ЖУЖАН (АВАР) ХОНЛИГИ (тахминан 402—555-йиллар) — илк ўрта асрдаги жужанлар хонлиги. Шарқда Корея, шим.да Байкал кўли, жан.да Мўғулистон чўллари, ғарбда Қорашаҳаргача бўлган ҳудудни эгаллаган. Мил. В аср бошларида жужанлар хони Шелун (Тўлунхон (402—410) теле ёхуд гочи (баланд қончқиликлар, ҳозирги уйғурлар аждоди) қабилаларини ўз атрофига тўплаб хонликка асос солган. Хулюй (Хўлиу 410—414) даврида эса шим.-даги, Енисей бўйларидаги негу ва хе-вей қабилалари буйсундирилган. Ж. (А).х ҳудуди Толан қоғон даврида (414—431) анча кенгайган. Ўтия қоғон (431—444) қўшни Тўбо хонлиги билан куда тутиниб, 438 й. Олтой туркларини бўйсундирган ва улар ёрдамида темирдан ишланган қуроллар билан ўз қўшинини қуроллантирган.

Ж.(А)х. Чулун (Тўғочин 444—464) ва Йўчинг (Учин 464—485) қоғонлар даврида Шарқий Туркистондаги Қутқу ҳун давлатини ағдариб (460), Турфан хонлигини тиклаган ва Хўтан вилоятига қадар босиб келган (470), Тўлунхон ИИ (Бўкхуду 485—492) даврида Ж(А).х. ички низолар туфайли заифлашган, қўшни Баланд қончқи хонлигини барпо этилиши кучли рақиб пайдо бўлганидан дарак берарди. Кейинчалик эфталийлар (оқ ҳунлар) қончқиликлар билан биргаликда Ж(А).х. билан уруш олиб борган. Ойноғой (Анахуан 522—552) қоғон туркий қавмлар билан бўлган жангда мағлуб бўлиб, ўзини ўзи ўлдирган. 555 й. Ж(А).х. туркийлар томонидан батамом тугатилган. Жужанларнинг бир қисми Ғарбга йўл олиб, Дунай дарёсининг ўрта оқими бўйларида Авар хонлиги барпо этганлар.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил