Салма Ансорий. У киши мадиналик улуғ саҳобий бўлиб, Уҳудда шаҳид кетган ва ансорий дўсти Амр ибн Жамуҳ билан бир қабрга кўмилган эди. Кейинчалик Жобир сув тошган қабрни таъмирлаш учун очганида отаси соқолининг ерга теккан жойигина ўзгарган, қолган жойи ўзгармагани маълум бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в.) у киши билан Аллоҳ пардасиз гаплашгани ҳақида башорат берганлар1 (Wайбаcк Мачине сайтида 2022-11-07 санасида архивланган).

Исломга кириши

Жобир ибн Абдуллоҳ мадиналик илк олти мусулмондан бири. Мазкур олти киши биринчи марта Пайғамбар (а.с.) билан „Ақаба“ олдида кўришган. Бир йилдан сўнг яна шу жойда улар сабабли мусулмон бўлган етмиш уч нафар мадиналик билан бирга бай’ат қилган. Тарихда бу воқеа „Ақаба бай’ати“ номини олди. У зот иккинчи „Ақаба бай’ати“да иштирок этганлар ичида энг охирги вафот этган кишидир. Бадр ва Уҳудда иштирок этмаган бўлса-да, кейинги ўн тўққизта ғазотда қатнашган. У зотда ўзидан кўра бошқаларни афзал кўриш хислати кучли эди. Отаси Абдуллоҳ (р.а.) Уҳудда шаҳид бўлгач, тўққиз синглисининг тарбияси Жобир зиммасига қолди. Сингилларига яхши тарбия бериш ниятида бокира қизга уйланиш ўрнига олдин турмуш кўрган аёлга уйланди. Бу амали туфайли Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг барака тилаб қилган дуоларига ҳам мушарраф бўлди. Жобирнинг уйи масжиддан узоқда жойлашган эди. Шунинг учун ҳовлисини сотмоқчи бўлди. Расулуллоҳ (а.с.) уни бундан қайтариб: „Албатта, сизга ҳар бир қадамингиз учун даража, ажр-савоб бордир“, дедилар. Жобир тарихда „Лайлатул-баъир“, яъни „туя кечаси“ номини олган ва Расулуллоҳ мўжизаларидан бири зоҳир бўлган воқеанинг асосий қаҳрамонидир.

"Туя кечаси" ривояти

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:"Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Зотур-Риқў ғазотига чиқдим. Мен минган туя нимжон эди. Расулуллоҳ қайтишга амр қилганларида мен орқада қола бошладим. Шунда Пайғамбар (а.с.): „Сенга нима бўлди, эй Жобир?“ деб сўрадилар. „Мана бу туя юришимни секинлаштиряпти“, дедим. Шунда у киши: „Уни энгаштир“, дедилар. Мен айтганларини қилдим. У зот ўзлари ҳам эгилиб: „Менга қўлингдаги таёқни бер“, дедилар. Бердим. У билан туяни бир неча бор ниқтаб, „Мин“, дедилар. Аллоҳга қасамки, шундан сўнг туя барчадан ўзиб кета бошлади. Расулуллоҳ: „Уни менга сотмайсанми?“ дедилар. „Сизга ҳадя қиламан“, дедим. У киши: „Йўқ, сотақол“, дедилар. „Уни баҳолаб беринг“, дедим мен. „Уни бир дирҳамга олишим мумкин“, дедилар. „Нархини паст айтиб юбордингиз“, дедим. „Икки дирҳам“, дедилар. „Йўқ!“ дедим. Нархни бир уқияга кўтаргунларича „Йўқ!“ деб туравердим. Шундан сўнг:"Розимисиз, ё Расулуллоҳ?" дедим, „Ҳа“, дедилар. „У сизники“, дедим мен".

Ҳадислар

Жобир Миср ва Шом, айниқса, Мадинада кўп одамларга илм берди, ўз даврида Мадина муфтийси бўлди. Жобир энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобийлар ичида олтинчиси бўлиб, ундан 1540 та ҳадис ривояти етиб келган. Икки шайх (Бухорий ва Муслим) 85 тасига иттифоқ қилганлар. Бухорий унинг 26 та, Муслим эса 120 та ҳадисини ўз тўпламига киритган.

Вафоти

У зот 693 (ҳижрий 74)йил Мадинада вафот этди. Жанозасини Абон ибн Усмон ўқиди.

Манбалар

1.ҳттпс://ислом.зиёуз.cом/сийрат/саҳобалар/жобир-ибн-абдуллоҳ .

Ҳаволалар