Капитал (лотинча: cапиталис — бош, асосий), сармоя — кенг маънода — ўз эгасига даромад келтириш хусусиятига эга бўлган жами воситалар ва маблағлар; янги қиймат келтирувчи, ўзини ўзи кўпайтирувчи қиймат. Товарлар ва хизматлар ишлаб чиқариш учун кишилар томонидан яратилган ресурслар; тор маънода — ишлаб чиқариш воситалари кўринишидаги ишга қўйилган, ишлаб турган даромад манбаи (ашёвий капитал). Капиталнинг пайдо бўлишига товар ишлаб чиқариш, товар муомаласи дастлабки шарт ҳисобланади. Бозорда ўзига хос, алоҳида товар — иш кучининг пайдо бўлиши билан оддий товар ишлаб чиқариш капиталистик ишлаб чиқаришга айланади, товар ишлаб чиқаришнинг шу даврида товар муомаласидаги пул капиталига айланади. Капитал кўп сикллар давомида ишлаб чиқаришда иштирок этадиган асосий капитал ва бир сикл давомида иштирок этадиган ва тўлиқ сарфланадиган айланма капиталга бўлинади. Пул капитали (сармоя) — ашёвий капитал сотиб олиш учун сарфланадиган пул воситаларини ифода этади, яъни пул капиталга айланиши учун ишлаб чиқаришга авансланади. Иқтисодий назарияда капитал ишлаб чиқариш омилларидан бири тарзида изоҳланади. Қийматнинг кўпайиши инсон меҳнати (иш кучи) ва ишлаб чиқариш воситалари (хом ашё, машина, станоклар) бирлашганда, яъни ишлаб чиқариш шароитида юз беради. Капитал саноат капитали, савдо капитали, ссуда капитали, судхўрлик капитали (тарихий) шаклларида фаолият кўрсатади. Ривожланган бозор иқтисодиёти шароитларида капиталнинг корхона, фирма, банклар капитали, турли аксиядорлик жамиятларига тегишли аксиядорлик капитали, захира капитали, устав капитал сингари кўринишлари мавжуд. Тадбиркор жисмоний шахсларга тегишли капитал дастмоя дейилади ва ҳар гал товар олиб сотишда ишлатилади[1].

Манбалар