Каолинланиш — гилли минераллар (асосан, дала шпатлари ва слюдалар)нинг ўзгариши ҳисобига каолин юзага келган ҳолда тоғ жинсларининг ўзгариши. К. 2 хил шароитда: алюмосиликатларга бой магматик ва метаморфик жинсларнинг нураши (экзоген) ва паст температурали гидротермал сувларнинг алюмосиликатларга таъсир қилиши (эндоген) йўли билан содир бўлади. Экзоген К. Ер тарихининг тошкўмир, юра ва учламчи даврларида нам, субтропик иқлим шароитларида юз берган. К. натижасида пайдо бўлган каолинитнинг асосий конлари ҳам шу даврга хос. Эндоген К.да каолинит алюмосиликатлар ва б. минералларнинг ўрнини эгаллаб, уларнинг шакли ва қиёфасига ўтиб, псевдоморфозалар ҳосил қилади. Бу жараён кўпроқ рудали конлар атрофидаги тоғ жинслари орасида бўлади. К. жараёни олтингугуртли, карбонат ангидридли ва галоидли эритмалар ҳамда гуминли кислоталар катнашуви натижасида юз беради. Ўзбекистонда К. жуда кенг тарқалган, айниқса, рудали конлар атрофидаги тоғ жинсларининг ўзгариши билан боғлиқ ҳолда кўп кузатилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил