Камончи — 1) ей, камон ясовчи уста; 2) ей, камон отувчи мерган. К.лардан тузилган махсус ҳарбий қисмлар, асосан, қўшиннинг олдинги сафида жойлашиб, суворийлар ва б. қисмларнинг муваффақият билан олға силжишини таъминлаган; душман кучлари устига тинмай ўқ ёғдириб турган. Қамал ёки мудофаа жанглари вақтида эса, қалъанинг бурж ҳамда бору (шинак) лари ёхуд хандақ ортидаги пистирмадан хужумга ўтган душман аскарларини ўққа тутган. К. истилоҳига тегишли кейинги тушунча мозийда, шунингдек, ёйчи, ёяндоз, камонкаш, ўқчи, новакандоз каби номлар билан ҳам ифодаланган.

Турк-мўғул халқларида ўғил болани жуда ёшликдан камон билан муомала қилишга ўргатиш одат тусида бўлган. Қўчқор устида муаллақ туриш, қуш ва ҳайвон болаларини камон билан овлаш, балоғат ёшида эса, суворийлар гуру-ҳидан ўрин олишга эришиш, ҳар бир турк ўғлонининг шарафли вазифаси ҳисобланган. Ўқ-ёй суворийларнинг узоқни мўлжалга олувчи бош қуроли ҳисобланган. Ўқ-ёйнинг жанг пайтида афзаллигини пайқаган хитойлик ҳукмдор Вулин мил. ав. 307 й. ўз аскарларини туркий қабилаларда от устида туриб камондан ўқ узиш санъатини ўқитишни жорий этади. Ўғузхон (қаранг Моде хоқон) шохсимон камондан отилганда ҳуштак чиқарувчи ўқни ясайди ва аскарларини от устида туриб ўқ отишга ўргатади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил