Kelurnoma
„ Келурнома“- 17-асрда ёзилган туркий-форсий луғат. Луғат муаллифи Муҳаммад Ёқуб Чингийдир. Муҳаммад Ёқуб Чингий Ҳиндистонда юртга эгалик қилган бобурий хонлардан охиргиси Абу Музаффар Муҳиддин Аврангзеб ўрдасида хизматда бўлган эди. У ўзининг „ Келурнома “ асарини хоннинг буйруғи билан ёзган. Фанда „ Келурнома “ нинг иккита қўлёзмаси маълум: бири Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида 5052-рақам остида, иккинчиси эса Британия музейида сақланади. Китоб ўн беш бобдан тузилган; ҳар қайси боб ўз ичида фаслларга бўлинади. Шундан ўн тўрт боби феълларга бағишланган. Уларда 400 дан ортиқ туркий феъл шакллари берилган. Феъллар масдар шаклида (-мақ афикси билан), шунингдек, ўтган, ҳозирги-келаси ҳамда келаси замонда, бўлишли ва бўлишсиз кўринишларида берилиб, ҳар қайсиси форсчага таржима қилинган: уйқуламақ-хāбидан, уйқуладï-хāбид, уйқулаптур-хāбида аст, уйқулаюр-хāҳад хāбид, уйқулабди-хāбида буд, уйқулайдур-михāбад, уйқуламади-нахāбид, уйқуламаптур-нахāбида аст, уйқуламас-нахäҳад хāбид, уйқуламабди-нахāбида буд, уйқуламайдур-намихāбад, уйқула-бахāб, уйқулама-махāб, уйқулар-биз-михāбим мā,уйқуламас-биз-намихāбим мā сингари. Боблар алифбо сирасидаги ҳарфлар билан бошланувчи феълларга аталаган; биринчи боб-алиф ҳарфи билан бошланувчилар, иккинчи боб-бā, учинчи боб-тā шу кетма-кетликда ўн тўртинчи боб йā билан бошланувчи сўзларга бўлинади. Ҳар қайси боб ўз ичида фаслларга ажралади. Масалан, учинчи-тā ҳарфлилар бобининг биринчи фасли танïмақ, иккинчи фасли танмақ, учинчи фасли тонамақ, тўртинчи фасли тïнмақ феълининг ўтган, ҳозирги-келаси ҳамда келаси замонда, бўлишли ва бўлишсиз шакллари қуйидагича: танïмақ, танïдï, танïптур, таïр, танï, танïма, янïр-биз, танïмас-биз. Луғатнинг сўнгги-ўн бешинчи боби исмларга аталган бўлиб, улар маъносига кўра гуруҳлаштириб чиқилган. Бу боб тўққиз фаслдан ибоат. Масалан, биринчи фасл-кўк ва унга оид нарсалар, иккинчиси-ер ва унда жойлашганнарсалар, шундай кртма-кетликда охирги фасл олмош, ёрдамчи сўз ва қўшимчалар ҳақида. [1] [2]
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (Апрел 2024) |