Kiklad orollari
Киклад ороллари - Эгей денгизининг жанубий қисмидаги архипелаг. 211 та оролдан иборат. Энг йириклари: Наксос, Андрос, Тинос, Парос, Милос. Греция таркибида. Умумий майдони 2,6 минг км2. Релефи тоғли, энг баланд жойи 1008 м (Наксос о.да). Ороллар материк келиб чиқишига эга. Асосан, кристалл жинслар ва оҳактошлардан тузилган. Тез-тез зилзила бўлиб туради, ҳаракатдаги вулканлар бор. Иқлими субтропик ўрта денгиз иқлими, қиши илиқ ва сернам, ёзи қуруқ ва иссиқ. Йиллик ёғин 500 мм. Тоғ ён бағирлари буталар билан қопланган. Водийларда токзорлар, ситрус ўсимликлар плантациялари ва зайтунзорлар бор. Буғдой ва маккажўхори экилади. Чорвачилик ривожланган, балиқ овланади. Темир рудаси, боксит, мармар, Наксос о.да йирик қайроққум конлари бор.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |