Кенагас — ўзбек халқи таркибига кирган қабилалардан бири.

Ҳозирги Хоразм, Бухоро вилояти, Фарғона водийси, Қорақалпоғистон ва Шимолий Афғонистонда яшаган, таркибида бир қанча кичик қабила ва уруғлар бўлган. Булардан энг йириклари очамайли, кирей, абак кирей, овоқли, тароқли, чуют, қайри соли. Масалан, Қорақалпоғистондаги кенагаслар (10 минг киши, 1924) таркибида аранши, оқтугин (ақтоғин), омир (умар), тароқли, дубал (добал), оймаут (уймоут), домбазак (думбазак), нокис (нукус) каби 8 уруғ бўлган. Бу уруғлар ўз навбатида 21 терадан (уруғ шохобчасидан) ташкил топган. 1912—1913 йилларда Янгибозор ва Кегайли волостида 8601 нафар кенагаслар яшаганлиги қайд этилган. 1926-йилда ўтказилган аҳоли рўйхатига кўра, эса Шаҳрисабз, Китоб ва уларга яқин қишлоқларда 35040, Бухоро воҳасида 2725, Кармана ва унинг атрофида 2775 нафар кенагаслар истиқомат қилган. Фарғона водийсида, асосан, Қўқон теварагидаги қишлоқларда яшаган. Қўқон хонлиги ҳукмдори Абдураҳимбий Кенагаслардан бўлган Шаҳрисабз ҳокими Ҳаким Бухорийнинг қизи Ойчучукка уйланган бўлиб, Фарғона водийсида у „Кенагас ойим“ исми билан машҳур эди.

Абдуллахон ИИ даврида кенагасларлар юқори мансабларни эғаллашган. Кенагас етакчилари хоннинг ўнг томонидаги аъёнлар қаторида, раисдан кейинги ўринда бўлган. Аштархонийлардан Абдулазизхон даврида эса Соқий Хожа кенагас Ишкашим ҳокими этиб тайинланган. „Тарихи Абулхайрхоний“ асаридаги маълумотларга кўра, Ўзбек улусида кенагаслар қўшиннинг чап қаноти — жуванғарага жанг қилган. Абдураҳмон Толеънинг „Тарихи Абулфайзхон“ асарида айтилишича, Абулфайзхон Бухоро тахтига ўтиргач (1711), айш-у ишратга берилиб, давлат ишларини ўзи бўларга ташлаб қўяди. Натижада мамлакатда қабилалараро бебошлик, адоват кучайиб, бир қанча қабилалар қатори кенагаслар ҳам тинч аҳолини талаш, уларга нисбатан турлича ёвузликлар қилишда қатнашади. Масалан, 1719-йил баҳорида Исмоил мирохўр бошчилигидаги 2 минг кишилик кенагаслар қўшини Бухоро вилоятидаги Баҳоуддин қишлоғига бостириб кириб, у ерда „гули сурх“ („қизил гул“, яъни лола) байрамига тўпланган кўп минглик тинч аҳолини талаб, ўта беаёв жабр-зулм қилган. Шу боис Абулфайзхондан кейинги хонлар даврида кенагасларнинг кўпчилиги азалий турар жойларидан бадарға қилиниб, Бухоронинг турли туманларига тарқатиб юборилган. Бухоро хонлиги ҳукмдори Муҳаммад Раҳимхон даврида давлат мансабларига 32 йирик қабила (жумладан, кенагаслар) вакилларидан қўйилган. Чунончи, Худоёр кенагас Бухоро додхоҳи этиб тайинланган.

Кенагасларнинг асосий машғулоти чорвачилик ва деҳқончилик бўлган. Улар ХХ аср бошларида ўзбеклар таркибига бутунлай сингиб кетган.

Манбалар

Адабиётлар

  • Шониёзов К., Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни, Т., 2001;
  • Кармишева Б. Х., Очерки этнической истории южних раёнов Таджикистана и Ўзбекистона, М., 1976.[1]
  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил