Категориялар (юн. категориа — мулоҳаза, фикр; белги) (фалсафада) — воқеликдаги ҳодисалар ва билишнинг муҳим, умумий хусусият ҳамда муносабатларини акс эттирувчи энг умумий ва асосий тушунчалар. Категориялар билиш ва ижтимоий амалиёт тарихий тараққиётининг умумлашган натижаси бўлиб вужудга келган.

категория ҳақидаги илк таълимот қадимги Ҳиндистоннинг айрим фалсафий мактабларида учрайди. Юнон файласуфи Платон дунёдаги нарса ва ҳодисалар тушунчаларнинг ифодаси шаклида ҳосил бўлади деб ҳисоблайди. Аристотел ўзининг "Категориялар" асарида К.ни обектив реалликнинг инътиҳоси ҳамда энг юксак умумлашмаси деб талқин қилади. У 10 та категория тўғрисида маълумот беради: моҳият, миқдор, сифат, муносабат, жой, вақт, қоида, ҳолат, хатти-ҳаракат ва қийналиш. Аристотелнинг К. ҳақидаги таълимоти Киндий, Форобий, Ибн Сино томонидан ривожлантирилди. Ўрта аср схоластикаси 6 та категорияни бир-биридан фарқ қилади: борлиқ (моҳият), сифат, миқдор, ҳаракат (ўзгариш), муносабат, эгалик. Декарт ва Локк 3 та категорияни кўрсатиб ўтади: субстансия, ҳолат (модус) ва муносабат. И. Кант К.ни ақл-идрок шакллари деб тушунади. К. ҳақида таълимотни ишлаб чиқишда Гегелнинг ҳам хизмати катта. У К. ҳақидаги кенг ва мураккаб таълимот тизимини яратган. К. ҳақидаги таълимотга Э. Гартман, А. Шопенгауэр, Ф. Ницше асарларида ҳам кенг ўрин берилган. Ҳар бир инсон ўз фаолиятида ўзигача шаклланган К. ёрдамида иш тутади. К. методологик ва дунёқараш мазмунига эга бўлиб, инсонга борлиқнинг моҳиятини, инсоннинг борлиқда тутган ўрнини тўғри билиб олишга ёрдам беради.

Ҳар қайси фаннинг ўз К. и бўлиб, шу фаннинг хусусиятларини кўрсатиб туради. Фалсафий К. фан К.идан фарқ қилиб аниқ фанлар ривожи натижаларини умумлаштириб, илмий билишдаги методологик ва дунёқараш аҳамиятига эга бўлган томонларини таърифлаб беради. Фалсафанинг турли К.и мавжуд: борлиқ, онг , ҳаракат, ривожланиш, фазо, вақт, инъикос, билиш, ҳақиқат, сабабият, структура, тизим, мазмун, шакл, имконият, воқелик, ҳодиса, мохият ва б.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил