Kaltaminor
Калтаминор – Хивадаги меъморий ёдгорлик. Муҳаммад Аминхон мадрасасининг олд томонида жойлашган ва баъзан унинг бир қисми дея эътироф этилади. Ўзбекистондаги энг баланд Ўрта аср миноралари ичида 6-ўринда туради[1].
| Калтаминор | |
|---|---|
|
| |
| Умумий маълумот | |
| Мақоми | ЮНЕСКО рўйхатига олинган |
| Тури | минора |
| Шаҳар | Хива |
| Мамлакат | Ўзбекистон |
| Қурилиши бошланган | 1852-йил |
| Қурилиши тугаган | 1855-йил |
| Баландлиги | 29 метр |
Тарихи
Калтаминор Хива хонлиги хони Муҳаммад Аминхон томонидан мусулмон оламидаги энг катта ва энг баланд минора бўлиши мақсадида яратилган.
Хоннинг режасига кўра, миноранинг баландлиги 70-80 метр бўлиши, баландлиги ошган сайин кескин пасайиб борувчи диаметри миноранинг мустаҳкамлигини ошириши керак эди. Муҳаммад Аминхон ҳатто 73 метрлик Ҳиндистон Қутб минордан ҳам ошиб кетадиган дунёдаги энг баланд минорани қуришга қарор қилади[2]. Унинг пойдеворининг диаметри 14,2 метрни ташкил қилади. Баъзи бир манбаларда 110 метрга етказилиши қайд этилган[3].
Қурилиш 1852-йилда бошланиб, 1855-йилда минора баландлиги 29 метрга етгач, қурилиш бирдан тўхтатилади. Хивалик тарихчи ва ёзувчи Огаҳийнинг ёзишича, қурилиш ташаббускори Муҳаммад Аминхон 1855-йилда Серахс яқинидаги жангда ҳалок бўлгани сабабли қурилиш тугалланмаган.
Миноранинг қурилиши ҳақида тарихчи олим Мулла Олим Махдум Ҳожи „Туркистон тарихи“ асарида шундай маълумот беради:
Мадраса қуриб тугатилгач, Муҳаммад Аминхон фармони билан мадраса ёнида энг баланд минора барпо этишга фармон берилган. Минора қурилиши давом этаётган пайтда (1855-йил), Муҳаммад Аминхон Эрон устига қўшин тортади ва жангда шаҳид бўлади, натижада хон бошлаган минора битмай қолади[4].
Минора хивалик шоир, тарихчи ва давлат арбоби Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг кўз олдида қурилган. Муҳаммад Аминхон минорасида Огаҳий ижодига оид 16 мисралик тарихдан 12 тасини кўриш мумкин. Таъмирлаш пайтида асли ҳолати тикланган қиёфада келтирилган ёзувда минора жаннатда ўсадиган Тубо дарахтига қиёс қилинади, фалак айвонининг устуни яъни осмон гумбазини тутиб турувчи устун дейилади[5]. Огаҳий унинг тугатилиши тантанасига бир нечта шеърий таърихлар ёзган. Уларнинг бири минора юқорисига чиройли кошин плиткаларга ёзиб қўйилган. Ёзувлар советлар ҳукмронлиги даврида қўпориб, юлиб ташланган эди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ушбу ёзувлар Огаҳийнинг қўлёзма асари орқали топилиб, қайта тикланди. Минора ўз даврида „Кўк минор“, „Улли (катта) минор“ номлари билан аталган.
Меъморчилиги
Минорани безашда геометрик нақшлар кўп қўлланган. Иккинчи қаватидан бошлаб мадраса билан боғланган кўприкча орқали миноранинг юқорисига чиқиш мумкин. Ичкарисида юқорига олиб чиқувчи ёғоч зинапоя мавжуд. Бу зинапоя тез-тез таъмирлаб турилган. Безагида оқ, яшил, феруза рангли кошинлар қўлланган (феруза рангли кошин кўп ишлатилганидан кўкминор деб ҳам аталади). Хива шаҳрининг 2500-йиллиги арафасида (1996—97) Калтаминорнинг устки қисмидан тушиб кетган кошинкори ёзувлари „Ҳаёт“ ҳиссадорлик жамияти қурувчилари томонидан тўлиқ таъмирланди ва ундаги Огаҳий томонидан форс тилида ёзилган „настаълиқ“ ёзувлари қайта тикланди. Ҳарфларни таъмирчи уста Рустам Тоҳиров қайтадан тиклаган[6]. Калта Минор ўзининг тугалланмаганлиги, шунингдек, ўзига хос безаклари билан машҳур. Бу бутунлай сирланган кошинлар билан қопланган ягона минорадир.
Ҳаволалар
- ↑ ҳттпс://т.ме/делатонкиэ/2038
- ↑ ҳттпс://т.ме/делатонкиэ/1505
- ↑ „Калта минор (қисқа минора)“. мерос.уз. Қаралди: 16-октабр 2023-йил.
- ↑ „Муҳаммад Аминхон. Муҳаммад Аминхон мадрасаси“. хоразмий.уз. Қаралди: 15-октабр 2023-йил.
- ↑ „1000 йиллик тарихга эга устун, хон ўлими сабаб чала қолган минора, замонасининг “кондиционер”и. Марказий Осиёда сақланиб қолган ягона шаҳар-музей — Ичан қал’ага саёҳат“. дарё.уз (2022-йил 26-апрел). Қаралди: 15-октабр 2023-йил.
- ↑ Бобожонов Д, Абдурасулов М. Фирдавсмонанд шаҳар. Хоразм Ма'мун академияси нашриёти 2008 — 20-бет.
Манбалар
ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил