Калуга вилояти – Россия Федерациясидаги вилоят. 1944-йил 5 июлда ташкил этилган. Майдон 29,9 минг км2. Аҳолиси 1081,2 минг киши (2000), асосан, руслар. Шаҳарликлар 70,3%, 24 туманга бўлинган, 18 шаҳар, 14 шаҳарча бор. Маркази – Калуга шаҳри.

Калуга вилояти ер юзаси бир оз паст-баланд текислик бўлиб, дарё водийлари, жарлар ўйиб юборган. Иқлими ёзда мўътадил иссиқ ва сернам, қишда мўътадил совуқ. Январнинг ўртача темпатураси – 9 дан – 10°гача, июлники 17–18°. Йилига карийб 650 мм ёғин ёғади. Йирик дарёси Ока ва унинг ирмоқлари. Тупроқлари чимли ўртача подзоллашган, шимолида ўрта қумоқ, жануби-ғарбда қумлоқ ва қумли тупроқ, марказий ва шарқий қисмларида оч сур тусли ўрмон тупроқлар. Ҳудудининг 40% ўрмон.

Калуга вилояти хўжалигида машинасозлик ва металлсозлик, енгил, ёғочсозлик ва қурилиш материаллари саноатлари етакчи ўринда. Машинасозлик корхоналари Калуга (машинасозлик, турбина, электротехника ва б.), Людовиново (тепловозеозлик), Киров (қуйиш-механика, чўян қуйиш заводлари) шаҳарларида жойлашган. Калуга, Кондрово, Киров, Сухиничи ш.да тикувчилик ва поябзал фабрикалари, Боровскда мовут фабрикаси, Калуга ва Боровскда трикотаж, тўқувчилик фабрикалари, зиғир тола заводи бор. Ёғочсозлик саноатининг етакчи тармоқлари: Калугада "Гигант" гугурт-мебел комбинати, Кондровода селлюлоза-қоғоз, фанера заводлари, уйсозлик, мебел ва қоғоз фабрикалари мавжуд. Қурилиш материаллари саноатида шиша-ойна, қурилиш фаянси, ғишт ва б. ишлаб чиқарилади.

Кировда қурилиш фаянси, Калуга, Малоярославецса силикат ғишт заводлари, Калугада сут заводлари, гўшт комбинати, Сухиничида сабзавот консерваси, крахмал заводлари бор. Обнинскда Россияда биринчи қурилган АЭС ишлаб турибди.

Қишлоқ хўжалиги сут чорвачилиги, чўчқачилик, картошкачилик, сабзавотчилик ва қисман зиғирчиликка ихтисослашган. Буғдой, жавдар, гречиха, арпа, сут ва ем-хашак экинлари экилади. Чорвачиликда қўй ҳам боқилади. Паррандачилик фабрикалари бор. Ока дарёсида кема қатнайди. Калугада аэропорт бор.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил