Касаллик тарихи - даволашпрофилактика муассасаларида ҳар бир беморга тутиладиган асосий тиббий ҳужжат. Бемордаги касалликни аниқлаш ва даво учун зарур маълумотлар, беморни кузатиш даврида унинг аҳволида рўй берган ўзгаришлар, беморга тавсия этилган маслаҳатлар қайд этилади. Хотима (эпикриз) да касаллик ташҳиси ва қилинган даво асослаб берилади. Бемор ўлган тақдирда Касаллик тарихи га патологоанатомик текшириш баённомаси илова қилинади. Зарур ҳолларда касаллик тарихи суд-тиббиёт терговини олиб бориш учун муҳим манба вазифасини ўтайди. Туғруқхоналарда Касаллик тарихи туғилиш тарихи дейилади. Амбулатория ва соғлиқни саклаш пунктларида амбулатория картаси тутилиб, у ёзувларининнг анча қисқалиги билан Касаллик тарихидан фарқ қилади. [1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил