Киддушин – яҳудийликдаги оила қуриш маросимининг илк босиқичи. Талмуд даврида шаклланган анъана бўлиб, ҳозирга қадар сақланиб қолган. Умуман олганда мавжуд қоидага кўра, никоҳ маросими икки босқичда киддушин ҳамда ниссуин амалга оширилади. Талмуд қоидаларига асосан Киддушин уч йўл орқали амалга оширилади: кесеф (пул), штар (шартнома) ва биа (бир уйда яшаш). Кесефга кўра, эр икки гувоҳ шоҳидлигида уйланмоқчи бўлган аёлига пул ёки унинг эквиваленти (бугунги кунда бу оддий, текис узук) ни такдим этади. Пул ёки узукни бериш орқали эр киши ушбу аёлни никоҳига олмоқликни, аёл бу нарсаларни қабул қилиш билан шу кишига турмушга чиқишлигини билдиради. Иккинчи штар (шартнома)га кўра, эр киши икки гувоҳ ҳозирлигида аёл кишига икки тарафнинг исмлари ҳамда „Ушбу шартнома орқали Мусо ва Исроил амрига мувофиқ сен менга бағишланасан“ каби маълумотлар келтирлган ҳужжатни тақдим этади. Аёл киши ҳужжатни қабул қилиши орқали, розилигини изҳор қилади. Учинчи ҳолатда эса, эркак икки гувоҳ шоҳидлигида аёлга: „Сен мен билан бир уйда яшаш орқали Мусо ва Исроил амрига мувофиқ бағишланасан“ иборасини айтиб, алоҳида уйга олиб чиқиб кетади. Ҳуқуқий нуқтаи назардан ушбу киддушин тури қонуний ҳисоблансада, бироқ, яҳудий дини уламолари бундан қайтарадилар, ҳаттоки, жазо ҳам белгиланиши мумкин. Бугунги кунда, фақатгина, биринчи кесеф тури амалда эканини қайд этиш лозим[1].

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1. 

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 251.