Жунайдхон Қурбон Мамед (Муҳаммад) сардор (туркманча: Жüнеýт ҳан; 1857, ҳозирги Тахта тумани, Хива хонлиги — 1938, Ҳирот атрофи, Афғонистон) — Истиқлолчилик ҳаракати намояндаларидан. Мустамлакачи чор Россияси ҳамда шўро қўшинларига қарши курашган. Ёвмут қабиласи байрамали уруғининг жунайд тармоғига мансуб. Низоли масалаларни адолатли ҳал қилганлиги ва жасурлиги учун туркманлар орасида унинг шуҳрати кенг ёйилган. У узоқ йиллар мобайнида ўз уруғининг мироби, қозиси, оқсоқоли, ҳарбий бошлиғи бўлган. Чоризмнинг Хива юришлари пайтида ёш Қурбон Мамед туркман ёвмут йигитлари қаторида рус босқинчиларига қарши жангларда қатнашган. Асфандиёрхон Жунайдхонни туркман қабилаларининг сардори этиб тайинлаган (1915). Туркман оқсоқоллари уни Жунайдхон деб эълон қилишган. Хива хонлиги (Хоразм)ни рус босқинчиларидан озод қилиш ва мустақиллигини сақлаб қолиш мақсадида Жунайдхон Хивага юриш қилган (1916). Хивани эгаллаган Жунайдхон қўшини хондан катта миқдорда товон пули олгач, 15-февралда пойтахтни тарк қилади. Туркистон ҳарбий губернатори зудлик билан Хивага Тошкентдан генерал Галкиннинг жазо отрядини юборади. 16-мартда Ғазовотда Жунайдхон қўшини руслардан енгилгач, Қорақумга чекинган, сўнгра Эрон ва Афғонистонга ўтиб кетган. Жунайдхон 1917-йил ёзида Хоразмга қайтиб келиб, сиёсий ҳокимият учун курашни давом эттирган. 1918-йил 10-январда Асфандиёрхон Жунайдхонни Хивага таклиф қилиб, хонлик қўшинларининг бош қўмондони қилиб тайинлашга мажбур бўлган. Жунайдхон 1918-йил октабрда Асфандиёрхонга суиқасд уюштириб, уни ўлдирган ва хоннинг акаси Саид Абдуллахонни Хива тахтига ўтқазган, амалда Жунайдхон хонликнинг мутлақ ҳукмдорига айланган. Россияга (1918-йил январ — 1920-январ) қарам бўлган Хива хонлиги амалда мустақил давлатга айланган. Жунайдхон 1918-йил ўрталари — 1920-йил январда шўро қўшинларига қарши кескин кураш олиб борган, бироқ мағлубиятга учраб чўлга чекинган. Хивада хонлик тузуми ағдарилиб Хоразм Халқ овет Республикаси (ХХСР) тузилган. Жунайдхон туркман, ўзбек, қорақалпоқ, қозоқлардан иборат 30 минг кишилик қўшин тузиб курашни давом эттирган. Шўро ҳукумати Жунайдхон га қарши курашда бошқа туркман сардорлари Қўшмамадхон ва Ғуломалихонларни жалб қилган. Натижада 1920-йил августда улар Жунайдхон кўшинига зарба беришган. Жунайдхон Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракати кучларини ягона қўмондонлик остига бирлаштириш мақсадида 1922-йил бошида Анвар пошо ва Фарғонадаги қўрбошилар билан алоқа ўрнатган. У ўз қўшинида қаттиқ тартиб интизом ўрнатди ва хориждан замонавий қуроллар сотиб олди. Жунайдхон 1922-йил апрелда Порсу қалъасини қизиллардан озод қилган. 1923-йил декабрда Питнак, Ҳазорасп, Боғот, Хонқа туманларида шўро тузумига қарши деҳқонларнинг оммавий қўзғолонлари бошланган. Жунайдхон қўзғолончиларга мадад бериш учун 15 минг кишилик қўшини билан Хивани ғарбдан қуршовга олган (1924-йил 10-январ) Шўро ҳукумати унга қарши бутун воситаларини ишга солиб феврал бошларида Хивага Тошкент, Тўрткўл (Петро-Александровск), Актюбинск (Оқтўба)дан қўшимча куч ташлаган, Жунайдхон Афғонистонга чекиниш (1924.17.6)га мажбур бўлган. Бироқ шу йилнинг кузида Хоразм воҳасига қайтиб курашни давом эттирган. Туркманистон ССР Советларининг 1-съезди янги ҳукумат бошлиғи Қ. Отабоевнинг қатъий талаби билан Жунайдхон ва унинг сафдошларини афв этган (1925-йил феврал). Бироқ Жунайдхон 1927-йил 19 сентабрда Тошҳовуз округидаги Оқтепада шўро ҳокимиятига қарши қўзғолон кўтарган. Туркманистон ХКС ва МИК дарҳол Жунайдхонни қонундан ташқари деб эълон қилган. Жунайдхон лашкари Тошҳовуз округи Тахта ва Кўҳна Урганч туманларидаги кўплаб овулларда шўро ҳокимиятини тугатишган. Тенгсиз жангларда Жунайдхон мағлубиятга учраган бўлсада, С. М. Будённийнинг сараланган махсус отлиқ қўшини уни қўлга тушира олмаган. Жунайдхон Хоразм воҳасида айрим танаффуслар билан 1931-йилгача кураш олиб бориб, ниҳоят Эрон орқали Афғонистонга ўтиб кетган.

Жунайдхон

Яна қаранг

Адабиётлар

  • Юсупов П., Ёш хиваликлар тарихи (хотиралар), Урганч, 2000; Ражабов Қ. К., Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар. Т., 2000; Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2-китоб (Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида), Т., 2000; Туркестан в начале ХХ века: к истории истоков националной независимости, Т., 2000; Хива — минг гумбаз шаҳри, Т., 1997; Валидий А. 3., Бўлинганни бўри ер (хотиралар), Т., 1997.

Қаҳрамон Ражабов[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил