Кармана арки — Навоий вилояти Кармана туманида жойлашган сарой бўлиб, унда Кармана беклари яшаган.

Кармана арки
Умумий маълумот
Мақоми Мавжуд эмас
Тури сарой
Жойлашуви Кармана, Навоий вилояти
Манзили Мустақиллик, Бобур, Кармана, Амир Темур кўчаларидаги уйлар о'рни
Мамлакат О'збекистон
Бузилган сана 1956-йил
Эгаси Кармана беклари
Техник ҳолати
Бинонинг ички майдони 1 гектар

Кармана арки қурилиши қадимги даврларга бориб тақалади. Тузилиши ва кўриниши жиҳатидан Карманадаги бинолар Бухородаги ёдгорликларга ўхшагани учун Карманадаги аркни тарихчилар тахминан Бухоро аркидан кейинги пайтда яъни милоднинг бошларида бунёд этилган деган фикрни илгари суришади. Кармана арки тахминан 1 гектарли майдонда, ҳозирги Мустақиллик кўчаси, Бобур кўчаси, Кармана кўчаси ва Амир Темур кўчаси билан чегараланган уйлар ўрнида бўлган[1]. Баландлиги 7-8 метр бўлган 9 пахсали девор Аркнинг атрофини ўраб турган. Арк дарвозаси олдида сарбозлар тун-у кун қўриқчилик қилган. Асосий дарвоза иншоотнинг шарқий томонида жойлашган. Арк махсус барпо этилган қўрғоннинг марказида бўлган. Қўрғон деворининг диаметри 3000 метрга тенг. Қўрғонга учта дарвоза орқали кирилган. Дарвозалар „Қарши“, „Кунчиқар“, „Қибла“ деб номланган. „Кунчиқар“ ва „Қибла“ дарвозлари орасида бор бўйига расталар жойлашган. Расталарнинг икки томонини савдо дўконлари эгаллаган. Кармана қўрғони ичида бекнинг алоҳида карвонсаройи бўлган. Қўрғондаги иккинчи карвонсарой ҳиндларга тегишли бўлган. Қўрғондаги ушбу саройлар Буюк Ипак йўли орқали ўтадиган икки томон карвонлари учун барпо этилган. Кармана аркида амир саройи, қабулхонаси, девони, ўзи ва яқин одамлари яшайдиган уйлар бўлган. 1920-йилда амир Олимхоннинг енгилиши ва Бухоро инқилоби юз бериши натижасида Кармана беклиги тугатилади. Шаҳар советлар қўлига ўтади. 1956-йилда Кармана арки бузиб ташланиб, тупроғидан Тошкент—Бухоро йўли ва Қ.Қаршиев кўчаси учун фойдаланилган[2]. Аркнинг ўрни текисланиб, 30 дан ортиқ хонадонга иморат солиши учун тақсимлаб берилган.

Манбалар

  1. ↑ А.Ҳотамов, Н.Бекниёзов. Кармана қадимий диёр. Тошкент О'збекистон 2007 — 13-бет. ИСБН 978-9943-01-073-3. 
  2. ↑ А.Ҳотамов, Ш,Ҳалилов. Йиллар садоси. Тошкент Адолат 1995 — 13-бет.