Катта ҳавза

Катта ҳавза - АҚШнинг ғарбидаги тоғлик. Ғарбдан Серра-Невада, Каскад тоғлари ва шаркдан Қояли тоғлар оралиғидаги берк ҳудудларни ўз ичига олган. Майд. 500 минг км2 дан кўпроқ. Қисқа тизмалар (бал. 3000 м гача) ва ўзаро туташ кенг сойлик (ҳавза) лар бор. Релефи кайнозойда, замини токембрий-мезозойда шаклланган. Кайнозойда вулканлар отилиб турган. Сойликларнинг кўпчилиги тектоник йўл билан вужудга келган ва тош, қум-гил қатламлари билан тўлиб қолган. Мис, молибден, полиметалл, симоб, калий тузи ва б. фойдали қазилма конлари бор. Иқлими кескин континентал, катта қисмида субтропик, шим.да мўътадил иқлим. Ёз иссиқ, булуциз, қиш совуқроқ, тез-тез туман бўлиб туради. Июлнинг ўртача температураси 20—22°, январники — 0—2°. Йиллик ўртача ёғин 200 мм, айрим сойликларда 100 мм, тоғларнинг ғарбий ён бағрида 500 мм. Энг катта дарёси — Гумболдт. Йирик кўллари: Катта Шўр кўл, Пирамидалар кўли, Севир, Юта. Сув таъминотида артезиан қудуқлар муҳим рол ўйнайди. Қўнғир, бўз тупроқлар, шўрхок ва шўртоблар, тоғ-қўнғир тупроқлари кўпроқ. Ҳудудининг катта қисми чала чўл. Бошоқлилар, кактус, агава ўсади. Серёғин тоғ ён бағирлари қарағай-арча ўрмонлари билан қопланган. Ҳайвонлардан судралиб юрувчилар кўпроқ. Сув бор жойларда деҳқончилик қилинади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил