Калсит (лотинча: cалх (cалcис) — оҳак), оҳакли шпат — карбонатлар синфига мансуб минерал. Кимёвий формуласи СаСО,. Тригонал сингонияли. Ромбсимон, пластинкасимон, қисқа тўртбурчак, призматик, устунсимон кристаллар. Қаттиқлиги 3—3,5. Зичлиги 2,7 г/см3. Рангсиз ёки оқ, кўпинча, қўнғир, кулранг , сариқ, пушти, қизил, қора. Рангининг ҳар хиллиги таркибидаги минерал қўшимчаларига боғлиқ. Шишадек ялтироқ. Қиздирилганда (825°) парчалана бошлайди. Кислоталарда карбонат ангидрид чиқариб эрийди. Калситни тола, томир, унсимон, Исландия шпати турлари маълум. Ер пўстида энг кўп тарқалган минераллардан. Калсит карбонатит, оҳактош, бўр, мергел, мармар кабиларнинг асосий таркибий қисми. Оҳақтошли ғорларда сталагмит ва сталактит шаклида кўп учрайди. У оҳактошли термал сувларда чўкиб ва нураш жараёнларидан, оҳактошларнинг қайта кристалланишидан ҳосил бўлади. Дунёнинг деярли ҳамма жойларида бор. Ўзбекистонда Зарафшон-Ҳисор, Писком-Угом, Нурота, Зирабулоқ-Зиёвуддин, Қурама ва бошқа тоғларда кўп. Калсит нинг шаффоф хили — Исландия шпати оптик (микроскоп ва б.) асбобларда ишлатилади. Шунингдек, калсит портланд семент и.ч.да, оҳакли тупроқлар тайёрлаш учун, рудалардан темир ва бошқа металларни эритиб олишда флюс сифатида ишлатилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил