Карелия, Карелия Республикаси — Россия Федерацияси таркибидаги республика. Россиянинг шимолиғарбида жойлашган. Майдон 172,4 минг км2. Аҳолиси 519 минг киши (2025). 16 туман, 13 шаҳар, 44 шаҳарча бор. Пойтахти — Петрозаводск шаҳар.

Давлат тузуми

Карелия — республика. Қонун чиқарувчи органи — 2 палата (Республика палатаси ва Вакиллар палатаси)дан иборат Қонун чиқарувчи мажлис (парламент). Ижроия хркимиятни ҳукумат амалга оширади.

Табиати

Карелия ҳудуди аксари пастбаланд (энг баланд жойи 578 м) текисликдир. Релефида музлик излари қолган. Карелиянинг Финландияга ёндош қисми сертепа. Оқ денгиз, Онега ва Ладога кўллари соҳили пасттекислик. Ҳар хил қурилиш материаллари (гранит, диабаз, мармар ва ҳоказо), пегматит, слюда, темир ва титан рудаси конлари бор. Иқлими континентал ва денгиз иқлими. Қиши юмшоқ (февралда —8° дан —12° гача), ёзи салқин (июлда 14°—16°) ва қисқа, ҳаво намлиги нисбатан юқори. Йиллик ўртача ёғин 400–600 мм. Карелияда ботқоқлик ва кўл (61 минг та) кўп; энг йириклари: Ладога ва Онега кўллари. Дарёлари қисқа, серсув, серостона, шаршара кўп. Водла, Кем, Виг ва бошқа йирик дарёларида ёғоч оқизилади. Баъзи дарёларининг қуйи қисмида кема қатнайди. Карелия ҳудудининг 18% кўллар, ярмидан кўпи ўрмон, 18% ботқоқлик. Тупроқлари, асосан, подзол, ботқоқ-подзол ва ботқокли тупроқ. Карелияда оқ товушқон, сув қундузи, ондатра, қўнғир айиқ, шимолий буғуси, лос, Гренландия тюлени ва турли хил балиқлар бор. Кивач, Костамукша қўриқхоналари, „Паанаярви“ миллий боғи мавжуд.

Аҳолиси

Туб жой аҳолиси кареллар; рус, белорус, украин, фин, вепс ва бошқа ҳам яшайди. Аҳолининг 74% шаҳарларда истиқомат қилади. Расмий тиллари — рус, фин, карел тиллари. Диндорлар, асосан, христианлар. Йирик шаҳарлари: Петрозаводск, Кондопога, Сегежа, Костомукша ва бошқа.

Тарихи

Карелия ҳудудида одамлар мезолит давридан яшай бошлаганлар. Улар балиқ овлаш, овчилик билан шуғулланган. Мил. 1-минг йиллик охирида Карелия бўйни ва Ладога кўлининг шимолида кареллар, Ладога ва Онега кўллари оралиғида вепслар, шим.роқда саамлар яшаган. Карелияга мил. 2-минг йиллик бошларида славянлар келиб, деҳқончилик, туз олиш ишлари ва балиқ овлаш билан шуғуллана бошлади. Карелия ҳудуди ИХ асрдан ХИИ аср бошларигача Қадимги Рус давлати, кейинроқ Новгород қўл остида бўлди.

ХИИИ асрда Карелиянинг бир қисми шведлар тасарруфига ўтди ва улар Виборг қалъасини қурди. Шимолий уруш (1700—21)дан кейин бу ҳудуд Россияга қарашли бўлди. ХВИИИ аср бошларида Карелияда бир неча металлургия заводлари қурилди ва улар Россия қўшинларини замбараклар билан таъминлаб турди. ХВИИИ асрда деҳқонларнинг қўзғолонлари бўлиб ўтди, лекин уларни подшо Россияси шавқациз бостирди. Крепостной ҳуқуқ бекор қилингач (1861), саноат, асосан, тахта тилиш заводлари барпо этилди. 1917-йил ноябр — 1918-йил апрелда Карелияда шўро ҳокимияти ўрнатилди. 1920-йил 8 июнда РСФСР таркибида Карелия меҳнат коммунаси ташкил этилди, 1923-йилда у мухтор республикага айлантирилди. 1940-йилдан 1956-йилгача иттифоқдош республика мақомида бўлди ва Карел-Фин шўро республикаси, 1956— 90 йилларда Карелия мухтор республикаси деб аталди. 1991-йил ноябр дан Карелия Республикаси.

Хўжалиги

Карелия саноатида ўрмон, ёғочсозлик ва селлюлоза-қоғоз тармоклари етакчи ўринда. Шу тармокларнинг корхоналарида тахта тилинади, фанер, йиғма уйлар, чанғи, ёғоч толали плита, селлюлоза, картон, қоғоз ишлаб чиқарилади. Машинасозлик ва металлсозликда ёғоч судраш тракторлари, селлюлоза-қоғоз ва кимё саноати учун машина-ускуналар, ёғочсозлик станоклари, кемалар, приборлар ва бошқа ишлаб чикариш ривожланган. Рангли металлургия Надвоицк алюминий заводидан иборат. Қурилиш ашёлари ва бошқа минерал хом ашё негизида кончилик саноати юзага келган. Костомукша темир руда конида металл бойитиш комбинати барпо этилган. Озиқ-овқат саноатида балиқ, гўшт-сут, новвойлик ва бошқа тармоқлар, енгил саноатда трикотаж, тикувчилик ва поябзал тармоқлари мавжуд. Бадиий ҳунармандчилик ривожланган. Энергетика хўжалигининг асосини ГЕСлар ва Петрозаводск иссиқлик электр стансияси ташкил этади. Бир йилда ўртача 5 млрд. кВт-соатга яқин электр энергия ҳосил килинади.

Қишлоқ хўжалиги, асосан, сут чорвачилиги, паррандачилик ва картошка етиштириш, сабзавотчиликка ихтисослашган. Балиқчилик, мўйнабоп даррандачилик ривожланган. Темир йўл узунлиги 2 минг км дан ошади, автомобил йўллари узунлиги 7,5 минг км га яқин. Энг муҳим сув йўллари: Оқ денгиз, Онега ва Ладога кўллари, Оқ денгиз — Болтиқ канали. Автомобил ва авиация транспортидан ҳам фойдаланилади. Сайёҳлик ривожланган (Валаам, Кижи ва бошқа ороллар).

Тиббий хизмат

4 мингдан ортиқ врач, 10 мингдан кўпроқ ўрта тиббиёт ходими аҳолига хизмат кўрсатади. Врачлар Петрозаводск университетининг тиббиёт факултетида тайёрланади. Марсиал сувлари, Сортавала курорти, кўпгина санаторий ва дам олиш уйлари бор.

Маорифи, маданий-маърифий ва илмий муассасалари. Карелиядаги 336 кундузги умумий таълим мактабида 117 минг, 16 ўрта махсус ўқув юртида 12 минг ўқувчи, 3 олий ўқув юрти (Петрозаводск университети, педагогика институти, консерватория)да қарийб 10 минг талаба таълим олади. Карелияда ўрмон саноати илмий тадқиқот институти, Шимолий балиқ хўжалиги илмий тадқиқот институти ва бошқа илмий муассасалар, 4 профессионал театр, 10 халқ театри, 7 музей, жум-ладан, Кижи музей-қўриқхонаси бор. Карел, фин ва рус тилларида газ. ҳамда журлар нашр этилади. Радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар йўлга қўйилган.

Адабиёти

Кад. эпик қўшиклар асосида яратилган карел ва фин халкларининг эпоси — „Калевала“ жаҳон адабиёти дурдоналаридан ҳисобланади. Ёзма адабиёти ХХ аср бошларида пайдо бўлиб ривожланди. 1934-йил Ёзувчилар уюшмаси тузилди, 30-йиллар адабиётида Х. Тихли дилогияси, Э. Паррас романи дунё юзини кўрди, лирик шеърлар, очерк ва ҳикояларда ўлка халқларининг ҳаёти акс эттирилди. Рус ва фин тилларида адабий журналлар чика бошлади. Кўплаб ёзувчилар уруш мавзуида асарлар езди. Урушдан сўнг Карелия адабиётига ёзувчиларнинг ёш авлоди кириб келди. А. Тимонен, Ф. Трофимов ва бошқанинг асарлари нашр этилди. Карелияда фолклоршунослик, адабиёцҳунослик ва таржимачилик ривожланган.

Меъморлиги ва тасвирий санъати

Оқ денгиз, Онега кўли соҳилларидаги қояларда неолит даври ва жез асрига оид одам, ҳайвон ва ов манзаралари тасвирлари топилган. Карелияда ўрмон кўплиги ёғоч меъморлигининг тез ривожланишига имкон берди. Айниқса, томи икки нишабли чорси ёғоч уйлар, томи тўрт нишабли ибодатхоналар кўп учрайди. ХВИИ аср 2-ярмида гумбазли, қуббали бинолар курила бошлади. Бинолар Карелия шимолида содда, безаксиз, жанубий ва жануби-ғарбида сернақш, кўримли ишланган. ХВИИИ асрда дастлаб Петрозаводскда барокко, сўнгра классицизм услубида 8 биноли айлана майдон (меъмори Е. С. Назаров ва бошқа) яратилди. ХХ аср 40—50-йиллар меъморлигида ордерлик элементлари қўлланди (мас, Алоқа уйи, Рус мусиқали драма театри — меъмори С. Г. Бродский ва бошқа), шунингдек, халқ ёғоч меъморлиги асосида Петрозаводскда ёзги кинотеатр қурилди. Кейинги йилларда кўпгина маъмурий, саноат ва жамоат бинолари, уй-жойлар замонавий услубда барпо этилди.

Профессионал тасвирий санъатнинг пайдо бўлишида рассом В. Н. Поповнинг қиссаси катта. ХХ асрнинг 2-ярмида кўпгина манзара асар (С. Х. Юнтунен), портрет (Г. А. Стронк) ва натюрмортлар (Л. Ф. Ланкинен, М. Ш. Юфа ва бошқа) яратилди; графика, китоб безаги равнақ топиб, миллий линогравюра ва офортлар юзага келди. Халқ санъатида ёғоч ўймакорлиги, бутхона, уй пештокларига нақш, мебел ва идишларга нафис гуллар солиш ҳамда каштадўзлик алоҳида ўрин тутади.

Мусиқа санъати халқ анъаналари асосида ва қўшни халқлар мусиқаси таъсирида ривожланиб келди. Карелияда кантеле (чертиб чалинадиган), ёухикко, вирсиканнел (камонли), шунингдек, қайин пўстлоғидан ясалган чўпон сурнайи каби халқ созлари тарқалган. ХИХ асрда руна ижрочиларидан А. Пертунен билан унинг ўғли Мийхкали, А. Малинен кабилар шуҳрат қозонган. ХХ аср 1-ярмида халқ қўшиқлари тўпламлари, профессионал мусиқа маданиятининг дастлабки асарлари нашр этилди. Г. Р. Синисало карел симфонияси ва миллий балетининг, Р. С. Пергамент миллий комик операсининг дастлабки муаллифларидир. Карелия мусиқа театри, драма театри, симфоник оркестр, „Кантеле“ ашула ва раке ансамбли, филармония, мусиқа билим юрти, мусика мактаблари мавжуд. Композиторлардан К. Раутио, С. Леончик, Г. Вавилов, қўшиқчилардан С. Рикка, И. Гридчина, 3. Петченко, дирижер И. Шерман ва бошқа машҳур.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил